Илғор технологиялар ва иқтисодий юксалиш
  • 24 Сентябрь 2014

Илғор технологиялар ва иқтисодий юксалиш

Пойтахтимиздаги “Zenith Еlectronics” корхонаси LED русумидаги телевизорларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ушбу йирик лойиҳа Маҳаллийлаштириш дастури доирасида “Zenith Еlectronics” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics Co.,LTD” компанияси ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширилди.

Кеча “Zenith Еlectronics” корхонасида шу муносабат билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси раиси ўринбосари Ж. Исмоилов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида саноатни ривожлантириш, унинг юқори технологияли тармоқларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Айниқса, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилиб, чет эллик инвесторларга кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли рўёбга чиқариш имконини бераяпти. Натижада ҳар йили кўплаб турдаги янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилиб, ички бозор юқори сифатли ва арзон товарлар билан тўлдирилмоқда.
Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида электр духовка, газ ва электр плиталари, кондиционер, маиший электр асбоблари сингари ўнлаб турдаги маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди. Шунинг ҳисобидан ички бозорга умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик янги маҳсулотлар етказиб берилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 504,7 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
“Zenith Еlectronics”да янги авлод телевизорларининг ишлаб чиқарилаётгани эса электроника саноатимиздаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
— “Samsung Electronics Co.,LTD” компанияси билан ҳамкорликда жуда қисқа вақт ичида янги технологияни ишга тушириб, юқори сифатли LED телевизорлари ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдик, — дейди “Zenith Еlectronics” корхонаси бош директори Фарид Абдршин. — Бу корхонамиз фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни жорий қилиш борасидаги навбатдаги муҳим қадамдир. Қувонарлиси, ҳозирнинг ўзида маҳаллийлаштириш кўлами 35 фоизга етказилди. Яқин йиллар ичида уни 50 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.
Маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Zenith Еlectronics” корхонасига асос солинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ — эндигина 10 йил тўлди. Лекин шу давр ичида у ўзининг сифатли маҳсулотлари билан ички бозорда мустаҳкам ўрнини топа олди. Бунга Маҳаллийлаштириш дастури доирасида тайёрланаётган кир ювиш машиналари ва кондиционерларга бўлган талаб тобора ортиб бораётгани ёрқин далил бўла олади. Халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган янги маҳсулот — LED телевизорлари эса жамият жамоасининг юртдошларимизга навбатдаги туҳфасидир.
Ушбу йирик лойиҳа рўёби учун 2,9 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг эвазига хорижнинг энг замонавий ускуналари келтирилиб ўрнатилди. Ва жуда қисқа фурсат ичида дастлабки маҳсулот —
32 дюмли замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилди.
Йиғув цехи бошлиғи Равшан Қаюмовнинг айтишича, айни пайтда телевизорнинг асосий платаси, олд ва орқа панеллари, фиксатор, шнур, таглик каби қисмлари шу ерда тайёрланмоқда. Келгусида қолган қисмларни ҳам ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, моделларни кўпайтириш, маҳсулот ҳажмини муттасил ошириб бориш мўлжалланмоқда. Айтайлик, 2015 йилда харидорларга 10 мингта телевизор етказиб берилса, 2017 йилга бориб, бу кўрсаткич 75 мингтани ташкил қилади.
— Бу “Zenith Еlectronics” корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширган дастлабки лойиҳамиз эмас, — дейди “Samsung Electronics Co.,LTD” компаниясининг Марказий Осиё ва Қозоғистон бўйича директори Сеёнг Сик Чой. — Бундан уч йил муқаддам биргаликда кир ювиш машиналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик. Янги лойиҳа ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаб, юқори босқичга олиб чиқди. Ўйлаймизки, бу  лойиҳамиз ҳам аввалгисидек муваффақиятли бўлади. Чунки ўтган давр мобайнида юртингизда саноатни ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида қаралаётганига, чет эллик инвесторлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганига ўз фаолиятимиз мисолида тўлиқ ишонч ҳосил қилдик.     
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Samsung Electronics Co.,LTD” компанияси телекоммуникация ва рақамли жиҳозлар ишлаб чиқариш жабҳасида жаҳонда етакчи ҳисобланади. Унинг 80 дан ортиқ мамлакатда 220 га яқин офислари бўлиб, йиллик савдо ҳажми 216,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Шу рақамнинг ўзиёқ компаниянинг нуфузи нечоғли юқори, маҳсулотларига бўлган талаб қанчалик катталигини кўрсатиб турибди.
Мутахассислар LED телевизорларини ишлаб чиқариш жараёнида нафақат унинг сифати, балки ташқи кўринишига ҳам жиддий эътибор қаратдилар. Натижада унинг нозик дидли харидорлар талабига жавоб берадиган бежирим дизайни яратилди. Ҳар томонлама қулай, юқори сифатли бу телевизорлар жадал ривожланаётган Ўзбекистон саноатининг яна бир ёрқин намунаси сифатида тез орада бозорлардан мустаҳкам жой эгаллаши, шубҳасиздир.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.






Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn