Буюк келажакнинг мустаҳкам пойдевори
  • 23 Сентябрь 2014

Буюк келажакнинг мустаҳкам пойдевори

Озод ва обод Ватанимиз жаҳонда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган ҳаётбахш ривожланиш йўлидан буюк келажак сари дадил бормоқда. Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда эришилаётган ютуқ ва марраларнинг асоси, аввало, биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканлигидир.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида тадрижий равишда, яъни босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида бўлгани каби миллий иқтисодиёт ҳудудий таркибини мақбуллаштириш, минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланишини мувофиқлаштириш бўйича ҳам кўплаб муваффақиятлар қўлга киритилди.
Хаёлан 20-25 йил ортга қайтиб, мустақиллик остонасида турган пайтга бир назар ташласак, истеъмол товарларининг тақчиллиги, нарх-навонинг мисли кўрилмаган даражада ўсиши, ишлаб чиқариш суръатларининг кескин пасайиши каби нохуш ҳолатлар авж олгани, охир-оқибатда минтақаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича кескин тафовутлар вужудга келгани кўз ўнгимиздан ўта бошлайди. Негаки, ўша ўта қалтис шароитда Ўзбекистон аҳоли реал даромадлари, уй-жой, ижтимоий-маданий муассасалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур истеъмол товарлари, маиший хизмат билан таъминланиш даражаси ҳамда иш ҳақи кўрсаткичлари бўйича собиқ Иттифоқда охирги ўринларда турарди. Демографик ҳолат, яъни аҳоли сонининг мунтазам ўсиши мавжуд муаммоларнинг янада чуқурлашувига сабаб бўлди. Агар 1979 — 1991 йилларда собиқ Иттифоқ бўйича аҳолининг ўсиш суръатлари 10,5 фоизни ташкил этган бўлса, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 34,7 фоиз эди. Бу аҳоли ёш таркибига ҳам таъсирини кўрсатмай қолмади: нуфуснинг 40 фоиздан кўпроғи 14 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ҳиссасига тўғри келиб, бозор муносабатларига ўтиш даврида ижтимоий муҳофаза қилиш заруратини янада кучайтирди.
Республика ҳукумати томонидан собиқ Иттифоқдан мерос бўлиб қолган шу каби муаммоларни ҳал этиш учун иқтисодий ва сиёсий мустақилликни мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирлар минтақавий сиёсат билан муштарак ҳолда олиб борилди.
Гап шундаки, маҳаллий бошқарувнинг янги тизими шакллантирилиб, ижроия ва вакиллик органларини ўзида мужассамлаштирган, чуқур тарихий илдизларга эга ҳамда миллий анъаналарга мос бўлган ҳокимлик институти жорий қилинди.
Вилоят, туман ва шаҳарларнинг ҳокимларига ижтимоий ҳаётнинг турли йўналишларидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ўз ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан катта ваколатлар берилди. Бу, ўз навбатида, одамларнинг ҳаёт даражаси йил сайин юксалишида муҳим омиллардан бири бўлди.
Шу ўринда айтиш жоизки, собиқ Иттифоқ даврида муҳим аҳамиятга эга саноат корхоналари, асосан, йирик шаҳарларда жойлаштирилиши ўрта ва кичик шаҳарларнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатган эди. Истиқлолимиз ҳар бир йилида  кўплаб янги корхоналар барпо этилиб, уларда ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Эътиборлиси, бундай корхоналарнинг аксарияти ўрта ва кичик шаҳарларда ишга туширилаётир. Қоровулбозордаги нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси (ўузор шаҳри)ни шулар сирасига киритиш мумкин.
Ҳудудлар бўйлаб йирик корхоналарни жойлаштиришда табиий хом ашё билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий омиллар ҳам ҳисобга олинмоқда. Аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, айтайлик, Асака ва Питнак шаҳарларида автомобилсозлик заводлари, кўплаб ўрта ва кичик шаҳарларда йирик тўқимачилик корхоналари барпо этилди.
Ҳудудлар тараққиётида шарт-шароитларни тенглаштириш мақсадида минтақалар транспорт тизимига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Амударёда 2 та йирик кўприк қурилиши туфайли Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги автомобиль йўллари масофаси сезиларли даражада қисқарди. “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўл линиясининг очилиши Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида янги конларни ўзлаштириш бўйича катта имкониятлар эшигини очди. Ҳозирги пайтда Қамчиқ довонида бунёд этилаётган янги темир йўл линияси ҳам Фарғона водийсида минтақалараро ва халқаро алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш миллий иқтисодиётнинг ҳудудий мувофиқлигини таъминлашда минтақавий сиёсат дастакларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари самарали фаолият юритмоқда. Уларда тадбиркорлар ва сармоядорлар учун божхона ҳамда солиқ имтиёзлари кўзда тутилган бўлиб, ташқи иқтисодий фаолиятнинг алоҳида тартиби жорий этилган.
Қувонарли жиҳати, минтақавий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишда асосий эътибор қишлоқларга қаратилди. Зеро, айнан қишлоқ ҳудудлари иқтисодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичида ижтимоий-демографик муаммолар ўчоғига айланган эди-да. Ҳудудий ривожланиш бўйича давлат дастурларининг изчил амалга оширилиши қишлоқ аҳолисини табиий газ, ичимлик суви, сифатли маиший ва тиббий хизматлар билан таъминлашни яхшилаш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, юртдошларимизни ижтимоий хизматлар билан қамраб олишдаги ҳудудий тафовутлар кескин қисқаришига сабаб бўлди.
Эътибор қилинг, истиқлол йилларида 40 минг километрлик ичимлик суви ва 70 минг километрдан ортиқ газ қувурлари тортилди. Бу 1991 йилдаги кўрсаткичга нисбатан мос равишда 2 ва 4 баробар кўпдир. Ислоҳотлар даврида ҳар йили ишга туширилган ана шу тармоқларнинг 80-90 фоизи қишлоқ жойлар ҳиссасига тўғри келаётгани туфайли у ердаги аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 55 фоиздан 77 фоизга, табиий газ бўйича эса 19,3 фоиздан 78 фоизга ошди.
Қишлоқларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг жадал ривожланиши туфайли уларда саноат корхоналари сони ҳам кўпаймоқда. Пировардида қишлоқлар иқтисодиётида саноат салмоғи муттасил ўсиб бораяпти. Агар ислоҳотларнинг дастлабки босқичида республика ялпи саноат маҳсулотининг 10 фоизга яқини чекка туманлар ҳиссасига тўғри келган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 28 фоиздан ошди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалиб бориши билан аҳоли ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган давлат сиёсати ҳам босқичма-босқич такомиллаштирилаётир. Негаки, истиқлолнинг дастлабки йилларида савдо шохобчаларини хусусийлаштириш орқали уларни зарур истеъмол моллари билан тўлдириш, ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжларини қондириш вазифалари устувор қилиб белгиланган бўлса, кейинги босқичларда аҳоли саломатлигини яхшилаш (тиббиёт муассасалари)га, ёшларнинг билим олиши (ўрта умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари) ҳамда маънавий юксалиши (болалар спорти объектлари, мусиқа ва санъат мактаблари)га хизмат қиладиган соҳаларни тараққий эттириш, тураржой пунктлари меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш каби ишларга  устуворлик берилди.
Моддий фаровонлик даражасининг юксалиб бориши, даромаднинг ўсиши одамларнинг дам олиши, мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам вақт ажратишга имконият яратади. Шу маънода, фаровон ҳаёт кечираётган юртимиз аҳолиси учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бунинг яққол далилидир. Ушбу ҳужжатда республикамиздаги маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг сонини 225 тага етказиш, шу жумладан, 77 та янги истироҳат боғи ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган хайрли ишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритилаётган улкан ютуқларга гувоҳ бўлар эканмиз, қалбимиз фахр-ифтихор ҳиссига тўлади. Зеро, ёш ва мустақил Ўзбекистонимиз тарихан жуда қисқа давр ичида иқтисодиёти барқарор ривожланаётган давлатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллаб, халқаро ҳамжамият ичида тобора юқори обрў-эътиборга сазовор бўлмоқда.
Буларнинг барчаси Истиқлол шарофати, Мустақилликнинг буюк инъомидир.

Сайидфозил ЗОКИРОВ,
иқтисод фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn