Истиқболли лойиҳалар самараси
Версия для печати
  • 20 Сентябрь 2014

Истиқболли лойиҳалар самараси

Иқтисодий ночор ҳамда паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш саноатни изчил ва босқичма-босқич ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишда кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир.

Пировардида жойларда йирик саноат тузилмалари фаолияти қайта тикланиб, улар негизида импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда.
Хусусан, Жиззах пластмасса заводи мустабид даврда “режали иқтисодиёт”нинг маҳсули сифатида вужудга келган эди. Зеро, қарийб 19 гектар майдонни эгаллаган мазкур йирик мажмуа Жиззах воҳаси учун гигант корхона ҳисобланиб, уни кўзда тутилгани каби режа асосида ривожлантириш жуда мушкул жараён саналарди. Қолаверса, ишлаб чиқаришни бир маромда ташкил этиш учун хом ашё собиқ иттифоқнинг турли бурчакларидан ташиб келтирилар, бундан кўзланган мақсад эса Ўзбекистон ва бошқа республикаларнинг ўз саноатини тўлақонли ривожлантиришига имкон бермасликдан иборат эди. Шу боис ҳам истиқлол йилларида бу каби йирик корхоналар қувватларини қайта тиклаш осон кечгани йўқ.
Мана, бугун “Жиззахпластмасса” акциядорлик жамиятида бу борада залворли қадамлар ташланмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
6 июнда қабул қилинган “Республиканинг кимё саноати ва ёқилғи-энергетика комплексининг зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарини молиявий-иқтисодий соғломлаштириш бўйича дастурлар — “йўл хариталари”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Ана шу асосда акциядорлик жамиятида ишлаб чиқаришни диверсификациялашни чуқурлаштириш, мавжуд қувватлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, эскирган ускуналарни янгилаш, маҳсулотлар таннархини пасайтириш ва рақобатдошлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олингани диққатга сазовордир.
— Чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ҳам ўзимизнинг, ҳам ҳамкорларимизнинг имкониятларини ҳисобга олдик, — дейди корхона бош механиги Олтибой Ҳамроқулов. — Шу боис ҳозирданоқ дастлабки натижалар кўзга ташланаяпти. Жумладан, жамият ҳудудида “Жиззах авантаж плюс” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасига асос солинди. У майдаланган оҳактош ва бошқа тош чиқитлари ҳамда қисман цемент аралашмасидан юқори босимда прессланган ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Эътиборлиси, бу жараёнда табиий газдан умуман фойдаланилмайди. Ҳозирги кунгача бундай ғиштлардан 60 минг донасини намуна сифатида тайёрладик. Корхона тўлиқ қувватга ўтгач, йилига 10 миллион дона ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 40 кишининг бандлигини таъминлаш имконияти юзага келади. Ўз навбатида, қаттиқ қурилиш чиқиндиларидан хом ашё сифатида фойдаланилиши эвазига атроф-муҳит озодалигига эришилади.
Дарвоқе, бундан бир неча кун аввал “Жиззахпластмасса”да яна бир йирик лойиҳани амалга оширишга киришилди. Унга мувофиқ, корхонада полиэтилен қувурларни бир-бирига бирлаштиришда қўлланиладиган деталлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бинобарин, келгуси йилнинг биринчи ярмида эни 3000 мм. бўлган полиэтилен плёнкалар, сув ва оқова сув тармоқлари учун 18 ўлчамдаги полиэтилен қувурлар тайёрлаш жараёни ҳам бошланади.
Айни пайтда корхонада 20 дан ортиқ турдаги товарлар ишлаб чиқарилаяпти. Яқинда улар қаторига яна бир маҳсулот қўшилди. Яъни “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида бу ерда полипропилен ипларни ўраш учун ғалтаклар тайёрлаш ўзлаштирилди. Шунингдек, корхона жамоаси мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бунинг учун тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ қилишга ҳам муносиб улуш қўшмоқда. Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда экинзорларни суғоришга мўлжалланган 110 тоннадан ортиқ кўчма эгилувчан қувурлар ишлаб чиқарилгани фикримизга яққол мисол бўла олади.
Умуман, “Жиззахпластмасса”да жорий йилнинг ўтган даврида 9,2 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, дебитор ва кредитор қарзларнинг ҳар бири 607,2 миллион сўмдан камайтирилди, товарлар таннархи эса 7,1 фоиз пасайиб, соф фойдага эришилди. Бу молиявий соғломлаштириш борасидаги чора-тадбирлар ўзининг дастлабки самарасини бераётганидан далолатдир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn