Оила даромади — фаровон турмуш асоси
  • 20 Сентябрь 2014

Оила даромади — фаровон турмуш асоси

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек, “Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 3,7 мартага ўсгани, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошганининг далили бўлмиш одамларимизнинг жон бошига оладиган даромадлари 8,7 баробар кўпайгани юртимизнинг қисқа даврда кечаги, ўзини боқишга қурби етмаган республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айланганининг яққол тасдиғидир”.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида Ўзбекистонимиз иқтисодиётида қўлга киритилган барқарор ўсиш суръатлари халқаро миқёсда юксак эътироф этилиб, унинг асоси бўлган ривожланишнинг “ўзбек модели” ҳар томонлама чуқур ўрганилаяпти. Зотан, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, олий қадрият ҳисобланган инсон ва унинг манфаатларига қаратилганки, бунинг самараси аҳолининг турмуш даражаси ҳамда сифати тобора юксалиб, юртимиз қиёфаси ўзгача  чирой очиб бораётганида ёрқин намоён бўлмоқда.    
Одамларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт тарзи уларнинг оилавий шароитларида акс этади. Шу жиҳатдан олганда, бугун юртдошларимизнинг кундалик эҳтиёж учун муҳим бўлган нарсалар — тураржой ва уй-рўзғор буюмларига талаби ортса ортаяптики, асло камаймаяпти. Хонадонларни музлаткич, кондиционер, шахсий компьютер, телевизор, мобиль телефони каби замонавий маиший техника воситалари билан таъминлаш даражаси муттасил ошиб бораётганининг боиси ана шунда. Айниқса, сўнгги йилларда аҳолининг ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси ўсгани эътиборлидир. Агар 2000 йилда ҳар
100 та оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етди.
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиздаги оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бу кўрсаткичларнинг барчаси оилалар даромадлари қанчалик ошиб бораётгани ва ундан нечоғли самарали фойдаланаётганидан далолатдир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, оила даромади унинг аъзолари меҳнатининг маҳсули бўлиб, ҳар хил кўринишдаги тушумлардан ташкил топган оила бюджетидир. У ҳам даромадлар — тушум ҳамда харажатлар — чиқимдан иборат бўлади. Оила даромади қанчалик ошиб борар экан, турмуш даражаси сифати, аъзоларнинг, жумладан, болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ва етуклиги шаклланаверади. Шу боис ҳам, юртимизда масаланинг мазкур жиҳатига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли даромадларини давлат томонидан тартибга солиш, унинг миқдорини янада ошириш чора-тадбирлари кўрилаётгани қувонарли ҳолдир.
Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталар экан, биринчи галда, биз учун энг ўткир бўлиб турган аҳоли бандлиги ва унинг даромадларини ошириш муаммоларини ҳал этиш лозим, деб алоҳида таъкидладилар.
Оилалар даромадларининг асосий қисми ойлик маош ҳисобига шаклланади. Мустақиллик йилларида аҳолининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялари миқдори мунтазам оширилаётгани оилалар бюджетини тобора мустаҳкамлаш имконини бераяпти. Узоққа бормайлик, 2013 йилда халқимизнинг реал даромадлари 16 фоиз ошиб, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар аввалги йилдагига нисбатан 20,8 фоиз кўпайди. Бошқача айтганда, ҳозирги кунда Ўзбекистонда пенсияларнинг ўртача миқдори ўртача иш ҳақига нисбатан 37,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу анча юқори натижа ҳисобланади. Таққослаш учун айтиш жоизки, ушбу кўрсаткич Россияда 25,7 фоиздан, Марказий Осиё мамлакатларида эса 23 — 28 фоиздан иборат. Жорий 2014 йилда мамлакатимизда бу рақамни 41 фоизга етказиш кўзда тутилгани, айниқса, диққатга сазовор.
Ўзбек халқи — табиатан тиниб-тинчимас, ишбилармон халқ. Оила аъзоларининг аксарияти асосий иш фаолиятидан ташқари, қўшимча юмуш билан шуғулланади. Бу борада оилавий тадбиркорлик қонун билан кафолатланиб, ҳунармандчилик билан машғул кишиларга солиқ имтиёзлари берилаётгани аҳоли турмуш фаровонлиги ошишида рағбатлантирувчи омил бўлаётир. Бунинг исботини сўнгги йилларда оилалар даромадлари таркиби ўзгариб, тадбиркорликдан олинаётган даромадлар аҳоли ялпи даромадларининг ярмидан зиёдини ташкил этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳолбуки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида бу кўрсаткич ўртача 20-25 фоиздан ошмайди.
Шу ўринда томорқалардан олинаётган даромад ҳам оила бюджетининг салмоқли қисмини ташкил қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Чунки кўплаб хонадонларда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш билан чегараланиб қолмасдан, балки етиштирилган маҳсулотларнинг ортиқча қисмини сотиш асосида қўшимча даромад олишга эришилмоқда.
Бироқ турмуш фаровонлигига фақатгина даромадни кўпайтириш орқалигина эришиб бўлмайди. Аксинча, бунда сармоядан самарали фойдаланиш ниҳоятда муҳим. Табиийки, бу бевосита хонадон эгасининг оилани тўғри бошқариши, оила бюджетини оқилона тақсимлаши, шунингдек, оила аъзоларининг тежамкорлигига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, оила даромадининг сарфланишини беш гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчиси — энг зарурий ва инкор қилиб бўлмайдиган кундалик истеъмол эҳтиёжи, яъни озиқ-овқат, транспорт харажатлари  ва коммунал тўловлар; иккинчиси — узоқ муддатга мўлжалланган уй-рўзғор ва моддий маҳсулотлар хариди; учинчиси — оила аъзоларининг яшаш ва меҳнат қилиш фаолиятини тиклаши ҳамда соғлиғини яхшилаш учун сарф-харажатлар; тўртинчиси — оиладаги фарзандларга қилинадиган харажатлар; бешинчиси — оила жамғармасини ташкил этиш. Агар рўзғор соҳиби ушбу харажат турлари бўйича мақбул вариантни амалиётда қўлласа, оила даромадлари самарадорлиги юқори бўлади. Шу орқали фарзандларини янада соғлом, илмли, заковатли қилиб тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Маълумки, узоқ тарихга эга халқимиз азалий анъаналар, урф-одат ва қадриятларга эга. Миллий менталитет, ҳар бир ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб шаклланган  ҳаёт тамойиллари оила даромади ва унинг самарадорлигида муҳим роль ўйнайди, албатта. Сабаби, миллий урф-одат, тўй-ҳашам ва бошқа тадбирлар харажатлари оила даромадлари ҳисобидан бўлади. Аммо айрим юртдошларимизнинг тўй ва тантаналарни “кимўзар” қабилида жуда дабдабали ва серчиқим қилиб ўтказаётгани ачинарли ҳолдир. “Бор тоғора, кел тоғора” йўсинида иш тутиб, қудалар томонидан бир неча ўнлаб тоғораларда маҳсулотлар бир-бирларига юборилиши, сарпо сифатида куёвнинг қариндошларига келин томонидан, келиннинг қариндошларига куёв томонидан керагидан ортиқча буюмлар юборилиши оилалар иқтисодий аҳволини танг қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. 1998 йил 28 октябрда Президентимиз томонидан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солишга қаратилган Фармон қабул қилингач, шукрки, бундай номақбул хатти-ҳаракатларга чек қўйилиб, тўй ва бошқа тадбирлар ихчам ўтказила бошланди. Пировардида оилалар даромадларини оширишга мустаҳкам пойдевор қўйилди.
Учинчи мингйиллик остонасида, яъни 2000 йили бутун дунё миқёсида “Инсон тараққиёти” концепцияси қабул қилинганидан хабардорсиз. У мазмун-моҳиятига кўра, ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш ҳолати, аҳолисининг демографик аҳволи ва таркиби, халқнинг турмуш даражасини ифода этиб, уларнинг динамик ҳолатидаги ўзгаришлари қиёсий таҳлил учун ахборот манбаи ҳисобланади. Шу мезон билан ўлчанганда, юртимизда ўтган давр ичида соғлиқни сақлаш йўналишида бир қанча ижобий натижаларга эришилди. 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,7 баравардан зиёд камайгани, истиқлол йилларида одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса
75 ёшгача узайгани бунинг яққол далилидир.
Шу билан бирга, инсон тараққиёти кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон халқининг оилавий ва умумий даромадлари, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари муттасил ўсиб бораётгани алоҳида эътиборга молик. Зеро, Ўзбекистонимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир оиланинг даромади йилдан-йилга ошиб, ҳаёт даражаси тобора юксалмоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, Президентимизнинг “Ҳар қайси оиладаги фаровонлик юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган муносабатлари, пировард натижада бутун жамиятимизнинг барқарорлиги, аввало, одамларимизнинг қандай иш билан таъминланганлиги, ўз меҳнатига яраша муносиб маош олишларига боғлиқдир”, деган сўзларининг амалий тасдиғидир, аслида.

Носир МАҲМУДОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
иқтисод фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn