Ўзаро алоқалар ривожланмоқда
  • 17 Сентябрь 2014

Ўзаро алоқалар ривожланмоқда

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Корея Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги президенти Дае Пё Жунг раҳбарлигидаги делегация аъзолари иштирокида амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Кеча ушбу ташриф доирасидаги навбатдаги тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида  ўтказилди. Давлат рақобат қўмитаси, унинг таркибий тузилма ташкилотлари, ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, манфаатдор вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда икки томонлама имзоланиши мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, ривожланган давлатлар қаторида, юртимизда ҳам истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида миллий қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1996 йилда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бунга яққол мисол бўла олади.  Қўмита томонидан кенг жамоатчилик ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, шу жумладан, соҳадаги янгиликларга бағишланган семинарлар, брифинглар, давра суҳбатлари тизимли равишда уюштирилаётгани, ташқи  реклама воситаларидан кенг фойдаланилаётгани  туфайли аҳолининг истеъмолчилик маданияти тобора юксалиб бораётгани диққатга сазовордир.
Хусусан, жорий йилнинг олти ойида қўмита ва унинг ҳудудий органларига аҳоли томонидан жами 2021 ариза ва шикоят келиб тушган бўлса, уларнинг изчил ўрганилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 554,5 миллион сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. 366,4 миллион сўмга тенг бўлган 335 та ҳолатда эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аниқланиб, 17,7 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, ижтимоий муносабатларнинг ўзгаришига қараб мавжуд қонунчилик меъёрлари ҳам доимий янгиланиб турибди. Бу эса, ўз навбатида, халқаро ҳуқуқ иштирокчилари билан ўзаро фикр алмашиш, алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этади. Шу боис қўмита мутасаддилари кейинги йилларда мазкур йўналишдаги ишларни кенгайтиришни мақсад қилишган. 2013 йилнинг декабрь ойида Корея Республикаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида имзоланган ўзаро ҳамфикрлик Меморандуми ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
— Биламизки, бугунги кунда Ўзбекистон нуфузи халқаро миқёсда тобора ортиб бораётган, барқарор ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради, — дейди Корея Республикаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги президенти Дае Пё Жунг. —  Бундай юксалиш эса кўп жиҳатдан ушбу заминда истиқомат  қилаётган аҳоли, аниқроғи, истеъмолчиларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишларига ҳам боғлиқ. Айтиш керакки, юртингиз бу борада анча илғор. Ушбу Меморандум эса икки мамлакат истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларни биргаликда кўриб чиқиш ва ҳал этиш, маълумот алмашиш орқали соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилаяпти.
Учрашув асносида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Корея Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида имзоланган ўзаро ҳамфикрлик Меморандуми доирасидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn