Инвестициявий жозибадорлик
  • 17 Сентябрь 2014

Инвестициявий жозибадорлик

хорижий сармоядорларнинг иқтисодиётимизга қизиқишини тобора оширмоқда

Иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва тубдан янгилаш бўйича белгилаб олинган устувор вазифаларнинг ижроси бевосита жалб этилаётган инвестициялар ҳажмига боғлиқ. Бироқ сармоя ўз-ўзидан келавермайди.
У барқарор ривожланаётган, инвесторларнинг ҳуқуқлари кафолатланган, қисқача айтганда, инвестициявий жозибадорлик бўлган жойгагина йўналтирилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонимизда муҳайё қилинган бўлиб, бу истиқлол йилларида қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Дарҳақиқат, республикамизда инвестициялар оқими йил сайин кенгайиб бораяпти. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида алоҳида таъкидлаганидек, мамлакатимизни юксак суръатлар билан ривожлантириш, модернизация қилиш ва кенг кўламли ислоҳотларни жорий этиш мақсадида иқтисодиётимизда ўзлаштирилган капитал маблағлар ҳажми 180 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бунинг 60 миллиард доллардан зиёди хорижий сармоялардир.
Қувонарли жиҳати шундаки, бундай сармоялар мамлакатимизнинг марказий ҳудудларидан ташқари, олис минтақаларига ҳам йўналтирилмоқда. Чунки юртимизнинг  барча ҳудудида чет эллик сармоядорлар учун халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган қулай шарт-шароит, жозибадор инвестициявий муҳит яратилган. Шундай минтақалардан бири Фарғона вилоятидир. Шу боис қадимдан тадбиркору ҳунармандлар макони бўлган “Водий гавҳари”га хорижликларнинг қизиқиши тобора  ортиб бораяпти. 2013 — 2014 йилларда Фарғона, Қўқон ва Қувасой шаҳарларида халқаро бизнес-форумлар ташкил қилингани, уларда Бельгия, Германия, Польша, Буюк Британия, Сингапур, Хитой, Япония каби дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларидан 100 дан зиёд компания вакиллари иштирок этгани, пировардида кўплаб ўзаро манфаатли шартномалар имзолангани бунинг тасдиғидир.
2013 йилда хорижий инвестициялар иштирокида 11, шу йилнинг 8 ойида эса 16 та корхона ишга туширилди. Шубҳасиз, бунда Президентимизнинг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлаётир.
Гап шундаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, тақдим қилинаётган имтиёзлар янги-янги ҳамкорлар топиш, уларнинг сармояси иштирокида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, мавжудларини бугунги кун талабларига мос равишда техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда қўл келаяпти.
Вилоятда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, бунинг учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида ҳар йили ҳудудий ҳамда  саноат салоҳиятини ошириш дастурлари ишлаб  чиқилади. 2014 йил учун мўлжалланган шундай дастурлар доирасида январь — август ойларида жалб қилинган инвестициялар ҳажми белгиланган прогнозга нисбатан 120,7 фоизни ташкил этди. Сармоялар, асосан, тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, мева-сабзавотни  қайта ишлаш каби иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларига йўналтирилгани эътиборга моликдир. 
— Ўзбекистонимизда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, қулай инвестициявий иқлимни яратиш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилашга алоҳида устуворлик қаратилмоқда, — дейди Тошлоқ туманидаги “Палмапласт” қўшма корхонаси раҳбари Тоҳиржон Собиров. — Айниқса, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик берилиб, талаб қилинадиган лицензия ва рухсатнома бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилгани, айримлари бекор қилингани юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширди. Бу, ўз навбатида, инвестициялар оқимини кўпайтириш, чет эллик сармоядорлар билан бирга янги ишлаб чиқариш субъектларини фойдаланишга топшириш имкониятларини кенгайтираяпти.
Чиндан ҳам, қулай инвестициявий иқлим туфайли  мустақиллигимизнинг илк даврида вилоятда атиги 2 та қўшма корхона ташкил этилган бўлса, ҳозирги кунга  келиб, хорижий давлатлар ишбилармонлари иштирокидаги 123 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг саккиз ойида улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, кўрсатилган савдо ва хизматлар ҳажми 647,8 миллиард сўмликни ташкил этиб, 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 27,5 фоиз, 1991 йилдагига нисбатан эса 140 марта ўсди. Бунда вилоятдаги “Фарғона —Турон-текстиль”, Бувайда туманидаги “Лосгигантес”, Тошлоқ туманидаги “Plastik shop” каби қўшма корхоналарнинг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлди.
Шу билан бирга, вилоят бўйича жами экспортнинг 38,4 фоизи хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, бу борадаги ўсиш суръати 120,7 фоизга тенг.
Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган бундай қулай шарт-шароитлар хорижий ҳамкорларни ҳам фаолиятини Ўзбекистон билан боғлашга ундамоқда. Натижада янги-янги қувватларга асос солиниб, улар мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, ҳудудлар саноат салоҳиятини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилаётир.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn