Имтиёз ва имкониятлар самараси
  • 13 Сентябрь 2014

Имтиёз ва имкониятлар самараси

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар борасида берилаётган имтиёзлар хўжалик юритувчи субъектларнинг жадал ривожланиши, истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буни, жумладан, Наманган вилоятидаги корхоналар фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Хусусан, бундан икки йил аввал давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор хўжалик юритувчи субъектларнинг истиқболли режаларига қанот бағишлади. Чунончи, вилоятда айни йўналишда фаолият кўрсатаётган
70 дан ортиқ корхонага биргина ўтган йил давомида фойда, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, мажбурий ажратмалар ҳамда бошқа тўловлардан салкам 20 миллиард сўм миқдорида имтиёз берилди. Улар орасида Наманган шаҳридаги “Ўзчасис”, “Наманган шарбати”, Косонсой туманидаги “Баркас текс”, Поп туманидаги “Попфен”, Уйчидаги “Мега текстиль” сингари қўшма корхоналар бор. Экспорт фаолиятидаги иштироки молиявий қўллаб-қувватланган мазкур субъектларда тежалган маблағ ишлаб чиқаришни ривожлантириш, жумладан, янги техника ва технология сотиб олиш, ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилди.
Солиқ имтиёзлари билан боғлиқ имкониятлар самараси саноатнинг бошқа йўналишларида ҳам кузатилади. Мисол учун, Президентимизнинг “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослаштирилган микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга 2016 йил 1 январгача ягона солиқ тўлов ставкасини 50 фоизга камайтириш шаклида имтиёз берилган. Наманган туманидаги “Silver max Boss milk” хусусий корхонаси бундан унумли фойдаланиб, фаолиятини анча кенгайтириб олди. Солиқчилар амалдаги тартибдан келиб чиқиб, корхонанинг ўтган йил давомидаги фаолияти бўйича юзага келган 970 миллион сўмлик молиявий натижанинг ярмигагина солиқ ҳисобладилар. Кичик бизнес субъекти эса тежаб қолинган маблағни янги технология сотиб олишга йўналтирди. Мазкур тумандаги “Иқбол” масъулияти чекланган жамияти ҳам солиқ имтиёзи туфайли иқтисод қилинган маблағ эвазига технологик янгиланиш тадбирларини амалга оширди.
— Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар соҳасидаги бу сингари имтиёзлар ишбилармонлар учун чинакам рағбат бўлмоқда, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Адҳамжон Маҳмудов. — Биргина бу эмас, балки имтиёзларнинг бошқа кўринишлари ҳам уларни янада эмин-эркин ишлашга чорлаяпти. Мисол учун, кичик бизнес субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ текширувларидан ўтказишга нисбатан қўйилган муддат 2017 йилнинг 1 январига қадар узайтирилгани тизимдаги корхоналар учун  қўшимча имконият бўлди.
Дарҳақиқат, иқтисодиётимиз ривожи йўлидаги ислоҳотлар, аввало, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш орқали истеъмол бозорининг тўкинлиги, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга йўналтирилгани билан эътиборга молик. Буни, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, солиқ соҳасидаги имтиёзлар натижасида юзага келаётган имкониятлар самараси ҳам тасдиқлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Шакарсиз мураббо Салмоқли натижа »