Махсус қопламали иссиқхоналар
  • 06 Февраль 2014

Махсус қопламали иссиқхоналар

юқори ҳосил олиш имконини беради

Навоий шаҳридаги “Навоий Металлмаш” хусусий корхонасига қарашли иссиқхонада бўлсангиз, кўклам тароватини ҳис этасиз. Кўкка бўй чўзган помидор кўчатлари шохларида чўғ бўлиб порлаган ҳосил кўзни олади.
Маълумки, йилнинг тўрт фаслида ҳам эл дастурхонини тўкин қилишда иссиқхоналарнинг ўрни беқиёс. Шу жиҳат ҳисобга олиниб, 2011 йилда “Navoiy-Korea” қўшма корхонасида вилоятда биринчилардан бўлиб 1,5 гектар майдонда сабзавот маҳсулотларини гидропоник усулда етиштириш йўлга қўйилган эди. Мазкур технологиянинг афзаллиги шундаки, аввало, иссиқхоналарда электр энергияси, сув сарфи, қўл меҳнати ва минераллар тежалади, қолаверса, озиқлантириш компьютер тизими орқали бошқарилади. Корея Республикасидан келтирилган махсус пардалар эса қўшимча равишда 40-45 фоиз иссиқликни ушлаб туради.
Шу боис ҳозирги кунда биргина Навоий шаҳридаги қарийб 10 та корхонада гидропоник усулда 10,5 гектар майдонда помидор етиштирилмоқда. Иссиқхоналарда Жанубий Кореянинг “Myung Sung Placon Ltd” компанияси техника ва технологиялари самарали қўлланилаётир. 
Таъкидлаш жоизки, иссиқхона хўжаликларида гидропоник усул билан томчилатиб суғориш технологиясидан унумли фойдаланиш туфайли юқори натижага эришилмоқда. Сув таркибида мавжуд 17 хил минерал ва озуқа эса етиштирилаётган помидорларнинг тўйимлилигини ошириб, ўзгача таъм бахш этаяпти.
Айни пайтда Навоий вилоятида бир минг 750 дан ортиқ фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, иссиқхона хўжаликлари каби кўп тармоқли йўналишларда фаолият юритмоқда. Бу эса бозорларимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш, аҳоли дастурхонининг тўкин-сочинлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Кейинги уч йилда бу ерда 242 гектар майдонда 208 та иссиқхона ташкил этилиши эвазига 3,6 минг нафардан зиёд киши доимий ишга жалб этилгани, ўтган йили мавжуд иссиқхоналарда 16 минг тоннадан зиёд сабзавот маҳсулотлари етиштирилгани ана шундан далолат беради.
Ҳозирги кунда эса иссиқхоналардан помидор ва бодринг териб олинмоқда. Ушбу  неъматлар бозорларимизни янада файзли қилиш билан бирга, экспортга ҳам чиқарилаяпти.
Албатта, бу каби ўзгаришлар барчамизни бирдек қувонтиради, қалбларимизда шукроналик ҳиссини уйғотади. Зеро, юртимизда меҳнат қилган киши азиз, унинг турмуши эса фаровондир.

Cуннат ТЕШАЕВ,
Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси
бош мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn