Тошкент вилояти: ислоҳотлар, янгиланишлар, натижалар
  • 11 Сентябрь 2014

Тошкент вилояти: ислоҳотлар, янгиланишлар, натижалар

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, қалби эзгуликка лиммо-лим кишиларнинг қувончига гувоҳ бўласиз. Бинобарин, қайси соҳани олманг, фидойи, меҳнатсевар замондошларимиз азму шижоати билан гуллаб-яшнамоқда, равнақ топмоқда.

Айниқса, шу кунларда мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бўлган Тошкент вилоятининг иқтисодий ривожида тарихий янгиланиш жараёнлари кечмоқдаки, бу ислоҳотлар пировардида ободлик ва фаровонликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётир.
Кейинги йилларда ҳудудда иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, табиий шароит ва хом ашё ресурсларидан омилкорлик билан фойдаланиш борасида эътиборга лойиқ ишлар олиб борилаяпти. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 12 июлдаги “2013 — 2015 йилларда Тошкент вилоятининг саноат потенциалини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжат воҳанинг ҳақиқий салоҳиятини намоён этиши, йирик иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантиришни кўзда тутиши ҳамда кўламининг кенглиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Қаранг, яқин уч йил ичида ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8 триллион 825 миллиард сўмга етади. Бу 2012 йилдагига қиёслаганда 124,3 фоиз кўп, демакдир. Шу асосда машинасозлик, металлургия, қурилиш материаллари, электр техникалар, кимё ва нефть-кимё соҳаларида янги қувватларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш ва кенгайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали рақобатбардош ноозиқ-овқат, истеъмол товарлари, жумладан, тўқимачилик, тикув, трикотаж, чарм-пойабзал ва фармацевтика маҳсулотларини кенг ассортиментда ишлаб чиқариш бўйича янги ютуқлар қўлга киритилаётир.
— Жорий йилда мазкур йўналишда 300 дан зиёд лойиҳани рўёбга чиқаришни мақсад қилганмиз, — дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Машраббоев. — Шу тариқа ишлаб чиқариш тармоқларига қарийб бир триллион 745  млрд. сўмлик ва 90 млн. АҚШ долларилик инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Бу вилоятнинг олис-яқин манзиллари, асосан, қишлоқ жойларда салкам 11 мингта янги иш ўрни вужудга келади, деганидир.
Жорий йилнинг ўтган даврида жойларда 200 дан ортиқ корхона ўзининг дастлабки маҳсулотини чиқара бошлади. Уларнинг бир нечтаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ташкил этилганки, бу ички ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш имконини бераётир. Яна бир қувонарли жиҳати — инвестиция лойиҳаларининг аксарияти вилоятнинг йирик саноат марказларида эмас, аксинча, ишлаб чиқариш кам ривожланган тоғли ва тоғолди ҳудудлари ҳамда чекка қишлоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Демак, бугун Бўстонлиқ, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Бўка, Пискент, Оққўрғон туманларининг энг чекка нуқталарига ҳам саноат тармоқлари дадил кириб бормоқда, янги, замонавий корхоналар қад ростламоқда.

Янги лойиҳалар амалиёти
Қадимдан йирик савдо-сотиқ маркази, уста ҳунарманд ва моҳир ишбилармонлар маскани бўлган кўҳна Илоқ — Оҳангарон воҳаси мустақиллик туфайли тараққиётга юз бурди. Кейинги йилларда ҳудудда иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш борасида эътиборга лойиқ ишлар олиб борилмоқда. Бу ерда тўқимачилик, қурилиш, энергетика, машинасозлик, озиқ-овқат ва мебелсозлик саноати жадал ривожланмоқда. Иқтисодиётимизнинг қон томирларидан бўлган тоғ-кон саноати равнақида ҳам мислсиз янгиланишлар рўй бераётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 13 апрелдаги “Ангрен” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Ушбу муҳим ҳужжат Ангрен шаҳри ва Оҳангарон тумани аҳолиси бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини юксалтиришда кенг имкониятларни вужудга келтирмоқда.
Индустриал зонада фаолият кўрсатадиган корхоналарга киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб, 3 йилдан 7 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қўлланилаяпти. Шу билан бирга, воҳада мукаммал инфратузилма, транспорт-коммуникация тизими ҳам шаклланмоқда.
“Ангрен” махсус индустриал зонасида ўтган қисқа вақт ичида бир қатор инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Яна кўплаб янги қувватлар иш бошлаш арафасида. Бу борада Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Буюк Британия, Болгария, Ҳиндистоннинг етакчи фирма ва компаниялари билан узвий ҳамкорлик қилинаётир.
Янги бунёд этилган Ангрен шакар заводи ана шу ҳамкорлик самарасидир. Чет эллик шериклар сармояси иштирокида рўёбга чиқарилган мазкур лойиҳа шарофати билан бу ерда йилига 350 минг тонна шакар ишлаб чиқариш имконияти юзага келди. 
Индустриал зонада фаолият бошлаган замонавий ишлаб чиқариш субъектларидан яна бири “EGL-Nur” Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасидир. Айни пайтда бу ерда юқори технология асосида қуввати 120-175 Ваттга тенг диодли лампалар тайёрланаяпти. Жаҳон стандартларига тўла мос келадиган бундай ёритиш мосламалари электр қувватини юқори даражада тежаши билан диққатга сазовордир. Масалан, хонадонимиздаги оддий 100 Ватт қувватга эга люминесценцияли лампа берадиган ёруғликни ёғду-диодли лампанинг 22 Ваттлиси бемалол тарата олади. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, шунинг ўзиёқ бир ойда битта оддий лампа сарф этадиган электр энергиясини 23,4 кВт/соатгача тежаш имконини бераркан.

Жаҳон бозорига йўл
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий қудрати унинг экспорт салоҳиятида намоён бўлади. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистонимиз ўзининг мустақил тараққиёт йўлида жаҳон бозорига дадил қадамлар билан кириб борди. Қадимдан Буюк Ипак йўлининг маркази бўлган юртимиз истиқлол туфайли дунё бозоридаги азалий ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш имконига эга бўлди. Бугун Ер юзида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотлар кириб бормаган жой қолмади, ҳисоб. Бунга, албатта, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, четга хом ашё эмас, кўпроқ тайёр маҳсулот чиқариш борасидаги изчил ва қатъий сиёсати туфайли эришилмоқда.
Қувонарлиси, кейинги йилларда вилоятнинг ташқи савдо жуғрофияси анча кенгайди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳудудий корхоналар томонидан 314 млн. АҚШ долларилик товар ва хизматлар экспорти амалга оширилгани ҳам соҳада ўсиш суръатлари барқарор эканини англатади. Қолаверса, кейинги йилларда экспорт таркибида замонавий хизмат турларининг улуши анча ортди. Шунинг баробарида кўплаб тадбиркор ва фермерлар яратилган имтиёзу қулайликлардан руҳланиб, ўзимизда етиштирилган сархил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижликлар дастурхонига етказиб бермоқдалар.
Зангиота туманидаги “Миришкор Сайфуддинова Хонзода” ана шундай экспортчи фермер хўжаликлардан саналади.
— Бир пайтлар ўзимизда етиштирилган атиргулларни хорижга сотаяпмиз, десак, биров ишонмасди, — дейди хўжалик гулчиси Фахриддин Сайфуддинов. — Мустақиллик шарофатини кўринг, фермер хўжаликлари ўз маҳсулотлари билан тўғридан-тўғри, ҳеч қандай монеликсиз хориж бозорларига чиқишаяпти. Масалан, хўжалигимиз ҳар йили қўшимча 50-60 минг АҚШ доллари миқдорида даромад кўраяпти. Насиб бўлса, йил якунигача бу кўрсаткични камида икки баравар ошириш ҳаракатидамиз.
Яна бир эътиборга молик далил: мустақилликнинг илк йилларида вилоятда, бор-йўғи, 10 та корхона экспорт фаолияти билан шуғулланган. Улар етказиб берган товарлар ёрлиғида ҳам “ярим тайёр маҳсулот” деган тамға бўлган. Бугун экспортчи корхоналар сони қарийб 20 баробар ўсди. Шу йилнинг ўзида 30 га яқин тадбиркорлик тузилмаси экспортчи мақомини олди. Демак, асл миллий маҳсулотларимиз шуҳрати дунё кезаверади.
Албатта, бундай ютуқлар, ижобий натижаларни санаб адо этиш мушкул. Уларга ҳар куни, ҳар жабҳада, ҳар қадамда рўбарў келаяпмиз.  Бир пайтлар иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, қолоқ аграр республика дея аталиб келинган мамлакатимиз бугун юксак иқтисодий салоҳиятга эга давлатга айланди. Бу, шубҳасиз, мустақиллик шарофати, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ўзбек модели”нинг ҳаётбахш самараларидир. 


Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn