Тўқимачилик саноати: Самарали ҳамкорлик, истиқболли келишувлар
Версия для печати
  • 11 Сентябрь 2014

Тўқимачилик саноати: Самарали ҳамкорлик, истиқболли келишувлар

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари — CAITME — 2014” ҳамда “Тўқимачилик саноати — TextileExpo Uzbekistan — 2014” халқаро кўргазмалари очилди.

Жаҳон тўқимачилик машинасозлиги ва енгил саноат вакиллари томонидан “ҳақиқий бизнес майдони” дея эътироф этилаётган мазкур нуфузли тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси, Савдо-саноат палатаси,  “Осиё рамзи”  Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида “ITE-Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва “ITE” компаниялари гуруҳи (Буюк Британия) томонидан ташкил этилди.
Маълумки, тўқимачилик ва енгил саноат Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларидан ҳисобланади. Фақатгина 2014 йилнинг биринчи ярмида енгил саноатда 12,7 фоиз ўсиш кузатилиб, жумладан, унинг пахтани қайта ишлаш жабҳасида 22,1 фоиз, трикотаж йўналишида 22,3 фоиз, тикувчиликда эса 13,6 фоиз юксалишга эришилгани буни яққол тасдиқлаб турибди. Президентимиз ташаббуси билан соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилган қулай инвестициявий муҳит қўлга киритилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлаётир, албатта.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида соҳага ички ва ташқи инвестициялар жалб қилинган ҳолда, кўплаб замонавий корхоналарга асос солиниб, мавжудлари тубдан реконструкция қилинди. Натижада заминимизда етиштирилган пахта хом ашёсини ўзимизда қайта ишлаш ҳажми тобора ошиб бораяпти. Айтайлик, истиқлолнинг дастлабки йилида пахтанинг атиги 7 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 44 фоизга етказилди.    
Кўргазмаларнинг очилишида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек,  давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 15 декабрда имзоланган “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарор, айниқса, тўқимачилик саноатини тараққий эттиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Негаки, ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳаётга татбиқ этилаётган йирик лойиҳалар экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички бозорни рақобатбардош кийим-кечак ва бошқа истеъмол товарлари билан тўлдириш имконини бераётир.
Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган кўргазмалар эса республикамизда фаолият кўрсатаётган енгил саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш тадбирларининг янада жадаллашишига хизмат қилаяпти. Сабаби, эндиликда юртимиз саноатчилари ўзларига зарур ускуна ва жиҳозларни хориждан излашига ҳожат қолмади. Жаҳонга машҳур компаниялар ҳар йили Тошкентга энг сўнгги маҳсулотлари ва ишланмалари билан ташриф буюришмоқда. Жумладан, халқаро кўргазмаларнинг бу галги бирлашган экспозициясида дунёнинг 22 мамлакатидан қарийб 250 та компания ўз ускуна ҳамда жиҳозлари, техника ва технологияларини намойиш қилаяпти.
— Эллик йиллик тарихга эга бизнинг компаниямиз тўқимачилик саноати учун замонавий машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди Италиянинг “RITE S.p.A” компанияси савдо менежери Массимо Чиранда. —  Уларнинг унумдорлиги юқорилиги, тежамкорлиги, энг асосийси, халқаро стандартларга тўла мос келадиган сифатли маҳсулот тайёрлашга қодирлиги боис жаҳон бозорида талаб ниҳоятда катта. Айниқса, ип йигириш ва газлама тўқиш ускуналаримиз дунёнинг деярли барча мамлакатига экспорт қилинади.
Хусусан, Ўзбекистон бизнинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ва доимий ҳамкоримиздир. Юртингизда кейинги йилларда енгил саноат барқарор суръатларда ривожланаётгани, қулай бизнес муҳити яратиб берилгани эса иқтисодиётингизга бўлган қизиқишимизни тобора оширмоқда.
Аслида, компаниямиз ўзбекистонлик саноатчилар билан тенг манфаатли алоқаларни ўрнатганига 20 йилдан ошди. Аммо мен юртингизга илк бор келганим учун Тошкент шаҳри ва унинг аҳолиси ҳаёти билан яқинроқ танишишга интилдим. Таассуротларим эса бир олам. Хусусан, мамлакатингизда иқтисодиётнинг барча соҳаси бир-бирига узвий боғланган ҳолда тараққий этиб бораётганига ҳавас қилса арзийди.   
Кўргазма залларини айланган киши Ўзбекистонимизда енгил саноатнинг жадал суръатларда ривожланаётгани, унинг бугунги ютуқлари ва нурли истиқболи ҳақида яққол тасаввурга эга бўлади. Чунки бу ерда юртимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб замонавий корхоналар томонидан намойиш этилаётган турфа маҳсулотлар, ҳатто тўқимачилик машина ва ускуналари ўзининг юқори сифати билан бемалол рақобатга кириша олади. Улар учун ажратилган бўлмалар хорижлик мутахассислар билан гавжумлигининг боиси шунда. Уларга ўлкамизда чет эллик инвесторлар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда. Айниқса, республикамизда 2015 — 2020 йилларда енгил саноатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиб, амалиётга изчил жорий этилаётгани хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Негаки, унинг доирасида кўплаб янги қувватлар ишга туширилиши, қайта ишлаш ҳажми тобора ошиб, калава ип ишлаб чиқариш 218,3 минг тоннадан 562,8 минг тоннага, газлама тайёрлаш ҳажми 120 миллион квадрат метрдан 340 миллион квадрат метргача оширилиши кутилаяпти.
“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари — CAITME — 2014” халқаро кўргазмасида йигирув, тикув, бўяш ускуналари, чийратиш ва калавалаш машиналари бўлимлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда Швейцария, Германия, Италия, Нидерландия, Чехия, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Япония каби давлатларнинг дунёга машҳур компаниялари маҳсулотлари жой олган. Ёрлиқ босиш ва каштачилик ускуналари, пайпоқ тўқиш автоматлари, компрессорлар, доирали тўқиш ва роликли босма машиналар, шунингдек, тўқимачилик учун кимёвий маҳсулотлар ва бошқа кўплаб жиҳозлар шулар жумласидандир. Кўргазма иштирокчилари улар билан нафақат яқиндан танишиш, балки шу ернинг ўзида ишлатиб кўриш имкониятига ҳам эгадирлар. Бу эса тадбирларнинг қизғин кечиши, томонлар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланишидан далолатдир.
Андижонлик тадбиркор Мақсуд Қиличев Жанубий Кореянинг “KTM” компаниясида ишлаб чиқарилган 20 та пайпоқ тўқиш машинасини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаётганига гувоҳ бўлдик.
— Бундан бир ой олдин ушбу компаниянинг 10 та шундай машинасини харид қилиб, ишга туширган эдик, — дейди у. — Бизга жуда маъқул келди. Бир кеча-кундузда 300 дан ортиқ пайпоқ тўқийди. Сифати эса юқори. Яна дизайнини хоҳлаганча ўзгартириш, барча мавсумга мос пайпоқлар тўқиш мумкин экан.
— Ўзбекистонда давлат томонидан саноатни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилиб, тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар берилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ, — дейди “KTM” компаниясининг бош директори Хун Сюк Чанг. — Беш йилдан буён биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган тадбиркорлар фаолияти мисолида бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Чунки ушбу қисқа давр ичида юртингизнинг кўплаб ҳудудлари, жумладан, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларига тўқув ускуналари етказиб бердик. Бугунги кўргазмада эса Қорақалпоғистон  Республикаси ва Тошкент вилояти ишбилармонлари билан ҳам шартномалар тузишга муваффақ бўлдик.      
Ташкилотчиларнинг айтишича, кўргазмалар доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида турли тадбирлар ва махсус дастурлар ўтказилиши режалаштирилган. Буларнинг бари пировардида тўқимачилик ва енгил саноатимизни янада ривожлантириш, Ўзбекистон бозорига чет эллик корхоналарни кенгроқ жалб этишга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Халқаро кўргазмалар 12 сентябргача фаолият кўрсатади.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn