Ўзбек толасининг довруғи янада ортади
Версия для печати
  • 11 Сентябрь 2014

Ўзбек толасининг довруғи янада ортади

Мамлакатимизда кейинги йилларда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашга бўлган ёндашув тубдан ўзгармоқда. Бунда селекциячи олимларимиз томонидан ғўзанинг эртапишар, касалликларга чидамли ҳамда юқори сифатли тола берувчи янги навлари яратилаётгани, пахта саноати корхоналарида модернизациялаш ишлари изчил олиб борилаётгани айни муддао бўлаяпти.

Натижада пахта ҳосилдорлиги кўтарилиши баробарида, уни қайта ишлаш ҳажми ҳам ортмоқда.  Жумладан, жорий йилда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналарда 2,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 106,3 фоизни ташкил этди. 2013 йилги пахта хом ашёсини қайта ишлаш орқали олинган толанинг сифат кўрсаткичи эса 94,5 фоизга етказилиб, аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан 2,4 фоиз ўсишга  эришилди. Айни шу омиллар ўзбек  толасининг  жаҳон бозоридаги мавқеини кўтаришга, унинг рақобатбардошлиги ва харидоргирлигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Дарҳақиқат, заминимизда етиштирилаётган пахта хом ашёси ўзининг саноатбоплиги билан алоҳида ажралиб туради. Соҳа мутахассислари буни унинг ранги, толасининг узунлиги, пишиқлиги ва микронейр кўрсаткичлари халқаро стандартларга тўлиқ мос келиши билан изоҳлашаяпти.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек толасининг жаҳон бозорига жадал кириб боришида бир неча йиллардан буён ташкил этилаётган Халқаро Ўзбекистон  пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг ўзига хос ўрни бор. Зеро, ўтган вақт мобайнида мазкур ярмарка Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC)нинг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилгани туфайли у дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан бирига айланди. Бу йил ушбу ярмарка ўнинчи бор ўтказилади. Шу муносабат билан айни пайтда республикамизда унинг ҳар жиҳатдан фойдали ва  самарали бўлишини таъминлаш, иштирокчиларни тармоқдаги янгиликлар билан таништириш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
— Президентимизнинг 2014 йил 25 майдаги халқаро пахта ярмаркасини ўтказишни ташкиллаштириш чора-тадбирларига доир  Фармойишига асосан, бўлажак тадбирга пухта ҳозирлик кўраяпмиз, — дейди “Ўзпахтасаноат” уюшмасининг ишлаб чиқариш ва моддий-техник ресурслар бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Қулматов. — Хусусан, ярмарка иштирокчилари Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Ўзбекистон” очиқ акциядорлик жамиятига ташриф буюради. Шу аснода меҳмонлар жамиятнинг пахтани қайта ишлаш жараёнига татбиқ этилаётган замонавий технологиялар билан яқиндан танишиш баробарида, мутахассисларимиз билан бевосита фикр алмашиш имкониятига ҳам эга бўлади. Бунинг сабаби шуки, корхонада босқичма-босқич амалга оширилаётган модернизациялаш ишлари натижасида у тармоқдаги йирик заводлар қаторидан жой олди. Айтайлик, бу ерда эски технологиялар ўрнига хориждан қуритиш, тозалаш, жинлаш ва линтерлаш ускуналари келтирилиб ўрнатилгач, иш унумдорлиги бир неча баробар ортди. Энергия  тежамкорлиги эса сезиларли даражада камайди.
Заводнинг устахона, лаборатория, тарозихонаси ҳам қайта таъмирланиб, ишчилар учун ювиниш, кийиниш ва дам олиш хоналари талаб даражасида жиҳозлангани, унинг ҳудудида бир нечта маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо қилингани  иш самарадорлигини ошириш имконини яратмоқда.
Бундан ташқари, уюшмамиз томонидан ярмарка иштирокчиларига тармоқ корхоналарининг ишлаш жараёни, уларда амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш мақсадида кўргазмали стендлар ташкил этилади. Қайта ишланаётган пахта маҳсулотларидан намуналар  намойиш қилинади.
Мухтасар айтганда, навбатдаги пахта ярмаркаси толамиз экспорти ҳажмини ошириш, чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустакамлашда янги босқични бошлаб беради. Бу эса ўзбек пахтасининг довруғини ошириш билан бирга, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn