Маҳаллийлаштириш: Саноат кооперацияси ютуқлари
  • 06 Февраль 2014

Маҳаллийлаштириш: Саноат кооперацияси ютуқлари

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилиши ва бу борадаги имтиёз ҳамда преференциялар самараси туфайли тадбиркорлар сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Пировардида хусусий сектор салоҳияти янада юксалаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011 — 2013 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурига Андижон вилоятидаги 26 та корхонанинг 113 та лойиҳаси киритилган эди. Бу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бултур жами 70,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, дастур прогнози 100,6 фоизга бажарилди. Импорт ўрнини босиш самараси эса 31,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Ниёзматовнинг айтишича, Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналарда, асосан, автомобиллар учун бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, бурғилаш ҳамда нефть қазиб чиқариш ускуналари, подшипниклар, автоулов фильтрлари, юқори кучланишли сақлагичлар, энергетика саноати учун бутловчи қисмлар, тормоз колодкалари тайёрланмоқда. Модернизациялаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга қаратилган лойиҳалар, айниқса, “АндСаноатПласт” ва “Ураланд” масъулияти чекланган жамиятлари, “Андижонмаш” очиқ акциядорлик жамияти, “Саховат”, “SPZ-Bearings” қўшма корхоналари, “SDK GROUP AND” хорижий корхонаси каби хўжалик юритувчи субъектларда муваффақиятли амалга оширилгани маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш даражасини 40 фоиздан 100 фоизгача етказиш имконини берди.
Андижон шаҳридаги “Металлторг люкс” масъулияти чекланган жамияти ҳам Маҳаллийлаштириш дастурига киритилгач, бу ерда автомобиль ғилдираклари учун пластмасса деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Мана, икки йилдирки, жамоа аҳли  “Нексия”, “Матиз” ва “Дамас” русумидаги машиналар учун шундай қисмларни етказиб бермоқда.
— Хом ашёни четдан олиб келамиз, — дейди мазкур жамият раҳбари Фарҳодбек Узоқов. — Бироқ, Маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, божхона ҳамда ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзга эгамиз. Шу асосда иқтисод қилинган маблағ эвазига ўтган йили компрессор ва бўёқ цехларини таъмирлаб, электр энергиясини тежовчи замонавий ускуналарни харид қилдик. Натижада “Ласетти” русумли автомобиль ғилдиракларининг пластмасса қисмларини ҳам ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилди.
“Металлторг люкс” масъулияти чекланган жамиятида жорий йилда бир гектар майдонда янги қувват — ип-йигирув корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Айни кунларда ушбу йўналишдаги ишлар изчил бажарилаётир.
Корхонада иш икки сменада ташкил этилган бўлиб, ҳар йили автомобиль ва саноат касб-ҳунар коллежларининг 15-20 нафар ўқувчиси амалиёт ўтайди. Улар жамоа учун яратилган барча шарт-шароитдан тўлиқ фойдаланадилар. 2013 йилда жамиятга коллеж битирувчиларидан 8 нафари ишга қабул қилинган бўлса, ип-йигирув корхонаси фойдаланишга топширилгач, бундай ёшлар сони янада кўпаяди.
Вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси маълумотларига кўра, бу йил Маҳаллийлаштириш дастури учун ҳудуддаги 16 та корхонада янги лойиҳалар паспорти тайёрланмоқда. Бу ишлаб чиқариш субъектлари учун кенг имконият бўлиб, келгусида юксак натижалар бериши муқаррардир.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn