Тежамкор технология
  • 06 Февраль 2014

Тежамкор технология

“Тўрткўлдонмаҳсулоти” масъулияти чекланган жамияти қошидаги “Дон — нон неъмати” шўъба корхонасида илгари электр энергияси учун ойига 600 минг сўм сарфланарди.

Яқинда бу ерда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида мазкур кўрсаткич бор-йўғи 200 минг сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.
— Германиянинг “Вахтел” технологиясини келтириб ўрнатдик, — дейди тадбиркор Умрбек Мадраимов. — Компьютерда бошқариладиган мазкур ускуна хамирга зарурий қўшимчалар меъёрида солинган бўлсагина ишлайди. Бу эса маҳсулотимизнинг сифатли бўлишини таъминламоқда.
Ўтган йили Оролбўйи минтақасида 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган махсус дастур доирасида саноат йўналишида 50,8 миллион АҚШ долларилик 295 та лойиҳа рўёбга чиқарилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Спорт либослари
Истеъмол бозорини тўлдиришда кичик бизнес субъектлари ҳиссаси тобора ортмоқда.
Чуст туманида ташкил этилган “Олмос Нисора Бону”  хусусий корхонаси — шулардан бири. Лойиҳа ташаббускори Дилфуза Улуғбоева бўш турган бинода трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 198 миллион сўмлик сармоя эвазига корхона цехлари тикув дастгоҳлари билан жиҳозланди.
— Чеварларимиз яқинда спорт либослари тикишни ҳам ўзлаштиришди, — дейди тадбиркор. —  Фаолиятимизни бошлагандан буён 30 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрладик.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Сифатли ва бежирим
Чиноз туманидаги қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг касбий таълим жараёнида тайёрлаётган мебель маҳсулотларига ҳеч иккиланмай ана шундай таъриф бериш мумкин.
Бу бежиз эмас. Яқинда мазкур таълим муассасасига Германия тараққиёт банкининг 270 минг евролик имтиёзли кредити ҳисобидан қурилиш, пардозлаш, ёғочга ишлов бериш ва мебелсозлик анжомлари келтирилди. Улар ёрдамида ўқувчилар эндиликда машғулотларни барча шароитга эга бўлган ўқув-амалиёт базасида олиб бориб, замонавий технологиялар ёрдамида стол ва стуллар, офис ҳамда уй-рўзғор буюмлари тайёрлашаяпти.
Шуниси эътиборлики, кейинги йилларда вилоятдаги 50 га яқин худди шундай таълим муассасасининг ўқув-амалиёт базаси ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослаштирилди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Табиий хом ашёдан кўркам гиламлар
Табиий жундан тайёрланган гиламлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам жуда харидоргир ҳисобланади.
Бухоро туманида фаолият кўрсатаётган “Ягона Комил Бухорий” масъулияти чекланган жамияти жамоаси ишлаб чиқаришни ташкил этишда ана шу жиҳатга эътибор қаратди.
— Ҳозир аксарият гиламдўзлик корхоналари, асосан, сунъий толадан фойдаланишмоқда, — дейди МЧЖ мутасаддиларидан бири О. Фармонов. — Вилоятимизда эса чорвачилик кенг ривож топган, хом ашё мўл. Шу боис уни қайта ишлашни йўлга қўйдик. Натижада тайёрлаётган гиламларимиз пишиқ ва бежиримлиги жиҳатидан эътиборга тушди. Дарвоқе, ушбу бизнесимизни ташкил қилишимиз учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирдик. Ҳозирча йигирма нафар ишчимиз бор. Қувватларни оширишимиз билан уларнинг сони икки баравар кўпаяди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn