Сирдарё вилояти: Тараққиётнинг юксак суръатлари
  • 06 Сентябрь 2014

Сирдарё вилояти: Тараққиётнинг юксак суръатлари

Бугун дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” самаралари Сирдарё вилоятида ҳам яққол бўй кўрсатмоқда. Тарихан қисқа давр мобайнида воҳа иқтисодий-ижтимоий ҳаётида рўй берган беқиёс ўзгаришлар, шаҳару қишлоқларда барпо этилган обод ва кўркам манзиллар, ҳудуд аҳлининг турли соҳаларда қўлга киритаётган муваффақиятларини кўриб бунга яна бир карра иқрор бўлишингиз табиий.

Энг муҳими, ана шундай изчил ислоҳотлар шарофати билан Сирдарё ўтган 23 йил ичида аграр вилоятдан саноати тобора ривожланиб бораётган салоҳиятли ҳудудга айланди. Чунончи, айни пайтда бу ерда фаолият олиб бораётган 24 та ишлаб чиқариш субъекти ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри хорижий мамлакатларга етказиб бераётгани кўнгилда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Иқтисодий ривожланиш омиллари
— Турли тадбирлар, тўй-маъракаларда “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган савол атрофида сўз юритилаётганига кўп гувоҳ бўламан, — дейди Боёвут туманида яшовчи меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Саъдулла Абдуқодиров. — Уларда кимдир тадбиркорлик қилиб, эл-юртга ҳам, ўз оиласига ҳам наф келтираётганидан гап очса, кимдир давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар туфайли фарзандлари ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётганидан қувониб сўзлайди. Кексаларимиз эса буларнинг бари истиқлол шарофати, юртимиздаги тинчлик, осойишталик меваси эканлигига шукрона айтиб, ҳамиша дуога қўл очишади.
Дарҳақиқат, бугун сирдарёликларнинг мақтанса арзигулик ютуқлари кўп. Масалан, жорий йилнинг ўтган олти ойида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида саноат улуши 26,5 фоизни ташкил этганининг ўзиёқ мустақиллик йилларида воҳада амалга оширилган катта ўзгаришлардан дарак беради. Ҳозир бу ерда кўплаб хорижий, қўшма ва маҳаллий корхоналар ишлаб турибди. Айни чоғда “Жиззах” махсус индустриал зонасининг Сирдарё филиали ҳудудида бир неча йирик ишлаб чиқариш объектлари қурилиши қизғин давом эттирилаяпти. “Пенг шенг” қўшма корхонаси томонидан тайёрланаётган кафель, чарм-пойабзал маҳсулотлари ва мобиль телефонлар эса маҳаллий ҳамда хорижий бозорда аллақачон ўз харидорларини топган.   
Айниқса, енгил саноат соҳасидаги технологик янгиланишлар туфайли аввал бирон килограмм ҳам тола қайта ишланмаган ҳудудда бугун маҳаллий хом ашёнинг 22 фоизи калава ип, мато ва тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўтган даврида Янгиер шаҳрида “Омад текс”, Сирдарё туманида эса “Бек текс”  корхоналари иш бошлаши билан бу борадаги имкониятлар кўлами янада кенгайди.
Бинобарин, вилоятда фармацевтика саноати ҳам жадал ривожланаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Агар ўтган йили ҳудудда дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқараётган корхоналар сони 4 тани ташкил этган бўлса, бу йил улар қаторига Боёвут туманида иш бошлаган “Sirdarya licorice ekstract” масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшилди. Ҳадемай, Гулистон шаҳрида фаолият бошлаши кутилаётган Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонасида шприцлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бундай юқори ўсиш суръатларини озиқ-овқат ва қурилиш саноати ҳамда хизмат кўрсатиш жабҳаларида ҳам кузатиш мумкин. Айниқса, вилоятда бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиши билан қурилиш ашёлари тури ва ҳажми тобора ортиб бораяпти. Чунончи, эндиликда оддий михдан тортиб, мураккаб конструкцияли бинокорлик материалларигача вилоятнинг ўзида, турли шаклдаги хўжалик субъектлари томонидан тайёрланмоқда. Янгиер ва Гулистон шаҳарларида эса бир неча турдаги сувли эмульсия, бўёқ ва елимлар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилди. Албатта, буларнинг бари қурилиш таннархини арзонлаштириш, сифат ва суръатини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Тупроғида олтин гуллайди
Ховос туманининг Файзобод маҳалласида яшовчи Абдусамат Турдибоев уй-жой учун ажратилган йигирма сотихлик ер эгаси бўлганида ўттиз ёшда эди. Ўшанда Президентимизнинг тарихий қарори асосида мамлакатимизнинг юз минглаб оилалари қатори унинг хонадонига ҳам бахт ва фаровонлик кириб келди. Ҳозир унинг ёши элликдан ошган. Ҳавас қилса арзигулик уй-жойга эга. Бу ҳовлида катта тўйлар қилди, икки ўғлини уйлантириб, бир қизини турмушга чиқарди. Ҳозир Абдусамат томорқасидан йилига камида икки марта ҳосил олади. Рўзғорнинг кам-кўстини шу ер тўлдиради. Ҳосилнинг эҳтиёждан ортгани эса бозорга чиқарилиб, оила даромадига даромад қўшилади. Энг муҳими, бугун вилоятнинг қарийб ҳар бир хонадонида ана шундай миришкор инсонларни учратасиз.
— Истиқлол йилларидаги улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари Сирдарё қиёфасини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборди, — дейди республика фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ўтбосар Абдиев. — Чунки авваллари ҳудудимиз ҳақида гап кетганда, унга кўпинча “қўриқ” сўзи қўшиб айтилар эди. Не ажабки, истиқлол шарофати билан заминимиз боғ-роғларга бурканди, ҳар қадамда обод манзиллар барпо этилди. Мана, Сайхунобод, Гулистон туманлари орқали Сирдарё соҳиллари томон юрсангиз, ўзингизни водий йўлларида кетаётгандек ҳис қиласиз. Ёки “Тошкент — Термиз” автомагистрали ёқасидаги барака ёғилган далалар, бири-биридан кўркам шаҳару қишлоқларни айтмайсизми?! Намунали лойиҳалар асосида тураржойлар бунёд этилиши туфайли пайдо бўлган 21 янги массив ҳам қишлоқлар чиройига чирой қўшмоқда.
Умид Раҳматов йигирма олти ёшида ана шундай уйларнинг бирига кўчиб ўтди. Қурувчилар унга ҳеч бир иш қолдиришмапти. Ҳамма шароит муҳайё. Оила аъзолари билан рўзғор жиҳозларини жой-жойига қўйди, холос. У яшаётган янги ҳовли Мирзаобод туманидаги “Ҳайдар” массивида жойлашган. Намунали лойиҳадаги иморатларга барча муҳандислик-коммуникация тармоқлари уланган. Мавзенинг ўз гузари, равон йўли бор. Яқинда унинг катта автойўлга туташ қисмидаги ҳудудга дарахт кўчатлари ўтқазилди. Буни қарангки, ўз тупроғи билан келтирилиб, тагидан сув узилмаган ниҳоллар август ойида ҳам амал олди. Бу орқали кўнгилда иштиёқ бўлса, ёзда ҳам бутун бир хиёбон ташкил қилиш мумкинлиги ҳаётда ўз исботини топди.
Гулистон давлат университети олимлари эса кучли шўрланган майдонларда биотехнологиялар ёрдамида ҳосил етиштириб, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича самарали илмий тадқиқот олиб боришмоқда. Хусусан, университет олимлари томонидан яратилган генофонддаги ўсимликлар озиқ-овқат ва фармацевтика саноати учун хом ашё ҳамда чорвачилик озуқаси етказиб бериши билан бирга, шўрланган экин майдонларини туздан тозалашга ҳам хизмат қилади. Бу, албатта, келгусида вилоятнинг ҳар қарич еридан янада унумли фойдаланиш имкониятини яратади. Зеро, Сирдарё вилояти марказидаги Мустақиллик майдонига улуғ шоиримизнинг “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди” деган оташин сатрлари йирик ҳарфлар билан ёзиб қўйилганида ҳам ана шундай эзгу истак мужассам.

Истеъдодлар камол топаётган маскан
“Сирдарё наволари” ашула ва рақс ансамблининг ҳозиргача концерт берган мамлакатлари сони 15 тадан ошиб кетди. Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Анорқул Бойбеков мўйқаламига мансуб ижод намуналари ҳам Европа ва Осиёнинг 15 та мамлакатида намойиш қилинди. Рассом асарларининг аксариятида Сирдарё мавжлари, сокинлиги, Зомин тоғларининг пурвиқорлигию гўзаллиги кўрсатиб берилган. Санъатнинг мўъжизакор қудратини қарангки, ушбу суратлардан завқ олган польшалик ва малайзиялик рассомлар дарёни ўз кўзлари билан кўриш учун атайин Сирдарёга ташриф буюришди. Малайзиялик рассом Юсуф Гиган бир неча кун вилоятда бўлиб, мафтункор юртимиз ва дарё манзаралари акс этган ўз асарларини ҳам яратди.    
Бундай ҳайратланарли мисолларни сирдарёлик спортчилар фаолиятидан ҳам келтириш мумкин. Дейлик, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Қурбонбоева чекка бир қишлоқда яшайди. Аммо уни нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида истеъдодли шахматчи сифатида яхши билишади. Зулфия номидаги Давлат мукофотининг яна бир соҳибаси Дилбархон Холжигитова эса таэквондонинг ITF йўналиши бўйича қитъа ва жаҳон мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келаяпти. У жорий йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси бўлди. Сайхунободлик Сайёра Йўлдошева эса йил бошида, йигирма уч ёшида шашка бўйича халқаро гроссмейстер унвонига эришди.
— Мен мустақиллик фарзандиман, — дейди Сайёра Йўлдошева. — Истиқлол туфайли мактабда илғор таълим технологиялари асосида билим олдим. Шу билан бирга, Сайхунобод болалар ва ўсмирлар спорт мактабида шашка бўйича маҳоратимни оширдим. Сўнгра олий ўқув юртини тугатгач, мазкур спорт мактабида шашка мураббийи сифатида иш бошладим.
Ҳозир Сайёра Болгарияда ўтказилаётган халқаро шашка мусобақасида қатнашаяпти. У ушбу турнирда ғолиб бўлиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиш ниятида.
Дарҳақиқат, бугун Сирдарёнинг қай бир манзилига борманг, қай бир қишлоғу маҳаллага қадам қўйманг, бирор бир хушхабарни эшитиб кўнглингиз қувончга тўлиши тайин. Бу тўйлар тўйларга, байрамлар байрамларга уланаётган заминимиздаги тинчлик-осойишталик, тўкинлик ва фаровонлик белгисидир. Энг муҳими, ана шундай ўзгариш ва янгиланишлар Мирзачўл воҳасида истиқомат қилаётган бағрикенг, жонкуяр, ташаббускор ва миришкор инсонлар қалбидаги ғайрат-шижоат, кўтаринки кайфият билан уйғунлик касб этмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn