Мобиль илова ишга туширилди
  • 06 Сентябрь 2014

Мобиль илова ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва фойдаланувчиларга зарур ахборотларни тақдим этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида “Android” платформасида “Central Bank of Uzbekistan” мобиль иловасини ишга туширди.

У “iOS” ва “Android” базасида мобиль иловалар ишлаб чиқишда етакчи саналган миллий “Global Solutions” компанияси билан ҳамкорликда яратилди.
Кенг омманинг Марказий банк ахборотларига ўсиб бораётган талабини тезкорлик билан қондиришга қаратилган ушбу илова олтита асосий бўлимдан иборат. Ташриф буюрувчилар улар орқали банк фаолияти, тизимдаги янгиликлар, кредит ташкилотлари, банкноталар ва тангалар, шунингдек, валюта курслари ҳақида тезкор маълумотлар олиш имкониятига эга. Ахборот матнлари он-лайн режимида Марказий банкнинг www.cbu.uz расмий сайтидан олинади. Натижада мобиль илова мунтазам равишда долзарб ахборотлар билан таъминланади. Илова интерфейси — бошқарув тизими ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган. Уни “Google play”дан юклаб олиш мумкин.
Илова сайтдан фарқли ўлароқ, смартфон ва планшетлар учун махсус ишлаб чиқилган. Бинобарин, у тез юкланади ва қулай интерфейсга эга.
Илованинг қайта боғланиш бўлими орқали Марказий банкка хабар йўлласа ҳам бўлади. Улар “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида кўриб чиқилади. Шу маънода, мобиль илова жамоатчилик билан мунтазам алоқа ўрнатишнинг қулай воситасига айланиши, шубҳасиз.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn