Экотуризмнинг янги сўқмоқлари
  • 06 Сентябрь 2014

Экотуризмнинг янги сўқмоқлари

Ўзбекистон нафақат тарихий ёдгорликлари, балки бетакрор табиати, ноёб наботот ва ҳайвонот дунёси билан ҳам оламга машҳур. Бу эса заминимизда сайёҳликнинг муҳим тармоғи — экотуризмни жадал ривожлантириш имконини бермоқда.

Хусусан, айни пайтда Жиззах вилоятида мазкур йўналишда кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти. Пировардида ҳудудда агро, тоғ, экстремал, сув туризми бўйича замонавий хизмат турлари йўлга қўйилаётир.
— Вилоятимизда сайёҳликнинг янги-янги қирралари кашф этилаяпти, — дейди “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Жиззах вилояти минтақавий бўлими мутахассиси Лола Санаева. — Натижада жиззахликлар ҳам мазкур йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, бу орқали миллий қадрият ва анъаналаримизни дунёга кўз-кўз қилиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Ҳозирги кунда  ҳудудимизда 372 та маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган бўлса, шундан 267 таси экологик манзил ҳисобланади. “Зомин” давлат миллий боғи, “Зомин” давлат тоғ-ўрмон қўриқхонаси, “Нурота” давлат тоғ-ўрмон қўриқхонаси, “Арнасой” давлат табиат буюртмахонаси, Туркистон, Нурота, Молгузар тоғ тизмалари ёнбағридаги ҳамда Қўйтошдаги ўрмонлар ва табиат ландшафтлари, тош ҳайкаллар ҳамда қоятошлардаги қадимий расмлар, Сангзор, Зоминсув дарёлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими ана шулар жумласидандир.
Биологик хилма-хиллиги ва жозибадорлиги билан ажралиб турувчи ана шундай экотуризм ресурсларидан унумли фойдаланган ҳолда балиқ овлаш, орнитологик, овчилик туризми, фольклор-этнографик каби туристик йўналишларни ривожлантириш, муҳофаза этиладиган ҳудудлар бўйлаб экологик туризм сўқмоқларини яратиш келгусидаги муҳим вазифаларимиз сирасига киради. Шунингдек, “Зомин” санаторийси ва унинг атрофида соғломлаштириш хизматлари, Зомин тоғ чанғи трассаси фойдаланишга топширилиши муносабати билан қиш ойларида тоғ чанғи туризмини ривожлантириш имкониятига эга бўлдик. Бундан ташқари, Буюк Ипак йўли ва қадимий зиёратгоҳлар бўйлаб янги сайёҳлик йўналишлари очишни ҳам мақсад қилганмиз.
Мутахассислар эътироф этишича, экотуризм табиатга зарар етказмаган ҳолда ундан баҳра олишни англатади. Шундай экан, сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантириш, ўз навбатида, одамларда экологик маданиятни шакллантиришни тақозо этади. Бу борада ҳам компаниянинг минтақавий бўлими томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, экотуризмни ривожлантириш орқали вилоятнинг узоқ тоғли ҳудудларида яшовчи одамлар муқим иш ўрнига, даромад манбаига эга бўлишмоқда. Сайёҳлар эса қишлоқлар аҳолиси билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг кундалик турмуш тарзи, урф-одатлари ва маросимлари билан яқиндан танишишаяпти.
Айтайлик, яқинда Зомин туманининг сўлим қишлоқларида сайёҳлар учун барча шарт-шароитга эга 8 та уй-меҳмонхона ташкил этилди. Шарқираб оқаётган сой бўйидаги сўрилар табиат қўйнида мароқли дам олиш имконини берса, ошхоналарда меҳмонларга турли миллий таомлар тортиқ этилади. Ётоқхоналар миллий ва замонавий кўринишда безатилган. Ювиниш жойлари гигиеник талаблар даражасида. Ҳовлиларга райҳон ва бошқа турли гуллар экилган. Телефон, телевизор, радио ва интернет мавжуд. Эътиборли жиҳати, бундай уй-меҳмонхоналар тизими такомиллашиши билан мазкур ҳудудларда йирик оммавий иншоотлар ва инфратузилма объектлари барпо этишга ҳожат қолмайди. Натижада табиий ландшафтни асл ҳолича сақлаб қолишга эришилади.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоят тоғли ҳудудларидаги аксарият дам олиш масканлари, асосан, ёз фаслида иш олиб боради ва бошқа мавсумларда фаолиятини тўлақонли давом эттирмайди. Уй-меҳмонхоналар эшиги эса исталган пайтда сайёҳлар учун очиқ. Бу эса вилоятга туристлар ташрифи узлуксизлигини таъминлайди.
Дарвоқе, уй-меҳмонхоналарда қўшимча хизмат турлари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, улар ҳар бир хонадон шароити ва сайёҳлар қизиқишларидан келиб чиқиб ташкил этилади ҳамда бири-бирини такрорламайди. Масалан, бир хонадонда қозон патир пиширилса, бошқасида тандир кабоб тайёрлаш жараёни намойиш этилади. “Қурт даво”, “Бодом атала”, “ўилминди” каби шифобахш таомларимизни ҳам ана шу рўйхатга киритиш мумкин. Кўнгилочар тадбирлар эса ҳар бир қишлоқнинг удум ва анъаналаридан келиб чиқиб тайёрланади.
Умуман, 2013 — 2015 йиллар давомида туризмни ривожлантиришга мўлжалланган дастурга мувофиқ, Жиззахнинг чекка ва олис ҳудудларида уй-меҳмонхоналар тизимини янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Зеро, шу кунга қадар Қизилқум биосфера резервати лойиҳаси доирасида Фориш туманининг чекка қишлоқларида ташкил этилган бундай масканлар йилига минглаб хорижий сайёҳларга намунали хизмат кўрсатаётганини ҳисобга олсак, бу тизимнинг қишлоқлар инфратузилмаси ривожидаги самараси қанчалик юксак эканлиги аён бўлади.
Ҳозирги кунда жойларда сервис хизмати сифатини янада юксалтириш, маҳаллий аҳоли орасидан гид-таржимонлар тайёрлаш мақсадида БМТ Тараққиёт дастури кўмагида уй-меҳмонхоналар бекалари ва чет тиллари ўқитувчилари учун турли семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва малака ошириш курслари ташкил қилинмоқда.
“Ўзбектуризм” Миллий компанияси Жиззах вилояти минтақавий бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 2013 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан Жиззах вилоятида экотуризмни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа учун грант маблағи ажратилди. Ушбу маблағ воҳада сайёҳлик инфратузилмасини шакллантириш, туризм билан шуғулланаётган тадбиркорларга молиявий ёрдам кўрсатиш, жойларда замонавий сервис хизмати турларини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш каби эзгу мақсадларга сарфланаётир. Ўз навбатида, мамлакатимиздаги ва хориждаги туристик фирмалар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилаяпти. Бу яқин вақт ичида ҳудудда сайёҳлик бундан-да кенгаяди, деганидир.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn