«Жиззах» МИЗ: Қўшма корхона иш бошлади
  • 03 Сентябрь 2014

«Жиззах» МИЗ: Қўшма корхона иш бошлади

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида “Жиззах” махсус индустриал зонасида замонавий ишлаб чиқариш субъекти — “Қуёш иссиқлик энергияси” қўшма корхонаси фаолият бошлади.

Мазкур лойиҳа Хитойнинг “Hahgzhou Zhongwu  Electronic Meters Co. Ltd”  компанияси, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ва “Электрон ҳисоблагич” масъулияти чекланган жамияти томонидан рўёбга чиқарилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққанлар юртимизда тадбиркорларга, хусусан, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб, “Қуёш иссиқлик энергияси”нинг ишга туширилиши ана шу ҳаётбахш ислоҳотлар меваси эканлигини таъкидладилар.
Ўттиз тўққиз киши доимий иш билан таъминланган корхонада дастлаб йилига 15 минг дона, кейинчалик 50 минг дона 150 литрдан 300 литр сиғимгача бўлган қуёш батареялари ёрдамида сув иситиш коллекторлари ишлаб чиқарилади. Улардан уй-жойлар, корхона ва ташкилотлар биноларида фойдаланиш мумкин. Ҳисоб-китобларга қараганда, шу орқали газ ва электр энергиясини тежаш ҳисобига йилига 2,5 миллиард сўмгача маблағни иқтисод қилиш мумкин.
Шуниси диққатга сазоворки, “Жиззах” махсус индустриал зонасида йил охиригача чет эллик сармоядорлар иштирокида яна 8 та янги корхона ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Х. САЛИХОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn