Фермер — жамиятдаги янгиланишларнинг фаол иштирокчиси
  • 01 Сентябрь 2014

Фермер — жамиятдаги янгиланишларнинг фаол иштирокчиси

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз қўлга киритган улкан ютуқлар унинг тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий давлатга айланганининг яққол тасдиғи эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, Истиқлол айёми муносабати билан жойларда уюштирилаётган турли маданий-маърифий тадбирларда тарихан қисқа даврда жамият ҳаётининг барча соҳаларида эришилган натижаларга юксак баҳо берилмоқда. Нуроний отахонларимиз, пиру бадавлат онахонларимиз дуога қўл очиб, мамлакатимиздаги барқарорлик, тинчлик-осойишталикка шукроналар айтишаяпти.
Шу маънода, Мустақиллик шарофати билан жаранглаган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган чуқур маъноли шиор барчамиз учун шарафли даъват, дилимиздаги эзгу ният ва орзу-умидларимиз ифодаси бўлди. Зотан, мустақиллик йилларида эришган натижаларимиз Ўзбекистоннинг дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун юқори иқтисодий салоҳиятли мамлакат эканини амалда исботламоқда. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида эришилаётган ютуқлар, жамият ҳаётини янгилаш асосида қўлга киритилаётган муваффақиятлар бунинг ёрқин тасдиғидир.
Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, Ўзбекистонни жаҳон бозорида харидоргир бўлган, ўзининг такрорланмас мазаси ва хушбўйлиги билан ажралиб турадиган сархил мева ҳамда сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни дунёнинг 80 та давлатига экспорт қилувчи мамлакатга айлантириш имконини берди. Бугунги кунда республикамиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда ана шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига киради.
Истиқлол йилларида юртимизда ғалла етиштириш ҳажми 1 миллион тоннадан 8 миллион 50 минг тоннага етгани, Ўзбекистон ғалла экспортчисига айланганидан ҳақли равишда фахрланамиз. Ўз навбатида, республикамизда юқори ҳосил берадиган интенсив боғлар ташкил қилинмоқда. Бугунги кунга келиб, ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилиб, умумий қиймати қарийб 5 миллиард АҚШ доллари бўлган озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинаётгани, авваламбор, фермерлик ҳаракатига қаратилаётган катта эътиборнинг амалий самарасидир.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари томонидан истиқлолнинг илк йиллариданоқ иқтисодиётнинг барча жабҳалари қатори қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган оқилона сиёсат туфайли юртимизда хўжалик юритишнинг энг самарали, етакчи давлатлар тажрибасида ўзини ҳар томонлама оқлаган фермерлик ҳаракати ўзига хос тараққиёт локомотивига айланди. Бунда, хусусан, аграр соҳада давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, қишлоқ меҳнаткашларининг ер, мулк ва ўзи етиштирган маҳсулотга эгалик қилишини кафолатловчи иқтисодий ҳамда ҳуқуқий асослар яратилгани, айниқса, муҳим омил бўлди. Ўз навбатида, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш каби кўплаб йўналишларда бозор тамойилларига мос механизмлар ўз вақтида амалиётга жорий қилинди.
Фермер хўжаликлари учун изчиллик билан шакллантириб борилаётган замонавий инфратузилма, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ҳар гектар майдондан олинадиган даромадни кўпайтиришга қаратилган самарали чоралар ҳисобига улардаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, меҳнат унумдорлиги барқарор ошиб бормоқда. Пировардида бугун мамлакат қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг катта қисми фермерларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётир. Сўнгги йилларда аҳоли жон бошига полиз маҳсулотлари, сабзавот, картошка, мева, дон, гўшт, сут ва тухум етиштириш бир неча марта ортгани ҳам фермерлик ҳаракатининг жамият тараққиётида тобора мустаҳкам ўрин олиб бораётганини тасдиқлайди.
Шуни қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони фермерлик ҳаракатининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига ҳамда мамлакатимиздаги етакчи ижтимоий-сиёсий кучга айланишига мустаҳкам замин яратди. Бугун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини минитехнологиялар ва ихчам ускуналар орқали қайта ишлаш, қишлоққа саноатни олиб кириш ва шу асосида янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда фаол қатнашаётган фермерларнинг сони
35 мингдан ортиқни ташкил қилаяпти. Фермерларимиз республика ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Чунончи, 40 нафарга яқин парламент аъзолари бевосита фидойи фермерлар орасидан сайланган, ўндан ортиқ фермерларга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди.
Жорий йил 5-6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги нуфузли халқаро конференция юртимиз фермерлари салоҳиятининг юксак эътирофи бўлди. Зеро, давлатимиз раҳбарининг мазкур халқаро анжумандаги нутқида баён этилган хулосалар ва вазифалар жамиятимиз вакиллари, шу жумладан, фермерларимизнинг қалбини фахр-ифтихор туйғусига тўлдирди. Дунёнинг нуфузли экспертлари ҳамда сиёсатчилари мамлакатимиз озиқ-овқат сиёсатига юқори баҳо бериш баробарида, бизда бу борада тўпланган тажрибалар жаҳон миқёсида кенг ўрганилишга муносиблигини таъкидлаб, ўзбекистонлик фермерлар билан ҳамкорлик қилиш истиқболли эканлигини қайд этишди.
Анжуманда илгари сурилган ғоя ва вазифаларга уйғун ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 — 2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастури ижросининг бориши ҳақидаги ахбороти тингланди. Бутун дунёда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашга доир муаммолар кучаяётган, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги, суғориш учун ер ости сувлари камайиб бораётган бир шароитда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш долзарб аҳамиятга эга. Негаки, юртимизда ушбу йўналишда рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат стратегик экинлар ҳосилдорлиги ошаётир, айни чоғда Ўзбекистонимизнинг дунёда ўхшаши йўқ мева-сабзавотларию узумчилиги ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Мухтасар айтганда, мустақиллик шарофати билан Ўзбекистонда ер унга ўз меҳрини бера оладиган, уни ардоқлаб, асраб-авайлайдиган, “Ўзбек фермери” деган ҳақиқий эгасини топмоқда. Фермерлик ҳаракатининг замонавий технологияларни жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқ унумдорлигини ошириш, мелиоратив ва ирригация объектлари тармоқларини ривожлантириш, шунингдек, аҳоли даромадларини кўпайтириш борасидаги ўрни тобора ортиб бораётир. Истиқболда фермерлик ҳаракати, шубҳасиз, Ватанимиз равнақи, меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимиз фаровонлигини юксалтиришдек ўта шарафли ҳамда савобли ишларнинг етакчиси бўлади.

Муҳаммадюсуф ТЕШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси,
O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn