Кичик бизнес: Экспорт салоҳияти ва изчил ривожланиш
  • 05 Февраль 2014

Кичик бизнес: Экспорт салоҳияти ва изчил ривожланиш

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, жорий йилда ўндан ортиқ шундай субъектлар томонидан Хитой Халқ Республикасига умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилиниши кутилаяпти.

Бу юртимиз ишбилармонларини ташқи иқтисодий фаолиятга кенгроқ жалб этиш борасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самарасидир, албатта.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар экспорт салоҳиятини юксалтириш, унинг ҳажмини барқарор ошириш ва таркибида тайёр саноат маҳсулотларини кўпайтириш имконини бераётир. Жаҳон бозоридаги конъюнктуранинг беқарорлигига қарамасдан, 2013 йилда Ўзбекистонда экспорт ҳажмининг ўсиши 10,9 фоизни ташкил қилгани бунинг яққол далилидир.
Қувонарлиси, бундай ижобий натижага эришишда кичик бизнес субъектлари муҳим аҳамият касб этаяпти. Ҳозирги пайтда республикамизда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келаётгани, улар орасида экспортчи корхоналар йил сайин кўпайиб, экспортдаги улуши 18 фоизга етгани шундай дейишимизга асос бўлади.
Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, айниқса, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш билан бирга, тадбиркорларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтирди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси эса мазкур қарор ижросини таъминлаш, тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида аниқ чора-тадбирларни кўрмоқда. Жумладан, чет давлатларнинг савдо-саноат палаталари, экспорт-импортга кўмаклашувчи жамғармалари ва тадбиркорлик уюшмалари билан ҳамкорликни тобора мустаҳкамламоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган қисқа давр ичида 60 га яқин хорижий ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилди.
— Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан Хитойнинг Шанси музофоти Савдо-саноат палатаси қошидаги “Northwest Central Asia Business Co. LTD” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик битими имзолангани “Made in Uzbekistan” брендини тарғиб қилишда айни муддао бўлмоқда, — дейди жамғарманинг ижрочи директори вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Мустафоев. — Гап шундаки, бу келишувга кўра, 2014 йилнинг май ойида Шанси музофотида бўлиб ўтадиган “Буюк Ипак йўли” халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасида мамлакатимиз саноат корхоналари, шу жумладан, кичик бизнес вакиллари иштирокини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу нуфузли тадбирда қатнашишни истаган тадбиркорлар эса жамғармамиз ва унинг хориждаги ҳамкори ҳисобидан имтиёзга эга бўлишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Таҳлилларга қараганда, глобал молиявий-иқтисодий инқироз туфайли жаҳон бозорида айрим саноат маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайиши оқибатида аксарият давлатларнинг экспорт кўрсаткичи тушиб кетди. Пировардида бир йўналишда фаолият кўрсатаётган йирик саноат корхоналари жиддий азият кўрдики, унинг таъсиридан ҳамон қутула олгани йўқ. Ана шундай мураккаб бир шароитда Ўзбекистон экспорти таркибида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар улуши барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани диққатга сазовордир. Масалан, ўтган йили умумий экспорт ҳажмининг 72 фоиздан ортиғини шундай товарлар ташкил этди. Бу, шубҳасиз, иқтисодиётимиз изчил диверсификация қилинаётгани шарофатидир.
Экспертларнинг эътироф этишларича, мамлакатимиз иқтисодиётининг муттасил ривожланиб, экспорт кўлами ва географияси кенгайишида қулай тадбиркорлик муҳити яратилгани муҳим омил бўлаяпти. Негаки, кичик бизнес шаклан ихчам эмасми, бозор талабидан келиб чиқиб, ўз йўналишини тезда ўзгариштиришга қодир. Бу унинг рақобат майдонида барқарор тура олишини таъминлайди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 450 дан зиёд янги корхона экспорт фаолиятини бошлагани бунинг тасдиғидир.
Шу кунларда эса жамғарма томонидан республикамизнинг ҳар бир туманида тадбиркорлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, кичик корхоналарнинг экспорт имкониятлари ўрганилмоқда. Мақсад — халқаро кўргазмаларда иштирок этадиган субъектларни аниқлаб, уларнинг маҳсулотини тарғиб қилиш ва чет эллик харидорлар билан шартномалар имзолашига яқиндан ёрдам бериш. Наманган туманида фаолият кўрсатаётган “Истиқлол текстиль дизайн” масъулияти чекланган жамияти айнан жамғарма кўмагида ташқи бозорга чиқиш ҳуқуқига эга бўлиш арафасида турганини айтиш кифоя. 
— Хитойдан импорт қилиш эмас, балки бу мамлакатга маҳсулотларимизни экспортга чиқаришнинг вақти келди, — дейди ушбу жамият раҳбари Мурод Қурбонов. — Чунки юртимизда хусусий тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар биз, ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорга дадил кириб боришга даъват этмоқда.  Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил қилинган экспортга кўмаклашувчи жамғарманинг ёрдами билан Хитой давлатида ўтказиладиган кўргазмага қатнашишга тайёргарлик кўриш баробарида, чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бораяпмиз. Дастлабки натижалар у ерда камида 200 минг АҚШ долларилик экспорт шартномалари имзолашимизни кўрсатмоқда.
Таъкидлаш керакки, “Истиқлол текстиль дизайн” корхонаси энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бугунги кунда кўплаб турдаги эркаклар кўйлаги ва костюм-шимлари, шунингдек, ички кийимлар ишлаб чиқарилаяпти. Бу ерда меҳнат қилаётган 100 га яқин ишчи-мутахассисларнинг деярли барчаси касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Уларнинг изланишлари туфайли харидорлар дидига мос бўлган либосларнинг янги моделлари яратилаётгани, маҳсулотлар эса табиий матодан юқори сифатли қилиб тикилаётгани буюртмачилар сафининг кенгайишига кўмаклашаяпти. Ҳадемай, улар қаторига хитойлик компаниялар ҳам қўшилади. Бу пухта ўйланган тизимли ислоҳотларнинг амалий самараси эмасми?!
Юртимизда экспорт фаолиятини йўлга қўяётган бундай хўжалик юритувчи субъектлар сирасига Андижон шаҳридаги “Фабрика намуна”, Қўрғонтепа туманидаги “Ягона ҳамкор нури”, Шаҳрисабз туманидаги “Shakhrisabz Fraki”, Зарбдор туманидаги “Катерс агросервис”,  Кармана туманидаги “Севар Муниса” каби корхоналарни киритиш мумкин.  Улар Хитой мезбонлик қиладиган “Буюк Ипак йўли” халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасида иштирок этиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистон саноати ютуқларини намойиш этадилар. Кўргазмада тузиладиган шартномалар эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишончимиз комил.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Фаолияти кенгайди Тежамкор технология »