Фаолияти кенгайди
  • 05 Февраль 2014

Фаолияти кенгайди

Илғор минитехнологиялар асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган кичик корхоналарнинг  бозор талабларидан келиб чиқиб ўз фаолиятларини кенгайтиришлари нисбатан осон кечади.

Пешку туманидаги “Зухал тўқув” хусусий корхонаси ҳам  шу йўлдан бориб, қиймати 85 минг АҚШ долларига тенг бўлган хом бўз ишлаб чиқаришга асосланган бизнес лойиҳасини амалга оширди. Бунинг учун молия муассасасининг 62,5 минг АҚШ долларилик кредити ҳамда шахсий сармоядан ўринли фойдаланилди.

И. ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Барқарор ўсиш суръатлари
Чирчиқ шаҳридаги “Super roll” хорижий корхонасида ўтган йили 600 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланди.
Бу рақам ишлаб чиқариш субъекти фаолият бошлаган дастлабки йилдагига нисбатан 6 баробар кўпдир.
Жамоа ички ва ташқи бозор эҳтиёжларига мувофиқ янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашга мунтазам интилаётгани муваффақиятлар гарови бўлмоқда. Хусусан, қисқа муддатда бу ерда саноат, қурилиш ва халқ хўжалигининг бошқа кўплаб тармоқлари учун турли роликлар, резина ғилдирак ҳамда ғалтаклар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Асосий хом ашё сифатида полиуретан ва каучукдан фойдаланилаяпти. Жорий йилдан бошлаб эса корхонада худди шундай хом ашё асосида бежирим ва сифатли йўлак қопламалари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди.
Эътиборлиси, ҳозир “Super roll” маҳсулотларининг бир қисми махсус буюртмалар асосида экспорт қилинмоқда.

Ғ. ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Маҳаллий технология асосида
Сирдарё вилоятидаги қурилиш дўконларида “Golden” деб номланган  бир неча турдаги лок-бўёқ маҳсулотлари сотувга чиқарилди.
Яъни “Guliston Gold Trans servis” масъулияти чекланган жамияти жамоаси саъй-ҳаракати билан ҳудудда яна бир қурилиш ашёлари тайёрлайдиган корхона фаолият бошлади. Жамият жамоаси қисқа вақт ичида бир неча рангдаги бўёқ, сувли эмульсия ва қурилиш елимлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.
Эътиборлиси,  зарур ускуна ва дастгоҳлар андижонлик ҳамкорлар томонидан тайёрлаб берилди. Натижада кам харажат эвазига сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти юзага келди.
— Технологиямиз хорижникидан қолишмайди, — дейди МЧЖ раҳбари Икром Аҳмеджонов. — Улар йилига 500 тонна лок-бўёқ маҳсулотлари тайёрлаш қувватига эга. Ҳадемай, иккинчи линия фойдаланишга топширилгач, пардозлаш ашёлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Ш. АҲМАДАЛИЕВ.

Маҳсулот тури кўпайди
Наманган шаҳридаги “Чошгоҳ” масъулияти чекланган жамияти янги  йилни ишлаб чиқариш қувватларини оширган ҳолда бошлади.
Бу имконият корхонада олиб борилган модернизациялаш тадбирлари шарофати билан юзага келди. 1 миллион 300 минг АҚШ долларилик сармоя эвазига техник ва технологик янгилаш ишлари амалга оширилиб, калава ипларни бўяш ҳамда қайтадан ўраш машиналари ишга туширилди. Пировардида ҳозиргача фақатгина оқ рангда тўқилаётган момиқ сочиқлар тури бир қатор ёрқин рангдаги маҳсулотлар ҳисобига кўпайди. Ўз навбатида, қувватлар ҳам ортди. Эндиликда корхонада йилига 4 миллион донага етказиб экспортбоп маҳсулот тайёрланади.
Айтиш лозимки, “Чошгоҳ”нинг 48 кишилик жамоаси якунланган йил давомида 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, унинг 60 фоиздан ортиғини экспортга йўналтирди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn