Замонавий инфратузилма ва сервис хизматлари
  • 05 Февраль 2014

Замонавий инфратузилма ва сервис хизматлари

Юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлигини кенг ва равон йўлларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Хусусан, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ривожида дунёнинг турли нуқталарини бир-бири билан туташтирувчи йирик автомагистралларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Шу маънода, йўлларга “Элларни элларга, дилларни дилларга боғловчи восита”, деб бежиз таъриф берилмайди.
Тарихга назар ташласак, ўтмишда биргина Буюк Ипак йўли орқали кўҳна Шарқнинг Ғарб билан, Шимолнинг эса Жанубдаги минтақалар билан савдо карвонлари орқали боғланганига гувоҳ бўламиз. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон ана шу қадимий  йўлнинг айни чорраҳасида жойлашган бўлиб, неча минг йиллар давомида муҳим халқаро савдо йўлининг маркази сифатида довруқ қозонган.
Бугунги кунда эса халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятини истиқлол йилларида мамлакатимизда янги йўл ва кўприклар қуриш, унинг инфратузилмасини халқаро андозалар даражасида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин. Масалан, ўтган йили Ўзбек Миллий автомагистралининг 530 километрлик қисмида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди, қишлоқ аҳоли пунктларини боғлайдиган 890 километрдан зиёд ички йўллар ва 200 километрдан ортиқ шаҳар ҳамда посёлка кўчалари эса таъмирланди.
“Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига тўғри келадиган йўлларнинг узунлиги бўйича МДҲ давлатлари орасида энг етакчилардан бири ҳисобланади. Умумий фойдаланувда бўлган йўлларнинг узунлиги эса мамлакат ҳудудига нисбатан ҳар минг квадрат километрга 95 километрни ташкил этади.
Таъкидлаш керакки, республикамизда йўлсозлик борасидаги ишларни жадаллаштиришда Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги  “2011 — 2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Негаки, мазкур ҳужжатда 2015 йилгача қанча километр янги йўл қурилишидан тортиб, қайси ҳудуддаги қай бир йўл қайта таъмирланишигача, ўша йўлларнинг неча тасмали бўлишидан тортиб, уларга сарфланадиган маблағнинг миқдоригача, Ўзбек Миллий автомагистрали таркибига кирувчи йўлларнинг қоплама ва геометрик ўлчамларини яхшилаш, жумладан, битта ўқига тушадиган оғирлик меъёри 10 тоннагача бўлган автомобилларни ўтказишга мўлжалланган йўлларнинг кўтариш қобилиятини битта ўқига тушадиган оғирлик меъёри 13 тоннагача бўлган автомобилларга мослаштиришгача бўлган вазифалар аниқ белгилаб берилган. Шунга асосан, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда қарийб 500 км. автомобиль йўллари шу тоифага ўтказилди. Бу — автомобиль йўлларининг чидамлилиги 30 фоиз яхшиланаяпти, деганидир.
Йўл қурилиши, ўз навбатида, унинг ён-атрофи ҳам обод бўлишига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, қарорда йўл ва кўприклар қурилишидан ташқари, Ўзбек Миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервис хизматларини ривожлантириш тадбирлари ҳам кўзда тутилгани мақсадга мувофиқдир. Жумладан, 19 жойда кемпинг, 18 жойда мотель, 36 жойда АЁҚШ, 49 жойда автомобилларни газ билан тўлдирувчи компрессорли станциялар, 78 жойда тез тиббий ёрдам пункти, 31 жойда санитария-гигиеник талабларга тўлиқ жавоб берадиган автомобиль тўхташ майдончаси, 9 жойда эса барча шарт-шароит мавжуд сайёҳлик объекти бунёд этилади. Шунинг ўзиёқ мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ҳудудлар ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиш баробарида, юзлаб ёшларни муқим иш билан таъминлаш имконини беради.
— Кўп йиллардан буён шу соҳада ишлаб келаётган мутахассис сифатида илгариги йўллар билан ҳозиргисини таққослайман, — дейди “Қорақалпоқавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси директори Арслон Губенов. — Турган гапки, фарқ жуда катта. Қаранг, авваллари автомобиль тугул, ҳатто яёв бориш мушкул бўлган жойларда янги йўллар барпо этилаяпти. Шу билан бирга, ҳудудларга замонавий инфратузилманинг кириб бораётгани аҳоли турмуши фаровонлашувида айни муддао бўлмоқда. Шунинг ўзиёқ Ўзбекистон бошқа соҳалар қаторида йўлсозликда ҳам жаҳоннинг ривожланган давлатлари билан бўйлашаётганидан далолатдир, албатта.
Қисқаси, юртимизда замонавий йўл ва кўприклар қурилиши, аввало, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг вақтини тежаш, экологик муҳитни яхшилаш, шунингдек,  шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Бу эса Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб, масаланинг стратегик жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган оқилона сиёсатнинг амалий самарасидир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn