Биологик усул — ишончли ҳимоя
  • 27 Август 2014

Биологик усул — ишончли ҳимоя

Бугун деҳқоннинг кўнгли ҳам, ўзи ҳам далада. Негаки, август ойи ғўза парваришида энг тиғиз, айни чоғда ҳосил тақдири ҳал бўладиган муҳим палла ҳисобланади.

Бу даврда агротехника тадбирлари кечиктирилса ёки ушбу жараёнда озгина эътиборсизлик қилинса, ҳосил бой бериб қўйилиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун барча қишлоқ меҳнаткашлари фермернинг ёнида туриб, уларнинг энг яқин кўмакчисига айланиши даркор. Айниқса, биз, энтомологлардан мавсум давомида ҳушёрликни сусайтирмаслик талаб этилади.  
Кўп йиллик кузатишлардан маълумки, республикамизда август ойида ҳарорат нисбатан пасайиб, тунлари салқин тушади. Бу ҳол ҳосил кушандаси ҳисобланган кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қорашира каби зараркунандаларнинг кўпайиши учун қулай шароитни юзага келтиради. Агар бу пайтда назорат бўшаштириб юборилса, зарарли ҳашаротларга қарши вақтида курашилмаса, 30 фоизгача ҳосил йўқотилиши, катта даромад кутаётган деҳқон панд еб қолиши мумкин. 
Тажрибали деҳқонлар билан ғўза зараркунандаларига қарши курашиш ҳақида суҳбатлашсангиз, “Ҳашаротнинг кушандаси ҳашарот-да”, дейишади. Чиндан ҳам, биологик усул анча самарали бўлиб, атроф-муҳитга зарарсиз ва кимёвий усулга нисбатан арзон. Шу боис юртимизда ушбу усул кенг қўлланилаяпти.
Ҳозирги кунда туманимизда 12 та биолаборатория фаолият кўрсатмоқда. Ходимларнинг асосий эътибори деҳқонларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилаётган ҳосилни сақлаб қолишга қаратилган. Хусусан, бизнинг жамоамиз жорий мавсумда 20 та фермер хўжалиги билан тузилган шартномага мувофиқ, 1000 гектардан ортиқ майдонда ғўза ҳашаротларига қарши ўз вақтида ишлов бераяпти.
Аниқроғи, бугунги кунга қадар далаларга 8 марта трихограмма, 3 марта олтинкўз, 2 марта бракон чиқарилди. Бунда 11 килограмм трихограмма, 4,5 миллион дона бракон, 5 миллион дона олтинкўз каби биомаҳсулот етиштирилгани қўл келди.
Зарарли ҳашаротларга қарши курашишни мавсумий юмуш, деб ўйлаганлар қаттиқ адашадилар. Чунки бу жараён эрта баҳорда бошланиб, кузгача давом этади. Шу боис мавсум давомида мутахассислар ишга масъулият билан ёндашиб, далаларда назоратни кучайтириши, керак бўлса, шошилинч амалий чоралар кўриши зарур. Нега деганда, об-ҳаво иссиқ келганда, ўргимчаккана жонланади, салқин келганда эса кўсак қурти урчий бошлайди. Булар — ҳосилнинг офати. Айниқса, Амударё бўйларида жойлашган бизнинг туманимиз экин майдонларида намлик юқори бўлганлиги туфайли ҳашаротлар кўпайиши доимо хавф солиб туради. 
Шулар инобатга олиниб, дала назоратчиларимиз ҳашарот белги бериши билан унга қарши чора-тадбирлар кўраётгани натижасида хавф тўлиқ бартараф қилинмоқда. Жамоамиз бундан кейин ҳам назоратни бир зум сусайтирмайди. Зотан, август ойида қилинган меҳнат мўл ҳосил гаровидир. Унинг ҳар бир кунини кўнгилдагидек ўтказиш, деҳқонларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига яратилаётган ҳосилни тўлиқ сақлаб қолиш бизнинг бурчимиздир.

Шарифбой САФАРБОЕВ,
Гурлан туманидаги «Шариф» биолабораторияси мудири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn