Ўзбекистон банк тизими: Иқтисодий ривожланишнинг муҳим таянчи
Версия для печати
  • 27 Август 2014

Ўзбекистон банк тизими: Иқтисодий ривожланишнинг муҳим таянчи

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидаёқ мамлакатимизда бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни юзага келтириш, унинг қон томири бўлмиш эркин молия-банк тизимини шакллантириш энг муҳим, шу билан бирга, энг мураккаб вазифалардан бири этиб белгиланди.

Бу жараёнда, Президентимиз таъбири билан айтганда, “биринчи навбатда, иқтисодий негизни барпо этиш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш — янги жамият қуришнинг энг муҳим шарти”ни бажаришимиз лозим эди. Чунки бусиз демократик бозор муносабатларига ўтиш, иқтисодиётни либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мумкин эмас эди.
Шу боис ушбу ўта масъулиятли вазифа ижросига жиддий киришилди ва тарихан қисқа муддатда давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган, халқаро миқёсда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган тамойиллар асосида иқтисодий тараққиётни таъминлашга амалда эришилди.
Таъкидлаш керакки, қўлга киритилган ютуқларда юртимизда икки поғонали банк тизими йўлга қўйилиб, республика Марказий банки томонидан мазкур тизимни бир маромда бошқариш стратегияси пухта ишлаб чиқилганлиги молия муассасаларининг барқарор фаолият юритиши учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди. Натижада улар иқтисодий ислоҳотларнинг таянчи ва мададкорига айланди.
Айтиш жоизки, истиқлолимизнинг илк давридан бошлаб Ўзбекистонда молия-банк тизимини ислоҳ қилиш ва эркинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бевосита давлатимиз раҳбари раҳнамолигида банкларнинг республика пул-кредит сиёсатидаги ролини мустаҳкамлаш мақсадида изчил чора-тадбирлар кўрилгани бугун ўз самарасини бермоқда.
Бунда, табиийки, ушбу тизимни оқилона бошқариб келаётган Марказий банкнинг ўз ўрни бор. Айниқса, сўнгги 5 йил ичида бу тизим ўзининг иш фаолиятини тубдан ўзгартирганини эътироф этиш керак. Аввало, Марказий банкнинг мутасадди ходимлари идорада ўтириб эмас, жойларга чиқиб, халқ орасига кириб, аҳоли билан юзма-юз учрашган ҳолда, очиқ мулоқотлар ва давра суҳбатлари ўтказмоқдалар.
Мазкур тадбирлар асносида улар давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни ривожлантиришга доир фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил тушунтиришлар беришаяпти, меҳнат ярмаркалари ташкил этиб, коллежларни битирган ёшларимизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида керакли дастгоҳларни тақдим қилаяптилар. Пировардида эса минглаб ёшларимиз ўз бизнесига, ўз маблағига эга бўлиб, тадбиркор сифатида юртимиз иқтисодиёти равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Буларни эслашдан мурод шуки, 2008 йилда бошланган жаҳон глобал иқтисодий инқирози кўплаб хорижий давлатларга катта зиён етказгани, минглаб одамлар ишсиз қолгани ҳеч кимга сир эмас. Натижада инқироз оқибатларидан қутулиш учун Буюк Британия 1 триллион, АҚШ 3,5 триллион, Германия 893 миллиард, Россия 222 миллиард, Хитой 570 миллиард АҚШ доллари сарфлаган бўлса, ташқи қарз сиёсатининг нотўғри амалга оширилиши туфайли Греция, Испания, Италия, Ирландия ва Португалия сингари мамлакатларда бюджет тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар ҳали-ҳануз кўзга ташланмоқда.
Юртимизда эса Президентимиз томонидан оқилона сиёсат олиб борилгани, узоқни кўзлаб иш юритилгани, хусусан, Инқирозга қарши чоралар дастури ишлаб чиқилиб, унинг ижроси таъминлангани нафақат давлатимизни бало-қазодан асраб қолди, балки халқимизнинг тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиришига имкон яратди.
Гап шундаки, банкларимиз томонидан айнан 2008 — 2013 йилларда 22 трлн. сўмликдан зиёд кредит маблағлари тадбиркорлар ва ёшларга, 23 трлн. сўмлик сармоялар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга, минглаб юртдошларимиз учун янги иш ўринлари ташкил этишга ажратилди.
Аҳамиятли жиҳати шуки, ана шу кредитлар ташқи қарзга таянмасдан, ички манбаларни жалб этиш ҳисобидан берилди. Бу, албатта, молия муассасаларимизнинг “Банк мижоз учун, халқимиз учун” тамойилига тўла амал қилиб фаолият юритаётганининг ёрқин ифодасидир. Хорижнинг нуфузли рейтинг агентликлари Ўзбекистон банк тизими томонидан олиб борилаётган ишларга юқори ва ҳаққоний баҳо бериб келаётганининг боиси шунда.
Қолаверса, Марказий банк томонидан узоқни кўзлаб юритаётган фоиз сиёсати ҳам диққатга сазовор. Айниқса, қайта молиялаш ставкасини камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тадбиркорларимизга ўз бизнесларини йўлга қўйишда қулай шарт-шароитлар яратди, десак, муболаға бўлмайди. 1996 йилнинг бошида бу кўрсаткич 84 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилнинг 1 январидан қайта молиялаш ставкаси 12 фоиздан 10 фоизга туширилгани бунинг тасдиғидир.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида эса, қайта молиялаш ставкаси нисбатан паст бўлишига қарамасдан, кредит қўйилмаларининг ўсиши 3-10 фоиз оралиғида ўзгариб турибди. Ўзбекистонда-чи? Мазкур кўрсаткич сўнгги 10 йил ичида ўртача 30 фоиздан ортиқроқни ташкил этмоқда.
Юқоридаги таҳлиллар Ўзбекистонда қайта молиялаш ставкасининг иқтисодиётни кредитлашнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун мақбул даражада эканлигидан далолатдир. Шунинг учун ҳам, тадбиркорларимиз банклардан ҳеч бир қийинчиликсиз кредитлар олиб, юқори натижаларга эришмоқда. Шу ўринда мисол тариқасида Фарғона вилоятида бу борада амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтсак. Хусусан, вилоятда тижорат банклари томонидан кичик бизнесни кредитлаш ҳажми сўнгги 10 йил ичида қарийб 23,6 баробар ўсди, ўнлаб янги хизмат турлари жорий этилди. Биргина “Микрокредитбанк”нинг вилоят филиали томонидан кўрсатилган микромолиявий хизматлар ҳажми 2013 йилда 20,9 млрд. сўмликни ташкил этган бўлса, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида мазкур кўрсаткич 12,6 млрд. сўмликка етказилди.
Миллий банкнинг вилоят бошқармаси эса асосий эътиборни давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 28 ноябрдаги  Фармони билан тасдиқланган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури ижросига қаратмоқда. Мисол учун, Қувасой шаҳрида жойлашган “North south textile” масъулияти чекланган жамиятида шу банк томонидан ажратилган 600 млн. сўмлик кредит эвазига ўтган давр мобайнида 384 млн. сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 200 млн. сўмлиги ички бозорда сотилди, 80 минг АҚШ долларилик қисми эса экспорт қилинди.
Мазкур банкнинг Бувайда филиали томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун “Нурафшон зиё текс” хусусий корхонасига 50 млн. сўмлик кредит берилган эди. Бунинг самараси ўлароқ, 5 та иш ўрни яратилиб, 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга чиқарилди.
Шунингдек, вилоятда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари бошқармалари ва филиаллари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда ихчам иссиқхоналар ташкил этишга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаларида кредитлар йўналтирилаётганлиги ҳам қишлоқ аҳолиси учун айни муддао бўлмоқда. Ушбу мақсадлар учун 2012 йилда 8,6 млрд. сўмлик, 2013 йилда 14,4 млрд. сўм миқдорида, шу йилнинг биринчи ярмида эса 10 млрд. сўмлик кредитлар ажратилгани бунга мисол бўла олади.
Вилоятда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини имтиёзли асосларда молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам тижорат банкларининг диққат-эътиборида. Айтайлик, кейинги 3 йил давомида мазкур йўналишга берилган кредитлар ҳажми қарийб 5,5 баравар ўсиб, фақат 2013 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 19 млрд. сўмликка етди.
Мухтасар айтганда, Фарғона вилоятидаги тижорат банкларининг филиаллари томонидан ажратилаётган кредитлар тадбиркорлар, фермерлар ва ёшларнинг бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришда қўл келмоқда. Бу эса юзлаб янги саноат корхоналарини ишга тушириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини орттириш, янги иш ўринларини яратиш орқали юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

Дилшод БОБОЖОНОВ,
“Камалак шабнам текс” МЧЖ раҳбари:
— Корхонамиз “Ипотека-банк”нинг Бухоро вилояти филиали мижози ҳисобланади. Шу йилнинг бошида ушбу банкдан 400 млн. сўм миқдорида сармоя олган эдик. Бу маблағга пахта толасидан газлама ишлаб чиқариш ускуналари ва хом ашё харид қилинди. Ҳозирги кунга қадар эса корхонамизда 1 млрд. 200 млн. сўмлик маҳсулот тайёрлашга эришдик. Бундан ҳам муҳимроғи, банкнинг мадади билан ўн икки кишининг хонадонига барака кирди.
Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, ишлаб чиқаришнинг бошқа йўналишларини ҳам йўлга қўймоқчимиз. Бу борада ҳам “Ипотека-банк”нинг молиявий кўмагига суянамиз. Чунки ҳамкоримиздан кўнглимиз тўқ.

Ван СЯШОУ,
Шанхай Хорижий мамлакатлар билан дўстлик уюшмасининг ижрочи вице-президенти (Хитой Халқ Республикаси):
— Хитой Ўзбекистонни буюк қўшни, қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга бўлган ва ўз олдига қўйган эзгу мақсадлар сари дадил бораётган мамлакат сифатида билади. Инвестициявий ҳамкорлигимиз эса икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Бунда, шубҳасиз, республикада яратилган қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити муҳим аҳамият касб этаяпти.
Юртингизда 455 тадан зиёд Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси самарали фаолият кўрсатаётганлиги, банкларингиз томонидан улар учун қулай шарт-шароитлар яратилгани фикримнинг исботидир. Биз бу ишончни қадрлаймиз ва ҳукуматимиз номидан республикангиз молия-банк тизими раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Хулоса шуки, кейинги йилларда Ўзбекистонимизнинг молия-банк тизимида ўсиш ва барқарорлик кўзга яққол ташланаётир, унга мижозларнинг ишончи янада кучаймоқда. Бу, таъбир жоиз бўлса, мустақиллик шарофатидир. Истиқлолимиз абадий экан, у туфайли амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эса бундан буён ҳам ўзининг юксак самараларини бераверади.

Марказий банк материаллари асосида И. ЎТБОСАРОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn