Андижон вилояти: Обод кўнгиллар, обод манзиллар
  • 22 Август 2014

Андижон вилояти: Обод кўнгиллар, обод манзиллар

…2011 йилнинг 21 майи. Бу сана Андижон шаҳридаги муҳташам Ўзбекистон шоҳкўчаси очилган кун сифатида юртимиз тарихига муҳрланди. Ўша куни қарийб икки километрдан иборат обод ва равон йўлнинг ҳар икки ёқаси одамлар билан тўлиб-тошди.

Янги кўча бўйлаб энг замонавий меъморий ечимлар асосида қад ростлаган кўркам бино-иншоотлар дилларга қувончу ҳайрат  бағишлади. Жуда қисқа муддат — бор-йўғи икки ой ичида яратилган бу гўзаллик ҳақли равишда “Истиқлол мўъжизаси” дея эътироф этилди. Энг муҳими, Ўзбекистон шоҳкўчаси халқимиз бунёдкорлик салоҳияти, обод ва фаровон турмушимиз ифодаси сифатида юртимизнинг яна бир тароватли ҳамда файзли манзилларидан бирига айланди. Шу тариқа Президентимизнинг 2010 йил 18 июндаги “Андижон вилоятида 2011 — 2015 йилларда тураржой массивлари коммунал инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бошланган улкан қурилиш ишлари, эзгулик ва ободлик янада кенг қулоч ёйиб, шаҳару қишлоқлар, қўйингки, кўнгилларгача кириб борди.
Мана, шундан бери орадан уч йил вақт ўтди. Андижоннинг барча ҳудуди чинакам қурилиш майдонига айланди. Натижада ўтган асрнинг 50-60-йилларида тикланган пасқам иморатлар ўрнини икки ва уч қаватли кўркам бинолар эгаллади, минглаб иш ўринлари пайдо бўлди. Хусусан, Андижон шаҳридаги Истиқлол ва Миллий тикланиш кўчалари деярли қайтадан бунёд этилиб, бу ерда 94 та янги иморат қад кўтарди. Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари фаолият бошлаши билан аҳолига қўшимча қулайлик яратилиши баробарида, 1500 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланди. Ҳудуд чиройига чирой қўшилди. Шунингдек, Навоий шоҳкўчасида барпо этилган беш ва олти қаватли муҳташам иморатлар камида 150 йил хизмат қилиши билан аҳоли эътиборига тушди. Умуман, бундай эзгу ишлар натижасида вилоят марказидаги 20 та кўча реконструкция қилиниб, коммунал инфратузилма жаҳон стандартлари асосида янгиланди.
Бинобарин, кейинги йилларда вилоятнинг кўплаб туман ва шаҳарлари қатори Улуғнор ҳам бутунлай янги қиёфа касб этди.
Бу ерда замонавий болалар истироҳат боғи қурилди, қатор ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. Бобур маҳалласида намунавий лойиҳалар асосида тикланган уйлар эса яна 65 та хонадон аҳлининг шаҳардагидек қулай шарт-шароитлар асосида фаровон ҳаёт кечириши учун имконият яратди.

Ишлайдиган давр келди
— Истиқлолимиз берган имкониятни қаранг, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, “GM-Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш технологияси бўлими бош технологи Ҳасанбой Қосимов. — Ишлайдиган давр келди бугун. Ҳозир оддий гугуртдан тортиб, замонавий русумдаги машиналаргача ўзимизда ишлаб чиқарилаётганидан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Маҳсулотларимизни чет элда ҳам бажонидил харид қилишаяпти. Бошқа соҳаларда ҳам жуда илгарилаб кетдик. Муваффақиятларимизни, бой тажрибамизни хорижий давлатлардан келиб ўрганиб кетишаяпти-я. Энг муҳими, одамларимизнинг яшаш тарзи, дунёқараши, кайфияти ўзгарди. Бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ. Ёшларимиз ҳам шунга ўрганишаяпти, шунга интилаяпти. Улар эришаётган оламшумул ютуқларнинг пойдевори шунда! 
Дарҳақиқат, излаган имкон топади, деганларича бор. Мустақил Ўзбекистонимизда эса имкониятлар бисёр! Эзгу орзу-мақсадларимиз, истиқболли лойиҳаларимиз рўёби қалбимизда туғилиб, жўш урадиган истак ва иштиёқимизга боғлиқ.
Мана, оддий бир мисол: Андижон шаҳрида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда биринчи бўлиб уч қаватли бинони бузмасдан жойидан силжитишга эришилди. Гап шундаки, вилоят марказидаги кўчалардан бирини кенгайтириш асносида “Ҳилол” савдо марказини ҳам йўл ёқасидан бир оз ичкарироққа жойлаштириш зарурати туғилди. Шунда олий маълумотли қурувчилар Қосимжон Салоҳиддинов ва Фарҳодбек Усмонов бошлиқ мутахассислар гуруҳи 1,5 минг тоннали бинони бус-бутун ҳолида қарийб 12 метр масофага силжитишнинг уддасидан чиқди.
— Дастлаб ғалати туюлган бу таклиф муваффақиятли амалга оширилди, — дейди “Ҳилол”  савдо маркази директори Ҳалимжон Дадажонов. — Жаҳон амалиётида камдан-кам учрайдиган мазкур юмушни Андижонда қўллаганимиз одамларимизнинг янгиликка бўлган интилишлари, тадбиркорлиги ва ишбилармонлигини кўрсатиб турибди.
Узоқ йиллар давомида вилоятдаги саноат корхоналарида меҳнат қилиб, бири икки бўлмаган мутахассис Ислом Широв ҳам айни истиқлол шарофати билан ўз иқтидор ва салоҳиятини кенг намоён этиш имкониятига эга бўлди. Яъни у юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, кичик бизнес субъектларига давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиб тадбиркорга айланди.
— Бундан ўн беш йил аввал “Спектр” хусусий корхонасини ташкил қилган эдик, — дейди И. Широв. — Ўтган даврда фаолиятимизни босқичма-босқич кенгайтириб бордик. Ишчиларимиз сони ҳам, даромадимиз ҳам кўпайди. Мана, олти йилдирки, Маҳаллийлаштириш дастури асосида “GM-Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамиятига эҳтиёт қисмлар етказиб бераяпмиз. Ҳозир буюртмаларимиз кўп. Келгусида маҳсулотларимиз турини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, юртимизда  ҳалол меҳнат қилган ҳар қандай инсон асло кам бўлмайди.
Айни пайтда вилоятда тадбиркорлик туфайли ҳудуд иқтисодий салоҳияти юксалишига ҳисса қўшаётган бу каби тадбиркорлар сафи кенг. Хусусан, 2014 йилнинг биринчи ярмида Андижонда ушбу соҳа вакилларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 50,4 фоизни ташкил этгани ана шундан далолат беради. Эътиборлиси, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда яна 974 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатга олиниб, уларнинг умумий сони 22 минг 110 тага етди.

Истеъдод ва рағбат
Андижон азалдан моҳир уста-ҳунармандлар замини сифатида ҳам ном қозонган. Машҳур кулоллар сулоласининг ўн олтинчи авлоди вакили Мирзабаҳром Абдуваҳобов, кандакорлик йўналишида ўз маҳорат мактабини яратган избосканлик Йўлбарс Ўтаганов, ўта мустаҳкам металл қоришмасини ўз устахонасида тайёрлашга муваффақ бўлган шаҳрихонлик устазода Раҳматулла Алихўжаев каби фидойи инсонлар шуҳрати бутун мамлакатимизга ёйилган.
“Ташаббус — 2014” республика кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” деб топилган Абдумалик Мадраимов  — шулардан бири. Абу Наср Форобий, ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ аждодларимизнинг миллий созларга бағишланган асарларини қунт билан ўрганган, айниқса, Камолиддин Беҳзод миниатюраларида акс эттирилган чолғуларни диққат билан тадқиқ этган устазода айни пайтда уларни қайта тиклаш устида изланишлар олиб бораяпти. Жумладан, у “ўижжаки Бобурий”, “Дилрабо”, “Дилнаво”, “Мерос”, “Хушнаво”, “Қўштор” деб номланган ажойиб созларни кашф этди. Қувонарли жиҳати, ушбу ноёб дурдоналарнинг товуш тебранишлари соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди.
— Яқинда эрамиздан 300 йил аввал қадимий Афросиёбда қўлланилган чанг (арфа) чолғу асбобини ўрганиб чиқдик, — дейди уста. — Ушбу сознинг таърифи Сурхон воҳасининг Айритом тошбитикларидаги чизмаларда ўз аксини топган экан. Номи эса Алишер Навоий, Абулқосим Фирдавсий, Хусрав Деҳлавий асарларида ҳам тилга олинган. Чунончи, Ҳазрат Навоий “Сабъаи сайёр” достонида ушбу соз оҳангини афсонавий қақнус қушининг куйига қиёслаб: “Бу қақнусвор оҳанг, бу оҳангга энг яқини булбул куйи бўлиши мумкин, қақнусга гўзалликда товус яқин”, дейди. Маълумотларга кўра, Буюк Ипак йўли орқали тарқалган ана шу чанг кейинчалик арфа номи билан танилган. Биз уни тиклашга эришдик.
Дарвоқе, Абдумалик ака ҳунармандчиликнинг ушбу турини бежиз танламаган. Чунки мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани сингари Андижонда ҳам санъатга ошуфта инсонлар кўп. Айниқса, болалигиданоқ мусиқага меҳр қўйиб улғайган йигит-қизларимиз давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир пайтда уларнинг аждодларимиз меросидан баҳраманд бўлиб камол топишлари ниҳоятда муҳимдир.
Эътиборлиси, ҳозир вилоятдаги мавжуд 27 та мусиқа ва санъат мактаби, санъат коллежи, Бадиий академия тасарруфидаги Андижон ихтисослаштирилган  санъат мактаб-интернатида ана шундай шарт-шароитлар муҳайё этилган.
Мана, яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигини тантанавор нишонлаймиз. Андижонликлар ҳам ана шу қутлуғ санага ўзларининг муносиб туҳфаларини ҳозирламоқда. Чунончи, энг улуғ, энг азиз айём арафасида вилоятда роппа-роса 100 та иншоотнинг фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Қолаверса, барча соҳада қўлга киритилган юксак натижалар, салмоқли ютуқлар, юқори ўсиш суръатлари истиқлолимизнинг қутлуғ тўйига тўёна бўлади. Зеро, Ватанимиз ободлиги, ўзимиз яшаётган заминнинг гуллаб-яшнаши, тараққий этишини кўриш, ана шундай беқиёс ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар бир юртдошимиз учун улуғ саодатдир!

Назиржон САИДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn