Замонавий ҳисоб-китоб тизими
  • 20 Август 2014

Замонавий ҳисоб-китоб тизими

пул айланмасини тезлаштириш ва унинг муомаласини такомиллаштиришга хизмат қилади

Иқтисодий жараёнларда нақд пул айланмаси гарчи нақдсиз пул айланмасига нисбатан кам бўлса-да, уни ташкил этиш анчайин меҳнат ва вақтни талаб этади. Банк тизимига электрон ахборот технологияларининг кириб келиши ушбу йўналишдаги серхаражат ишларни янгича ташкил этиш ва такомиллаштиришга шароит яратди. Натижада пул муомаласида дунё бўйича замонавий ҳисоб-китоблар тизими, яъни нақдсиз тўловлар улуши тобора ошиб бораяпти.

Мамлакатимизда ҳам нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш, тижорат банклари томонидан мижозларга янги турдаги сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаяпти.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган пул муомаласини такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, банк тизимига инновацион ахборот технологияларини изчил татбиқ этиш орқали жуда қисқа муддат ичида миллий тўлов тизими шакллантирилди. Айни пайтда барча тижорат банкларини ўз ичига олган пластик карточкалар бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган Банклараро тўлов тизими фаолият кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ҳамда миллий ва халқаро ҳисоб-китобларни аниқ вақтда амалга ошириш, пул-кредит сиёсатини самарали юритиш, пул оқимларини бошқаришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Банк пластик карталари унинг фойдаланувчиси учун ҳам қатор афзалликларга эга. Яъни ушбу универсал тўлов воситасидан товар ва хизматлар учун тўловларни ҳар қандай масофадан туриб ва исталган вақтда амалга ошириш имконияти мавжуд. Натижада бугунги кунга келиб юртимизда “электрон ҳамён”лардан фойдаланиш оммалашди. Муомалага чиқарилган пластик карталар сони 12,4 млн. донадан ортиб, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган тўлов терминаллари эса 149 мингдан зиёдни ташкил этаётгани ана шундан далолат беради. 

Пластик карталар воситасида кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва инфратузилмасининг кенгайиши транзакциялар ҳажмида ҳам яққол акс этмоқда. Айтайлик, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида банк карталари воситасида амалга оширилган транзакциялар ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 40 фоиз кўпайган.

Мутахассислар қайд этганидек, банклар амалиётига замонавий технологияларнинг жорий этилиши янги алоқа воситалари — интернет ва мобиль телефондан фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтирди. Ҳозирги пайтда 57,5 мингдан ортиқ мижоз “Интернет-банкинг”, салкам 363 минг мижоз “Мобиль-банкинг” хизматидан фойдаланаётгани шундай дейишимизга асос бўлади. 

Анжуманда замонавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сафининг ўсишини инобатга олган ҳолда, янги банк маҳсулотларини чиқариш, электрон тижоратни янада ривожлантириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган технологик бозор инфратузилмасини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Бу каби чора-тадбирлар пировардида товар ва хизматлар бўйича тўловлар айланмаси — пул айланмасини тезлаштириш ва унинг муомаласини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn