Бухоро вилояти: Эзгу интилишлар, ғурур ва шижоат
  • 19 Август 2014

Бухоро вилояти: Эзгу интилишлар, ғурур ва шижоат

Бугун Бухоронинг ҳар бир гўшасида бунёдкорлик авж паллада. Хайрли ташвишлар, эзгу ўйлар билан яшаётган одамлар қалбларида шукроналик, эртанги кунга ишонч ҳисси мужассам. Қай жабҳада бўлмасин, бир янгилик, бир ўзгариш.

Хусусан, иқтисодий соҳадаги муваффақиятлар кишини қувонтиради. Агар 2005 йилда вилоят иқтисодиётига 22,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар жалб қилинган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич деярли ўттиз баравар ортди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида эса ҳудудда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми кейинги олти йилда 29,4 мартага кўпайди. 1991 йилда воҳада ғалла ҳосилдорлиги ўртача 23,3 центнерни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 58 центнердан ошиб кетди. Қисқача айтганда, бугун юртимиз — ғалласидан кўнгли тўқ деҳқон, тандир бошидан келмаган новвой, она алласидан масрур гўдак, орзулар осмонида парвоз қилаётган навқирон авлод қиёфасидадир.

«Баҳосини ўзингиз берасиз»

— Мустақиллик фарзанди эканимдан фахрланаман, — дейди Пешку туманидаги “Шуҳратмашсервис” корхонаси ижрочи директори Шерзод Раҳмонов. — Ҳар гал мана бу кўркам маскан — “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий марказига келганимда қалбим ғурурга тўлади. Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган, юз гектардан зиёд майдонни эгаллаган мазкур марказ биз, ёшларнинг энг севимли гўшамизга айланди. Тошкентда бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” республика кўрик-танловидан кейин мана, сиз билан шу сўлим марказда учрашиб турибмиз. Кайфиятим аъло. Негаки, бу нуфузли танловнинг “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналишида ғолиб деб топилдим.

Ёш тадбиркорнинг айтганича бор. Мустақилликнинг муаззам иншооти саналган “Кўҳна ва боқий Бухоро” ёш авлод вакиллари билан ҳамиша гавжум. Биз ана шундай ёшлардан бири Нафосат Шариповани ҳам ушбу марказда учратдик.

— Галаосиё қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқиганман, — дейди у. — Ҳозир “DAEWOO textile Buxara” корхонасида меҳнат қилаяпман. Ишим ўзимга ёқади. Шарт-шароитлар қандай дейсизми? Яхшиси, корхонамизга бориб, ўз кўзингиз билан кўринг. Кейин баҳони ўзингиз бераверасиз.

Нафосатнинг маслаҳатига амал қилиб, корхонага йўл олдик. “DAEWOO textile Buxara” чиндан ҳам кўрса ҳавас қилгулик корхона экан. Бу ерда ҳар бир иш тартибли. Замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Илм-фаннинг енгил саноат тизимидаги энг сўнгги  ютуқлари айнан шу ерда жамулжам бўлгандек туюлади.

— Мен илгари собиқ “Бухоротекс” корхонасида ҳам ишлаганман, — дейди тажрибали ишчилардан бири Майсара Қиличева. — Ўша корхонадаги дастгоҳлар билан мана бу ускуналарни таққослаб, ўртада жуда катта тафовутни кўраман. Илгари дастгоҳлар шовқинидан қулоғингиз том битарди, цехлардаги бўғиқ ҳаводан нафас олиш қийин эди. Иш унумдорлиги ҳам шунга яраша бўлган. Бу замонавий цехларда эса ишлаб роҳатланасан киши.

Корхонада айни дамда 740 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар. Бу йигит-қизлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар Европа, Осиё, Жанубий Америка, МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

— Биргина жорий йилнинг биринчи ярмида беш минг тоннадан зиёд калава ипни хорижлик буюртмачиларга жўнатдик, — дея суҳбатга қўшилади корхона бошлиғи муовини Акмал Ҳамроев. — Яқинда буюртмачиларимиз сони яна биттага кўпайди. Илк бор Японияга ўз маҳсулотимизни экспорт қилдик. Умуман, корхонамиз йилига 13 минг 320 тонна калава ип ишлаб чиқариш имкониятига эга. Улар дунёнинг энг нозиктаъб буюртмачиларига ҳам маъқул тушмоқда...

Дунёни лол этган қўллар

Акмал Муҳитдинов Бухоро туманидаги Қайрағоч қишлоғида яшайди. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган. Наққош. 

Уста қунт билан ишлайди. Она табиатдаги бетакрор манзараларни ёғочга “кўчиради”. Бир устун учун камида 20-30 кун сарфлайди. Уни тайёрлаш жараёнида ёғоч ўймакорлигида ишлатиладиган ўнлаб турдаги исканадан фойдаланади. Акмалнинг қўлидан чиққан нақшинкор устунлар, эшиклар Баҳоуддин Нақшбанд, Мири Кулол, Бобойи Самосий  зиёратгоҳлари, юртимиздаги бир қатор боғ-роғлардаги иншоотларнинг кўркига кўрк қўшиб турибди. Мабодо мустақиллик, у берган имкониятлар ҳақида сўз очилгудек бўлса, табиатан камгап Акмалнинг чечанлиги тутиб кетади.

— Мустақиллик ҳаётимиз, тақдиримизни тубдан ўзгартириб юборди, — дейди у. — Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, илгари мендек оддий қишлоқ йигитининг ҳунар ортидан дунё кезишини тасаввур қилиб бўлармиди? Ҳиндистон, Туркия сингари давлатларда уюштирилган халқаро кўргазмаларда иштирок этганман. Қўл ишлари бўйича дунё фестивалида мамлакатимиз ҳунармандлари биринчи ўринни қўлга киритишгани гувоҳиман. Буларнинг бари миллий ҳунармандчилигимизга бўлган эътибор, биз, халқ амалий санъати усталарига кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасидир.

Акмал истиқлол йилларида миллий қадриятларимизнинг ажралмас бир қисми саналган халқ амалий санъати қайта кўз очди. Унинг унутилаёзган ўнга яқин тури қайта тикланди. Бунда мамлакатимиз Президентининг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. Шу Фармонга мувофиқ, ҳунармандларга солиқ имтиёзлари берилган. Вилоятда айни пайтда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган 775 нафар уста бундай имтиёздан фойдаланмоқда. Шу аснода “Уста — шогирд” анъанаси ҳам мустаҳкам қарор топаяпти. Дарвоқе, Акмалжон ҳам яқин-яқингача таниқли наққош Собир Болтаев, ҳайкалтарош Ҳамро Зойировнинг устахонасидан бери келмасди. Бугун эса унинг ўзи устоз. Атрофида ёғоч ўймакорлигига меҳр қўйган ёшлар тўпланишган. Биз бу ерда ҳатто олис Сурхондарёдан келиб, ҳунар ўрганаётган йигитларни ҳам учратдик.

— Тошкент миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим, — дейди шундай йигитларнинг бири Беҳзод Юсупов. — Наққошлик сирларини янада мукаммал эгаллаш учун атайин Бухорога келиб, Акмалжон акага шогирд тушдим. Насиб этса, ўзим туғилиб ўсган Қумқўрғонда ҳам халқ амалий санъатининг ёғоч ўймакорлиги турини ривожлантириб, эл-юрт хизматини қиламан.

Юрагида ана шундай эзгу тилакларни жо этган киши асло кам бўлмайди. Буни ўз ҳунари билан юртимиз довруғини дунёга таратаётган, “Ташаббус” республика кўрик-танлови ғолиблари — кулол Алишер Нарзуллаев, зардўз Бахшулла Жумаев, Маҳфуза Салимова ва бошқа ўнлаб халқ амалий санъати усталари фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Тинчлик ва спорт — эгизак тушунча

Бухоро шаҳрида яшовчи 81 ёшли меҳнат фахрийси Болта ўаффоров билан спорт ҳақида суҳбатлашгудек бўлсангиз, гапни шукроналикдан бошлайди.

— Юртимиз тинч, энг аввало, шунисига шукр, — дейди у. — Биласизми, Президентимиз ҳар бир чиқишларида тинчлик-омонлик, баркамол авлод тарбияси, бунда спортнинг тутган ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтадилар. Ўзим спортчи эмасманми, бу сўзлар юрак-юрагимдан жой олади. Тинчлик ва спорт эгизак тушунча эканини янада чуқур англагандек бўламан. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Биргина шаҳримизда кейинги йилларда ўнга яқин спорт мажмуаси қад ростлади. Йигит-қизларимизнинг жаҳон, Осиё миқёсидаги ютуқларини кўриб, ўзимни  орзу-армонлари ушалган инсондек ҳис этаман.

Болта аканинг армон ҳақида сўз очгани бежиз эмас. У ёшлигида енгил атлетика билан шуғулланиб дуруст натижаларга эришган. Уч ҳатлаб сакраш баҳсларида республика рекордини ўрнатган ва бу натижани 25 йил давомида ҳеч бир спортчи янгилай олмаган. Аммо шундай маҳоратли енгил атлетикачининг дунё ва Осиё спорт ареналарида ўз кучини синаб кўришдек орзуси орзулигича қолиб кетган. Бугун эса мустақиллик шарофати билан жаҳон ва  қитъа биринчиликларида қатнашиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган юртдошларимиз номини санаб адоғига ета олмаймиз: самбо бўйича жаҳон чемпиони Шуҳрат Хўжаев, Шуҳрат Очилов, Рауф Болтаев, Ришод Собиров, бокс бўйича жаҳон чемпиони Аббос Атоев, шашка бўйича дунё чемпиони Саидқосим Алиев, гимнастикачи Замирахон Саноқулова шулар жумласидан. Муҳими, чемпионларга муносиб издошлар етишиб чиқмоқда. Бухоро шаҳридаги “Нафис” спорт мажмуасида бўлганимизда ана шундай иқтидор эгаларидан бири Сабина Абдураҳмонова билан суҳбатлашдик.

— Олти йилдирки, спортнинг бадиий гимнастика тури билан мунтазам шуғулланаман, — дейди Сабина. — Мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда ўтказилган бир қатор нуфузли мусобақаларда иштирок этишга улгурдим. Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари назарига тушдим. Ўзим эришаётган ҳар бир ютуқ замирида Юртбошимиз раҳнамолигида биз, ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз учун яратиб берилган шарт-шароитлар ётибди, деб ўйлайман. 

Сабинанинг бу самимий сўзларини тинглаб, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиалидан олинган бир маълумот ёдимизга тушди. Унда қайд этилишича, жамғарма ташкил топганидан буён вилоятда юзга яқин спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилган. Энг чекка қишлоқларда ҳам барпо этилган бундай масканларда тинч ва осойишта юртимиз фарзандлари спорт билан шуғулланиб, юксак марраларни кўзлашмоқда.

* * *

Тинч ва обод юртнинг эртаси янада нурли бўлади. Буни қишлоқ ва кентларда амалга оширилаётган бугунги ишлар яққол кўрсатиб турибди. Мана, қадимий ва навқирон шаҳарнинг 5-мавзесини олиб кўринг. Бу маскан қиёфаси кейинги бир-икки йил ичида тубдан ўзгарди. 1-академик лицей, Бухоро автомобиль йўллари, банк ва иқтисодиёт, политехника коллежлари бинолари, қўшқаватли сервис шохобчалари, тураржойлар мавзе кўркига кўрк қўшди. Хусусан, ўндан зиёд кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилгани айни муддао бўлди. Шаҳар марказида эса Абу Али ибн Сино хиёбони барпо этилаяпти. Собиқ ёғ-экстракция заводи ўрнида умумий майдони 13,4 гектарни ташкил этадиган 53 та замонавий кўп қаватли уй қуриш тараддуди кўрилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бугун Бухорода амалга оширилаётган эзгу ишларнинг қамрови ниҳоятда кенг. Муҳими, юртимиз тинч, халқимиз бунёдкорлик оғушида. Бунёдкор элга эса байрамлар ярашади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn