Улуғ мақсадлар, юксак марралар
  • 15 Август 2014

Улуғ мақсадлар, юксак марралар

бунёдкор халқимизнинг орзу-интилишларида намоён бўлмоқда

Юртимизнинг энг азиз маскани — Мустақиллик майдони тўрида барчамизнинг қалбимиз қўридан жой олган дунёда ўхшаши йўқ монумент бор. Бу фарзандини бағрига босиб, унга ишонч билан термилиб турган
Бахтиёр она ҳайкали. Ўзбек онасининг сиймоси. Унга туташ Мустақиллик монументида Ер курраси тасвирланган бўлиб, марказида мамлакатимиз харитаси акс этган. Унга катта ҳарфлар билан “ЎЗБЕКИСТОН” деб ёзиб қўйилган. Президентимиз таклифига кўра, “Мустақиллик ва эзгулик монументи”, дея номланган бу бетакрор мажмуа ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи сифатида барчамизга чексиз ғурур ҳамда ифтихор бағишлаб туради. Ўзбекистон танлаган йўл — Мустақиллик йўлини ўзида ифода этади.
Ҳадемай, истиқлолимизнинг 23 йиллигини кенг нишонлаймиз. Ушбу қутлуғ айёмни муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда турли соҳа вакиллари бўлган юртдошларимизнинг Ватанимиз ҳаётидаги туб ўзгаришларга
доир билдирган ўй-мушоҳадаларига ўз фикр-мулоҳазаларимизни баҳоли қудрат уйғунлаштирган ҳолда баён этишни ният қилдик.
— Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори кўпчилик қатори, биз, маънавият соҳаси вакилларига ҳам катта куч-қувват бағишлади, — дейди филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. — Қарорда ҳаётий бир ҳақиқат бош ғоя сифатида белгиланган: “Ким эдигу ким бўлдик?” Бу барҳам топган мустабид тузумдан кейин мамлакатимизда юзага келган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маънавий вазият, уни бартараф этиш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни, мураккаб синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган халқимиз иродаси, шижоатини яққол ифодалайди. Чунки айнан мустақиллик туфайли дунёда ўзбек деган миллат, Ўзбекистон деган давлат борлигини халқаро жамоатчилик билди, қисқа даврда улкан ривожланиш йўлини босиб ўтган юртимизнинг куч-қудрати, салоҳиятини барча тан олди.
Ҳақиқатан ҳам, мустақиллик остонасида Ватанимиз қандай аҳволда эди, яъни биз ўша кезларда ким эдик?
— Истиқлолга эришгунга қадар, биз ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолган мустамлака бир республика эдик, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов. — Айрим рақамларга мурожаат қилайлик. Шундай улкан ҳудудга эга бўлган Иттифоқда 1990 йилда 9 миллион ишсиз бўлса, унинг бир миллиони Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келарди.
Энг ачинарлиси, биз қолоқ аграр ўлка эдик. Нима учун? Сабаби биз, асосан, аграр соҳада фаолият юритардик. Маҳсулотларнинг асосий қисми пахта хом ашёсидан иборат эди. Унинг экспортидан келадиган тушум эса марказда қоларди. Айни ўша 1990-йилларда саноат корхоналари асосий воситаларининг эскириш даражаси 40 фоиздан юқори бўлган. Бу эса, ўз навбатида, рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имкон бермасди.
— У кунларни эсласак, юрагимиз орқага тортиб кетади, — дея Бўка туманилик меҳнат фахрийси Раҳмон Саидов ҳорғин  ўйга толиб, сўнг давом этади. — Ўша пайтларда мен ижроқўм раиси бўлиб ишлардим. Жуда аянчли бир вазиятни айтиб берай. Туманимиз марказида битта-иккита нон дўкони бўларди. Эрталаб наҳорда келсангиз, юздан ортиқ одам навбатда турарди. Ўйлардик, ҳозир-ку, бир амаллаб турибмиз. Эртага нима бўлади, халққа қандай қилиб нон етказамиз?! Юқоридан келган ҳисоботлар республикада ўша кезлари атиги бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун қолганини, эҳтиёжни қондириш учун беш миллион тонна донни четдан олиб келиш зарурлигини кўрсатиб турарди…
Яна бир ачинарли томони, республика бюджетининг даромад ва харажатлар қисми марказдан қатъий белгилаб қўйиларди. Демак, белгиланган даромаддан бирон сўм ортиқча тасарруф этиб бўлмас, харажатлар ҳам худди шу тариқа  тақсимланганди. Бу иш ҳақими ёки ижтимоий харажатларми, фарқи йўқ эди. Шу боисдан ҳам собиқ тузум даврида Ўзбекистон аҳолисининг турмуш даражаси ўта паст эди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобини мутолаа қилар эканмиз, 1990 йилда республикада вужудга келган кескин ижтимоий-иқтисодий аҳволга доир жуда кўплаб мураккабликлар ва уларнинг сабаблари янада ёрқинроқ намоён бўлади: “...Ижтимоий инфраструктура тармоқлари: соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган. Мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоизи нобоп биноларда жойлаштирилганини айтишнинг ўзи кифоя. Жуда ўткир иқтисодий ва ижтимоий муаммолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Буни, аввало, шундан кўрса бўладики, инсоннинг ҳар томонлама уйғун камол топиши, унинг шахс сифатида маънавий ривожланиши у ёқда турсин, кўпинча яшаш учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмаяпти”.
Асарни ўқишда давом этар эканмиз, неча йиллар мобайнида ҳал этилмаган, халқнинг сабр косасини тўлдирган бундай муаммолар охир-оқибат ижтимоий кескинликка олиб келгани, улар нечоғли оғир ва нохуш бўлмасин, республикамиз раҳбари Ислом Каримовнинг барча муаммолар ҳақида очиқ гапириши, ҳамиша ҳақиқатнинг кўзига тик қараши, бутун масъулият ҳамда жавобгарликнинг залворли юкини ўз зиммасига олган ҳолда, катта дард ва жасорат билан муаммо ҳамда фожиалар оқибатларини бартараф этишнинг амалий ечимларини ишлаб чиққанлиги, уни изчил амалга оширганлигига амин бўламиз.
 “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобини ўқиган ҳар бир киши истиқлол, бугунги тинч-осуда ва фаровон ҳаёт ўз-ўзидан келмаганини янада теранроқ тушунади. Айни чоғда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида нима учун “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат асосий ва бош ғоя сифатида белгиланганини чуқурроқ англаб етади.
Бугунги кунга келиб, эришилган тараққиёт ва ҳаёт даражаси бизнинг ким эканлигимизни ёрқин намоён этиб турибди. Энг аввало, Ўзбекистон иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан айни кезда саноати тез ривожланиб, иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Маълумки, иқтисодий тараққиётни белгиловчи халқаро тамойиллар бор. Энг биринчиси, бу ялпи ички маҳсулот даражаси.
— Мамлакатимизда кейинги тўққиз йилда дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ЯИМнинг ўсиш суръатлари
8 фоиздан кам бўлмаяпти, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов. — Бу жуда юқори кўрсаткич. Яна бир жиҳати, давлатнинг ташқи қарзи масаласи. Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги пайтда Европа Иттифоқи ҳудудида ташқи қарз муаммоси ўзининг энг юқори нуқтасига кўтарилган. Италия, Греция, Испания каби давлатларнинг ташқи қарзи ЯИМнинг умумий ҳажмидан ортиб кетган. Ўзбекистонда эса, ўтган йилни оладиган бўлсак, бу борадаги кўрсаткич 17 фоизни ташкил этди. Бу халқаро амалиётда қабул қилинган энг юқори чегара даража — 30 фоиздан анча пастдир.
Экспортдаги салоҳиятимиз ҳам кўпчилик ҳавас қилса арзирли: ўтган йили умумий экспортимизнинг 72 фоиздан ортиғи тайёр товарлар ҳиссасига тўғри келди. Мана сизга ислоҳотларнинг меваси.
— Ўзим қишлоқда яшайман, — дея фикрини давом эттиради Раҳмон Саидов. — Буғдойзорларимиздаги тилларанг бошоқларни кўрганда, ич-ичимдан фахрланиб кетаман, кўзимга ёш келади. Бўлар экан-ку?! Ҳар йили наинки давлатимиз хирмони, балки фермер ва деҳқонларимизнинг омборлари ҳам ғаллага тўлиб кетади. Шу йилнинг ўзида
8 миллион тоннадан ортиқ ҳосил етиштирилди. Мисли кўрилмаган ютуқ. Биз жуда қисқа вақт ичида ғаллани импорт қилувчи давлатдан экспортчи мамлакатга айландик. Нонларимизнинг хилма-хиллигини, дўконларимиз расталари уларга тўлалигини айтмайсизми?! Шундай кунларга етказганига шукр.
Қишлоқларимизга келинг. Ҳар хонадонда биттадан, айримларида иккитадан автомашина бор. Олдинлари маҳалламизда биттагина телевизор бўларди, ҳозирги кунда ҳар бир ҳовлида бир нечтадан телевизору компьютер бор. Кенг йўллар бўйлаб кетаётиб атрофдаги бири-биридан кўркам уй-жойларни, фарзандларимиз учун қурилган муҳташам мактаб ва коллежларни кўриб, дил қувонади...
Рақамлар ўз моҳиятига кўра, худди битиклар каби тарих саҳифаларидан жой олади, муайян вақт, даврда амалга оширилган ишлар миқёси, кўрсатилган хизматлар кўламини белгилайди. Шу жиҳатдан олганда, қулай инвестиция муҳити ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами эътиборни тортмай қолмайди. Фаол инвестиция сиёсати мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ҳамда манбаи ҳисобланади. Далил сифатида яна рақамларга мурожаат қиламиз. Истиқлол йилларида юртимиз иқтисодиётида АҚШ доллари ҳисобида 162 миллиарддан ортиқ капитал маблағ ўзлаштирилган ва бунинг 56 миллиард доллардан зиёди хорижий инвестициялардир.
— Ўтган йилнинг ўзида 13 миллиард доллардан ортиқ капитал қўйилмалар ўзлаштирилган бўлса, — дейди Т. Бобоқулов, — унинг 2,2 миллиарди хорижий инвестициялар ва унинг 70 фоиздан зиёди тўғридан-тўғри чет эл сармояларидир. Хўш, хорижлик инвесторларнинг нима учун бизга нисбатан ишончи юқори? Бунинг жавоби шуки, аввало, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратилган. Қолаверса, давлат томонидан бу жараённи қўллаб-қувватловчи, МДҲ мамлакатларининг ҳеч бирида учрамайдиган тажриба юзага келган. Бугунги кунда ҳукуматимиз қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг ташқи муҳандислик-коммуникациясини юз фоиз ўзи молиялаштиради. Мана, биргина Устюрт газ-кимё мажмуасини олайлик.  Унинг ташқи муҳандислик-коммуникациясини яратиш учун 212 миллион долларлик маблағ керак. Ва буни давлатимиз ўз зиммасига олган. Демак, инвестор ана шундай қийматдаги харажатдан халос бўлаяпти. Табиийки, бундай имтиёзлар ҳар қандай сармоядорнинг йирик лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқишини кучайтиради...
Таъкидлаш жоиз, Ватанимиз ҳаётининг бугуни кечагисига, эртаси бугунига ўхшамайди. Негаки, юртнинг ҳар бир гўшасида янгиланиш, қурилиш, ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёзган. Кишилар қалбида ғурур, янги мақсадлар, марралар сари интилиш иштиёқи ҳукмрон бўлса, янги авлод ният-орзусида муаззам тупроқни янада эъзозлаш, унинг табаррук номини дунёга ёйиш истаги мустаҳкам ўрин олган. Буларнинг барчаси Президентимизнинг оқилона сиёсати, мустақиллигимиз шарофатидандир. Шу боис ҳам “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя айни дилимиздаги орзу-умидларнинг ифодаси сифатида янграмоқда.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn