«Libramont — 2014» қишлоқ хўжалиги ва паррандачилик маҳсулотларини намойиш этди
  • 15 Август 2014

«Libramont — 2014» қишлоқ хўжалиги ва паррандачилик маҳсулотларини намойиш этди

Яқинда Бельгиянинг Либрамон шаҳридаги кўргазмалар марказида анъанавий “Libramont — 2014” халқаро қишлоқ хўжалиги ва паррандачилик маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Европадаги энг йирик анжуманлардан бири ҳисобланадиган мазкур кўргазмада қишлоқ ва ўрмончилик хўжалиги, чорвачилик соҳасига ихтисослаштирилган етакчи компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган ранг-баранг маҳсулотлар, технология ва асбоб-ускуналар дунёнинг турли мамлакатларидан келган харидорлар эътиборига ҳавола этилди.
Кўргазма ҳар йили муайян соҳага бағишланади. Жорий йил саксонинчи маротаба ўтказилган ушбу халқаро тадбирнинг мавзуи “Ёш фермерлар учун қишлоқ хўжалигидаги умумий сиёсат” деб номланди.
Бу йил кўргазмада Европадаги, жумладан, Бельгиядаги 1800 нафар етакчи фермерлар, чорвадорлар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини намойиш қилди. Кўргазма марказининг майдони 80 минг квадрат метрни ташкил этди. Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, 200 минг нафардан зиёд киши, шу жумладан, бир қатор хорижий делегацияларнинг аъзолари кўргазма иши билан танишдилар.
“Libramont” доирасида симпозиумлар, семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Уларда соҳа экспертлари, етакчи концернлар, компанияларнинг топ-менежерлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик бош-
қарув идораларининг раҳбарлари иштирок этди.
Ушбу нуфузли кўргазма ишида мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси вакиллари ҳам қатнашди. Асосий эътибор намойиш этилаётган маҳсулотлар билан танишишга, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи учун замонавий технологияларни жалб қилиш имконини берувчи узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларга қаратилди.
Республикада илғор қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва чорвачилик маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасига сармояларни жалб қилиш мақсадида делегация томонидан ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон аграр жабҳаси салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унинг якунларига кўра, хорижий компаниялар вакиллари Ўзбекистоннинг манфаатдор ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Хусусан, Валлониянинг “AWE” чорвачилик уюшмаси директори Алаин Хогге “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида республикада қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, Ўзбекистонда хорижий компанияларнинг сармоявий фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳолади.
— Ўзбекистон делегациясининг мазкур кўргазмадаги иштироки мамлакатингиз, унинг иқтисодиёти ва аграр соҳадаги салоҳияти билан яқиндан танишиш имконини берди, — деди у. — Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиши суръатлари ҳақидаги маълумотларда юртингизда эришилган муваффақиятли натижалар ўз аксини топган. Шуниси қувонарлики, мустақиллик йилларида мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажми икки баробарга, 2014 йилнинг биринчи ярмида эса 6,9 фоиз ошган. Уюшмамиз қорамолларнинг айрим зотларини кўпайтириш, шунингдек, фермер хўжалигини юритиш ва ташкиллаштириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Ўзбекистондаги деҳқон ва фермер хўжаликлари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, шу мақсадда ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилишга тайёрмиз.
Ўз навбатида, “Horsch” компанияси (Германия) минтақавий менежери Жозеф Марфей 1984 йили Бавариянинг Зитценхоф қўрғони ҳудудида ташкил этилган ўз компаниясининг ишлаб чиқариш майдонларида қишлоқ хўжалиги машиналари яратилишини ҳамда улар Европа ва МДҲ мамлакатларида бозори чаққон маҳсулот сифатида харид қилинаётганини айтди.
— “Horsch” компанияси раҳбарияти таъминотчилар билан узоқ муддатли ҳамкорликнинг йўлга қўйилишига катта аҳамият беради, — деди у. — Шу ўринда Ўзбекистон билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилганини, компаниямиз мамлакатингиз бозорида фаолият кўрсатаётганига уч йилдан ошганини қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Биз мамлакатингизда саноат корхоналарини замонавий юқори технология асбоб-ускуналари билан жиҳозлашга, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш асносида экспорт салоҳиятини барқарор ўстириш, экспортга йўналтирилган, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилаётганидан хабардормиз. Кўрилаётган чора-тадбирлар юртингизга хорижий капитални жалб этишга ҳамда иқтисодиётнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади.
Люксембургнинг “Maxam” компанияси вакили Стефан Блиндербег Ўзбекистон бозорининг жозибадор эканлигини қайд этар экан, истиқболда қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналарни ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти мавжуд эканлигини таъкидлади. — Ҳозирги даврда мамлакатингиз ҳукумати иқтисодиётнинг реал секторида техник ва технологик юксалиш асосида мамлакатнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш сиёсатини юритмоқда, — деди у. — Қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва уларни модернизациялаш алоҳида эътибор талаб қилади. Саноат тараққиётининг рамзи бўлган машинасозликнинг ҳамда бутловчи эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришнинг ривожи бу жараёнда етакчи ўринга эга бўлмоғи лозим, деб ўйлайман.
Биз ўз маҳсулотларимизни дунёнинг кўплаб мамлакатларига таклиф қилмоқдамиз. Ўзбекистон бозорининг истиқболли эканлигини инобатга олган ҳолда, ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрмиз.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn