Изланиш — муваффақиятлар гарови
  • 04 Февраль 2014

Изланиш — муваффақиятлар гарови

Бугун мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди. Сабаби, барча янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўтган йили Самарқанд вилояти иқтисодиётида эришилган натижалар бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, вилоят саноатидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, Жомбой туманидаги “Амин Инвест Интернешнл” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси алоҳида тилга олиниши бежиз эмас. Чунки ушбу корхона, мана, ўн олти йилдирки, ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Корхона фаолиятида кейинги уч-тўрт йил, айниқса,  ривожланиш даври бўлди. Чунки мазкур вақт давомида унинг цехлари  Швеция, Германия сингари мамлакатлардан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Натижада маҳсулот тури кўпайди, сифати эса янада яхшиланди.  Энг муҳими, маҳсулот ишлаб чиқаришдаги барча жараённи шу ернинг ўзида амалга ошириш имконияти вужудга келди. Масалан, корхонага олиб келинган пахта толаси, энг аввало, йигирув цехида ип ҳолига келтирилади. Кейин ундан мато тўқилади. Учинчи босқичда эса матоларга ранг берилиб, пировардида турли кийим-кечаклар тикилади.
— Ҳозирги кунда 14 турда либослар ишлаб чиқараяпмиз, — дейди корхона директори  Эмма Кастамирова. — Жамоамизда меҳнат қилаётган 500 нафардан зиёд маҳаллий мутахассислар учун етарлича шарт-шароит яратилган. Жумладан, уларга икки маҳал иссиқ овқат берилади. Байрам ёки бошқа  тадбирларда илғорлар мунтазам рағбатлантириб борилади. Буларнинг бари олдимизга қўйган мақсадларимизни муваффақиятли амалга оширишда қўл келаяпти.
Корхонада ўтган йили  2 миллион 333 минг  дона кийим-кечак тикилиб, унинг 85 фоизи экспорт қилингани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. Бунда Холбуви Узоқова, Нозимаой Норқулова, Дилфуза Турдиева, Нафиса Турсунова, Гулсара Аллаёрова, Саломат Мамасолиева, Матлуба Умарова, Гулчеҳра Фозилова сингари тикувчиларнинг муносиб улуши бор, албатта.
Бундан ташқари, корхонада тумандаги кам таъминланган оилаларга, вилоятдаги Меҳрибонлик уйларига ҳомийлик ёрдами кўрсатиш ҳам яхши анъанага айланган.
Корхона жамоасининг келгуси режалари ҳам бисёр. Соғлом бола йили муносабати билан болалар спорт кийимлари тикишни ўзлаштириш шулардан бири ҳисобланади. Бундан кўринадики, улар бозор талабини пухта ўрганиб, замон билан ҳамнафас қадам ташлашга интилмоқда. Бу эса муваффақиятлар гаровидир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn