Қирқ оиланинг қўшимча даромади
  • 15 Август 2014

Қирқ оиланинг қўшимча даромади

Паркентлик ҳунарманд Зулхумор Эрматова 40 оилани қўшимча даромад манбаига эга қилди.

Гап шундаки, моҳир гиламдўз бундан сал аввалроқ иштиёқманд аёлларга ҳунарининг сир-асрорларини ўргатишга киришганди. Эндиликда шогирдларидан дастлабки 40 нафари уй ва рўзғор ишларидан ажралмаган ҳолда мустақил гилам тўқишни бошладилар. Ҳунарманднинг ўзи шогирдларига ҳар бир буюртма учун тегишли андоза асосида ёғочдан махсус ускуна
ва дастгоҳлар  етказиб бермоқда.
Анъанавий услубда тўқилаётган ранг-баранг гилам ва гиламдўзлик маҳсулотларини қўл меҳнати мўъжизаларига менгзашлари бежиз эмас. Асосий хом ашё — қўй жуни ҳунарманднинг катта меҳнати билан калавага, ўткир зеҳни ва нозик диди билан сержило маҳсулотга айланади.
— Бу йил коллежни тамомладим, — дейди шогирдлардан бири Чарос Мусаева. — Энди шахсий бизнесимни йўлга қўйиш ҳаракатидаман. Бу борада эгаллаган ҳунарим жуда қўл келади.
Ҳунарманднинг айтишича, Паркент гиламлари хорижда, айниқса, харидоргир экан. Унинг квадрат метри ташқи бозорда 1-1,5 минг АҚШ долларигача баҳоланиши шундан далолат беради. Эътиборлиси, ҳунарманд ва унинг шогирдлари томонидан тўқилаётган маҳсулотлар ҳамкор фирмалар кўмагида 100 фоиз экспортга чиқарилмоқда.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn