Қуёш энергияси ва фаровонлик
  • 14 Август 2014

Қуёш энергияси ва фаровонлик

Бугунги кунга келиб дунё ҳамжамияти энергия ишлаб чиқаришда қўшимча имкониятларни юзага чиқариш давр талаби эканлигини чуқур англаб етди. Зеро, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларини излаб топиш ва уларнинг самарадорлигини оширишнинг сабаб ва омиллари жуда кўп.

Масалан, бу, аввало, жаҳон иқтисодиётида энергияга бўлган талабнинг йил сайин ортиб бораётгани, айни пайтда барчамиз билган ва кундалик ҳаётимизда фойдаланаётган анъанавий углеводород хом ашёси бўлмиш нефть ҳамда газнинг янги манбаларини ўзлаштириш тобора қийинлашиб, қазиб олинаётган ёнилғини сарф этиш миқдори мисли кўрилмаган даражада ортиб бораётгани, мазкур жараён эса атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига сезиларли тарзда таъсир кўрсатаётгани билан чамбарчас боғлиқ. 

Халқаро экспертларнинг фикрича, дунёда ҳозиргача маълум бўлган нефть захиралари 54,2, газ 63,6, кўмир эса 112 йилга етиши мумкин экан, холос. Мана шу рақамлардан ҳам кўринадики, энергиянинг энг самарали ва истиқболли усулларини ҳаётга жорий этиш, илмий ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини ҳар томонлама жадал ривожлантириш айни заруратдир.

Айни пайтда жаҳон миқёсида қайта тикланувчи энергия манбаларининг 2 та — қуёш ва шамол йўналиши анча оммалашмоқда. Буни кейинги ўн-ўн беш йил давомида нефть сарфи 13, табиий газ 31,4, кўмирда эса 56,4 фоиз ўсгани ҳолда, уларнинг муқобилидан фойдаланиш даражаси 260 фоизга етгани ҳам тасдиқлаб турибди.

Европа фотоэлектрик саноати ассоциацияси  (EPIA) таҳлилчиларининг маълумотига кўра, 2011 йилда дунёда жами  ўрнатилган фотоэлектрик станцияларнинг  қуввати 29,7 ГВтни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бундай станцияларнинг жами қуввати 38,9 ГВтга етказилди. Бу борада, айниқса, Италия, Германия давлатлари етакчилик қилмоқда. 

Маълумки, Ўзбекистон ҳам муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергияси ишлаб чиқариш борасида улкан табиий имкониятга эга мамлакат. Бошқача айтганда, юртимизда деярли барча фасл, аниқроғи, йилнинг 300 дан ортиқ кунида офтоб заминимиз узра ўзининг заррин нурларини сочиб туради. Қолаверса, юртимиз ҳудудида ўзига хос шамол йўллари ҳам мавжуд. Демак, бизда муқобил энергиядан фойдаланиш жуда истиқболли. Ўтган йили “Қуёш энергияси технологиялари тенденциялари ва истиқболлари” мавзуидаги Осиё қуёш энергияси форумининг 6-йиғилиши айнан Ўзбекистонда ўтказилгани, унда кўплаб олим ва мутахассислар соҳа олдида турган муаммоларни таҳлил этиб, келгуси режаларни белгилаб олгани бежиз эмас. 

Чиндан ҳам, республикамизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ишлар тобора ривожлантирилмоқда.  Жумладан, “Электр энергетикаси тўғрисида”ги ва “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий ишларни жадаллаштирди.

Электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш суръатини ошириш, бу жараёнда ишлатиладиган табиий ресурслар сарфини камайтиришга эришишда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш даражаси такомиллаштирилаяпти. 

Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Қуёш энергияси халқаро институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида иш бошлаган муассасамизни ҳам шундай саъй-ҳаракатлар самараси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Негаки, унда институтимиз жамоаси зиммасига соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомчиси сифатида қуёш энергиясидан саноат кўламида фойдаланиш учун юқори технологик ишланмаларни амалга ошириш, қуёш энергияси салоҳиятини илғор ва самарали технологиялар асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш, шу жумладан, махсус материалларни синтез қилиш ва уларга термик ишлов бериш технологияларини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ амалий тадқиқотларни ўтказиш, қуёш энергетикаси соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ҳужжатларни тайёрлаш жараёнини координация қилиш сингари кўплаб вазифалар юклатилди. 

Институтимизда ушбу йўналишларда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айтайлик, айни пайтда мамлакатимиз  энергетикасининг асосини газда ишлайдиган 10 та иссиқлик электр станцияси ташкил қилади. Бу, табиийки, йилига салмоқли миқдорда ёнилғини сарфлайди.  Мазкур масалага эса комбинацияланган қуёш-иссиқлик станцияларини такомиллаштириш орқали унинг иссиқлик қисмига қуёш энергиясида ишлашга мўлжалланган қўшимча қисмни қўллаш билан ечим топиш мумкин. Бунда сувни қуёш нури орқали олдиндан иситиб, сўнг уни газ ёқиш орқали буғ ҳолатига айлантирилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бу жараёнда сезиларли даражада газ иқтисод қилинади.

Бундан ташқари, институтимиз йирик фотоэлектрик станцияларни қуришда ҳам фаол иштирок этмоқда. Самарқанд вилоятида бунёд этилаётган қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станцияси шундай лойиҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу иншоот нафақат Ўзбекистон, балки Марказий  Осиё минтақасида беқиёс эканлиги билан, айниқса, аҳамиятлидир. 

Шу билан бирга, фотоэлектрик станцияларни қуришда тажриба орттириш мақсадида хорижий компаниялар билан алоқалар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам диққатга сазовор. Хусусан, Корея фотоэлектрик ассоциация (KOPIA)си ҳамкорлигида Наманган вилоятининг Поп туманидаги Янгиобод қишлоғида қуввати 100 КВт бўлган фотоэлектрик станция қурилиши режалаштирилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу станция келажакда бошқа йирик станцияларни қуриш учун ўзига хос тажриба майдони, пойдевор вазифасини ўтайди. Яъни унда бундай станцияларнинг Ўзбекистон географик ва иқлим шароитида ишлаш жараёни, шу каби станцияларни тармоқларга улаш ҳамда бошқа жиҳатлари ўрганилади. Станция маромида ишлаши учун эса “Hanwha”, “JSPV”, “S-Energy”, “TOPSUN”, “KAKO” сингари соҳанинг илғор компанияларида тайёрланган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади. 

Хуллас, эндиликда муқобил энергиядан фойдаланиш иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасини ривожлантирувчи тежамкор ва самарали усул эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Қолаверса, муқобил энергия манбалари анъанавийларига нисбатан тежамкорлиги, экологик жиҳатдан безарарлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг қуёш, шамол, денгиз тўлқинлари, ер қаърининг геотермал, кичик гидроэнергетика, биомасса каби кўплаб турлари мавжудлиги эса бундай манбалардан фойдаланиш даражаси янада кенгайишидан далолат беради. Зеро, муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишларини жадаллаштириш иқтисодий барқарорликни таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш омилидир.

 

Ойбек ТУРСУНҚУЛОВ,

Халқаро қуёш энергияси институтининг бўлим бошлиғи.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn