Молиявий барқарорликнинг муҳим омили
  • 14 Август 2014

Молиявий барқарорликнинг муҳим омили

Мамлакатимизда банк тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ молия муассасалари барқарорлиги таъминланиб, ликвидлиги изчил ошиб бормоқда. Бунда, шубҳасиз, уларнинг фаолиятига оид ташкилий-ҳуқуқий пойдевор халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштирилаётгани салмоқли роль ўйнаяпти.

Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани бу борада долзарб аҳамият касб этди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжатнинг пишиқ-пухта ишлаб чиқилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тегишли қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари фаол қатнашди. Уни маромига етказиш мақсадида ишчи гуруҳ йиғилишлари, қатор семинарлар, давра суҳбатлари, сайловчилар билан учрашувларда батафсил муҳокамалар ўтказилди, жамоатчилик экспертизаси ташкил қилинди. Пировардида келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида мазкур ҳуқуқий ҳужжат янада такомиллаштирилди. 

Хўш, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши жамиятга, одамларга нима берди, қандай нафи тегаяпти? 

Аввало, таъкидлаш лозимки, унга мувофиқ, кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш ва кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш тизими тубдан такомиллаштирилди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Кредит ахбороти миллий институти ҳамда “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси фаолият юритиб келаётир. Улар банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг қарздорлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тегишли ахборотлар базасини шакллантириш вазифаларини бажармоқда. 

Шубҳасиз, мазкур Қонуннинг ишлаш самарадорлигини аниқлаш, мавжуд камчиликларни ўрганишда парламент назоратидан самарали фойдаланиш яқиндан кўмак беради. Шу мақсадда қуйи палата Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан эшитув ўтказилиб, унда соҳада амалга оширилаётган ишлар муфассал таҳлил этилди. 

Назорат тадбирида маълум бўлдики, кредит ахбороти алмашинуви бўйича ҳуқуқий база яратилиши натижасида кредит таваккалчилиги камайди, кредит интизоми мустаҳкамланди, кредит портфели сифати янада яхшиланди. Муаммоли активлар бўйича захира яратиш харажатлари озайди, кредит портфели ҳажми ошиб, кредит бозорида рақобат кучайди ҳамда фоиз ставкалари пасайди.

Мисол учун, мазкур Қонун қабул қилингунгача ушбу ахборотлар базасида 511 380 нафар юридик шахс ва 321 452 нафар жисмоний шахс тўғрисида маълумотлар мавжуд эди. Ҳуқуқий ҳужжат амалиётга жорий этилиши туфайли йил бошига келиб, ушбу кўрсаткич мос равишда 839 007 нафар ва 2 778 785 нафарга етди. Ёки бўлмаса 2011 йил давомида кредит ташкилотларига тақдим этилган кредит ахборотлари сони 75 000 тани ташкил қилган эди. Қонун кучга киргач, бу беш баробар кўпайди.

Кўриниб турибдики, булар кредитлар ҳажми ошиши, ишончли мижозларга минимал талаблар асосида кредит берилишига туртки бўлаётир. Бу кредит бозоридаги соғлом рақобат янада кучаймоқда дегани ҳамдир. Демак, ушбу Қонуннинг қабул қилинишидан кўзда тутилган мақсадларга эришилаяпти.

Маълумки, мазкур Қонунда кредит ахбороти ва кредит тарихи таърифлари аниқ белгилаб берилган. Бу эса кредит ахбороти алмашинуви тизими маълумотлар базасини кенгайтирди. Пировардида бугунги кунда нафақат банклар, балки микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг, суғурта муассасаларининг кредит ахбороти алмашинувида иштирок этиши таъминланди. 

Ана шу интилишлар самаралари халқаро миқёсда ўз эътирофини топаётгани эътиборлидир. Масалан, Жаҳон банкининг ҳар йили эълон қилинадиган “Doing Business” тадқиқоти якунларига кўра, Ўзбекистон “Кредитлаш” йўналиши бўйича юқори баҳоларга эришиб келаяпти. Юртимизда “Кредит ахборотининг кенглиги” индекси йил сайин ўсиб бораётгани бунга бир мисолдир. Чунки Қонун амалиётга жорий этилишидан олдин ушбу кўрсаткич 3 балл эди. У кучга киргандан сўнг мамлакатимиз энг юқори 6 баллик имкониятдан 5 баллга муносиб кўрилаяпти. Шунингдек, халқаро экспертлар Марказий банкнинг Кредит ахбороти миллий институти (давлат реестри) фаолиятини юқори баҳолаб, амалдаги иш тартиби айрим ривожланган давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади. 

Мухтасар айтганда, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши соҳани халқаро талаблар даражасида янада такомиллаштириб, Ўзбекистонда замонавий кредит ахбороти алмашинуви тизимининг ташкил этилишини таъминлади. Кредит тарихи институти орқали банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг кредит хатарларини сифатли ҳамда тез таҳлил қилиш, интизомли қарздорларга эса ўз кредит тарихларини таъминот сифатида фойдаланишга кенг имконият яратиб берилди. Қонун молия-банк соҳаси барқарорлиги ва ривожида, демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришда, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашда муҳим ҳуқуқий асослардан бирига айланди.  

 

Қобилжон ТОШМАТОВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn