Тараққиётнинг улуғвор йўли
  • 13 Август 2014

Тараққиётнинг улуғвор йўли

Юртимизнинг ҳар бир гўшасини байрам нашидаси чулғаб олган айни шу кунларда истиқлол йилларида эришган улкан ютуқ ва натижаларимизнинг туб омил ҳамда мезонлари ҳақида фикр юритар эканмиз, аввало, Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилиб, изчиллик ва қатъият билан ҳаётга жорий этилган, дунё миқёсида тараққиётнинг “ўзбек модели” дея тан олинган мустақил ривожланиш йўлимиз ҳақида тўхталишимиз табиийдир. 

Бу йўлнинг асосий тамойиллари қандай мураккаб синов ва машаққатлар, қизғин тортишувлар, кўп йиллик ҳаётий тажриба маҳсули сифатида вужудга келганини, ана шу қоида ҳамда тамойилларнинг ҳар томонлама тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Бундай пайтда ўзимиз танлаган тараққиёт йўлидан қатъий ишонч билан бораётганимиз, бугун тарихга айланган улуғвор ишларимиз кўз олдимизда қайта-қайта намоён бўлади.

 

Тарихимизда янги даврнинг бошланиши

Ўзбекистонда 80-йиллар охирида собиқ шўролар тизими томонидан юритилган мустабид сиёсат оқибатида тўпланиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, халқимизга, унинг қадриятларига нисбатан адолатсиз ва беписанд муносабатда бўлиш оқибатида оғир ҳамда ўта таҳликали вазият вужудга келган эди. Озгина учқун чиқса, бутун юртимиз, минтақамиз тўхтатиб бўлмайдиган ўт-аланга ичида қолиб кетиши мумкин эди.

Шундай оғир вазиятда Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари этиб сайланди. Юртбошимиз эртаси куниёқ ҳукумат мажлисида нутқ сўзлаб: “Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деганди. Бамисоли тиниқ осмонда чақмоқдек чақнаган ушбу даъваткор хулоса республикамиз раҳбарининг мавжуд вазиятнинг келиб чиқиш сабабларини, уни бартараф этиш йўлларини яхши билишини, айни пайтда Ўзбекистоннинг ёруғ истиқболи учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга, бу борада бутун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини яққол намоён этди.

Миллат тақдири ҳал бўлаётган ўша дамларда Юртбошимизнинг мустақилликка эришишдек олий мақсад йўлида халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, узоқни кўзлаб, қатъият билан қарорлар қабул қилганлиги миллий давлатчилик тарихимизда янги даврни бошлаб берди. 

Буларнинг барчаси юртимизда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар стратегиясининг пойдевори, концептуал негизи ва устувор йўналишларига ўша синовли йилларда асос солинганини кўрсатади. 

 

Нусха олинмаган ўзига хос модель

Дунёда ХХ асрнинг бошларида мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг Америка ва Европа моделлари, Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса ўзига хос Германия ва Япония моделлари шаклланди. Кейинчалик ўзини тўлиқ оқлаган Жанубий Корея, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида тараққиёт моделлари юзага келди. Шунингдек, мустақилликка эришган Осиё ва Африка мамлакатларида кўпроқ бошқа моделлардан андоза олинган йўллар танланди. Лекин ушбу давлатлар тажрибаси бирон бир давлатнинг ривожланиш йўлини тўғридан-тўғри қабул қилиб бўлмаслигини амалда исботлади.  

Охирги чорак асрда собиқ иттифоқ республикалари ва Шарқий Европа мамлакатлари туб ислоҳотлар йўлидан борди. Уларнинг ичида Ўзбекистон танлаган йўл ўзининг ҳаётийлиги ва амалий натижалари билан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан кейин бизнинг ўзига хос тараққиёт йўлимизга унча хайрихоҳ бўлмаган мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ҳам уни тан ола бошлади.

Жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилган фундаментал, назарий жиҳатдан чуқур асосланган ва пухта ишлаб чиқилган машҳур бешта тамойилга асосланган, “ўзбек модели” деб ном олган ислоҳотлар ва иқтисодий тараққиёт модели ҳаётда тўлиқ ўзини оқлади. 

Айрим халқаро молиявий ташкилотларнинг ривожланган давлатларда қўлланилган бозор механизмларидан кўр-кўрона нусха кўчириб, ёш Ўзбекистонимизни “синов майдончаси”га айлантиришга бўлган уринишлари, “шок терапияси” усулларидан фойдаланиш бўйича берган тавсияларига танқидий ёндашдик ва уларни рад этдик.  

Мустақил тараққиёт йўлининг ҳал қилувчи тамойилларини ишлаб чиқишда принципиал аҳамиятга эга уч масалага асосий эътибор қаратилганлиги унинг ҳаётийлигини таъминлади.

Биринчидан, миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг менталитети, Ўзбекистоннинг геостратегик ўрни, мамлакатимиздаги демографик вазият, реал табиий ва иқтисодий салоҳият инобатга олинди.

Иккинчидан, эски тузум даврида юритилган мустабид сиёсат натижасида шаклланган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазият чуқур ўрганилди, мавжуд муаммо ҳамда номутаносибликларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил қилинди ва мантиқий хулосалар чиқарилди.

Учинчидан, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларнинг тараққиёт моделлари ҳар томонлама ўрганилди ва уларнинг мақбул бўлган айрим жиҳатларидан ўзимизнинг шарт-шароитимизга мослаштирилган ҳолда фойдаланилди.

2009 йилдан эътиборан, яъни молиявий-иқтисодий инқироз юқори нуқтага кўтарилган пайтдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга бағишланган нуфузли халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши анъана тусига кирди. Уларда иштирок этган йирик иқтисодчи олимлар, сиёсатчилар, эксперт ва таҳлилчилар Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини тўла қўллаб-қувватлаб, бу тажрибани бошқа давлатлар амалиётида қўллаш бўйича тавсиялар бердилар.

 

Ютуқларимизнинг бош омили

Юртимизда тинчликни сақлаш масаласига ички ва ташқи сиёсатимизнинг устувор вазифаси сифатида қаралганлиги миллий ривожланиш стратегиямизни муваффақиятли амалга оширишнинг бош омили бўлди. Чунки кўплаб мамлакатларда бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш аксарият ҳолларда фуқаролар урушлари, қон тўкишлар, сиёсий тўқнашувлар, иқтисодий бўҳрон, умуман олганда, ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт издан чиққан ҳолда амалга оширилгани тарихдан яхши маълум. 

Ҳозир дунёда содир бўлаётган воқеалар ҳам буни яққол исботлаб турибди. Агар юртда тинчлик-барқарорлик бўлмаса, энг пухта ишланган стратегияларни ҳам амалга ошириб бўлмаслиги, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш имконсиз эканлиги барчага яхши аён. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи — юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда”.

Энг оғир, бутун бир минтақанинг тақдири ҳал бўлаётган қалтис дамларда Президентимизнинг ўта вазминлик билан, нафақат ўзбек халқининг, балки биз учун қардош бўлган қўшни халқлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, узоқни ўйлаб, оқилона қарорлар қабул қилганлиги нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишнинг асосий кафолати бўлди. 

 

Ўзгаришларда эзгу мақсад инъикоси

Мустақиллик йилларида катта ишонч ва улуғ ниятлар билан ҳаракат қилиб, янги жамият барпо этиш борасида жаҳон ҳамжамияти тан олган амалий натижаларга эришдик. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида тубдан янги сиёсий-иқтисодий тизим шаклланди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бозор муносабатларига асосланган миллий иқтисодиёт барпо этилди. 

Жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ишларимиз “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, авваламбор, инсон учундир” тамойили асосида амалга оширилди. Иқтисодиёт соҳасидаги туб ислоҳотлар ва таркибий ўзгартишлар, энг аввало, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, унинг эркин меҳнат ва мулкка эгалик қилиши, мураккаб демографик вазиятдан келиб чиққан ҳолда янги иш ўринлари яратишга қаратилди.

Янги ижтимоий-иқтисодий муносабатларни шакллантириш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштириш, мамлакатимизда мулкдорлар синфини, биринчи навбатда, жамиятнинг асоси ҳисобланган ўрта қатламни шакллантириш, бозор инфратузилмасини ҳамда ягона транспорт-коммуникация тизимини барпо этиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. 

Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мисолида айтадиган бўлсак, ислоҳотлар ҳамда таркибий ўзгартишлар тармоқларни маҳаллий табиий ва иқтисодий ресурслардан миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, самарали ва оқилона фойдаланиш, аҳолининг истеъмол молларига бўлган талабини ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлаш йўлидан борилди. Негаки, мустақилликнинг илк йилларида ушбу тармоқлар тўлиқ хом ашё етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, халқ истеъмоли молларининг салкам учдан икки қисми четдан келтирилар эди. Экспорт таркибида пахта толасининг улуши 60 фоиздан ортиқни ташкил қиларди. Четдан сотиб олаётган маҳсулотларимизнинг 73 фоизи эса озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат эди.

Давлатимиз раҳбари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ аҳолининг кенг истеъмол молларига бўлган талабини ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан қондириш даражасини кескин оширишни иқтисодий сиёсатимизнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди. Чунки ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати, биринчи навбатда, озиқ-овқат ва бошқа муҳим стратегик маҳсулотлар билан ўзини ўзи қай даражада таъминлаётгани билан баҳоланади. Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланганидагина мустаҳкам иқтисодий ва ижтимоий барқарорлик вужудга келади.

Шу боис Юртбошимиз ислоҳотларнинг дастлабки босқичида озиқ-овқат муаммосини ўз имкониятларимиз ҳисобидан ҳал қилиш, айниқса, ғалла мустақиллигини таъминлаш масаласини кун тартибга қатъий вазифа қилиб  қўйган эди. 

Пухта ўйлаб юритилган иқтисодий сиёсат натижасида экин майдонлари таркиби, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ички талаб ва шарт-шароитлар инобатга олиниб, қайта кўриб чиқилди. Пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Натижада юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги, ғалла мустақиллиги таъминланди. Ўтган йилларда ғалла етиштириш ҳажми 8,5 баробар, ҳосилдорлик эса 3,2 марта ошди. Агар Ўзбекистон 1990 йилда истеъмол учун зарур бўлган доннинг 80 фоиздан ортиғини четдан олиб келган бўлса, бугун ўзини ўзи тўлиқ таъминлабгина қолмай, балки дон экспорт қиладиган давлатлар қаторига кирди.

Ҳозирги кунда импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 10 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Аксинча, йилдан-йилга экспорт таркибида уларнинг улуши ортиб бормоқда. Ҳеч шубҳасиз, бунда қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилгани, деҳқон ернинг ҳақиқий эгасига, фермерлар жамиятимизнинг таянч устуни, ҳал қилувчи кучига айлангани, меҳнат муносабатлари бутунлай ўзгаргани мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

 

Қайта қанот ёзган фазилат

Мустақиллик одамларга ўз билим ва малакаларидан, тадбиркорлик қобилиятидан келиб чиқиб, эркин меҳнат қилиш, унинг маҳсулидан ўзи ва жамият аъзоларини баҳраманд этиш, мулкка эгалик қилиш имконини берди. Агар истиқлол йилларида босиб ўтган йўлимизга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу соҳани иқтисодий ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш осон кечмаганини кўрамиз. Эски тизимда асрлар мобайнида ўз тасдиғини топган иқтисодий қонунлар инкор этилган, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги беқиёс аҳамияти йўққа чиқарилган эди.

Миллий тараққиёт йўлимизни танлашда тадбиркорлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ноёб ва эзгу фазилат эканлиги, одамларнинг бўғиб ташланган яратувчанлик ғайрат-шижоати яна қайта қанот ёзишига эришиш, уларнинг дардига айланган муаммолар ечимини топиш учун энг ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқиб иш тутилди.

Мамлакатимизда амалга оширилган хусусийлаштириш жараёни ҳамда қулай тадбиркорлик муҳити яратиш бўйича қилинган тизимли ишлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда унинг иқтисодиётдаги мавқеини ошириш учун катта имкониятлар яратилди.

Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб борди. У иқтисодий тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 83 фоизи нодавлат сектор улушига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли ҳаммаси деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши салкам 56 фоизни ташкил қилиб, аҳоли даромадларининг 50 фоиздан ортиғи хусусий тадбиркорлик фаолиятидан тушаётгани оқилона ислоҳотларнинг беқиёс самарасидир. 

 

Ривожланишнинг ҳудудий мувозанати 

Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти унинг таркибий қисми ҳисобланган турли даражадаги маъмурий-ҳудудий бирликларининг ижтимоий-иқтисодий қувватлари билан ўлчанади. Иқтисодий ислоҳотларнинг самараси ҳам, энг аввало, ҳудудларда, шаҳар ва қишлоқларда намоён бўлади. Шу боис Ўзбекистонда мамлакат ҳудудларини барқарор ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Республикамизда ривожланишнинг “ўзбек модели” тамойилларига асосланган ҳолда, ўзимизнинг миллий ҳудудий ривожланиш модель шаклланди. Унинг асосий мақсади мамлакатимиз минтақаларини комплекс ва мутаносиб  ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали миллий иқтисодиётнинг ҳудудий мувозанатини таъминлашга қаратилди. Натижада энг мураккаб ўтиш даврида минтақаларимиз ривожланиш даражасидаги тафовутлар ошиб кетишининг олди олинди.

Мустақилликкача бўлган даврда республикамиз минтақалари иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича бир-биридан кескин фарқ қилиб, аксарият вилоятлар, асосан, қишлоқ хўжалиги хом ашёси етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш даражаси жуда паст эди. Айрим вилоятлар саноатининг ярмидан кўпи биргина пахта тозалаш саноати ҳиссасига тўғри келарди. Айтайлик, 1990 йилда республикада саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг 60 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келгани ҳолда, Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг бу жабҳадаги салмоғи биргаликда атиги 9,7 фоизни ташкил қилган, холос. Натижада республикамиз ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда номутаносибликлар пайдо бўлди. Минтақалар ўртасидаги иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидаги тафовутлар ва зиддиятлар чуқурлашиб кетди.

Ушбу вазиятдан келиб чиқиб, иқтисодий сиёсатимизнинг муҳим тамойилларидан бири — ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш даражасидаги тафовутлар ошиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни камайтириш вазифаси кун тартибига қўйилди.    

Минтақаларнинг табиий-иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш, табиий ва меҳнат имкониятларини тўла рўёбга чиқара олишлари учун зарур шарт- шароитлар яратиб бериш, шу асосда аҳоли турмуш даражасини кескин ошириш учун етарли иқтисодий асос яратиш йўлидан борилди.

Шу ўринда юртимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган қатор ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилганини алоҳида қайд этиш зарур. Сабаби, уларнинг изчил ижроси ҳудудларнинг табиий ва иқтисодий салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш ҳисобига мавжуд фарқларни янада камайтириш имконини беради. 

Охирги йилларда ҳудудларда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали уларнинг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича иқтисодий зоналар ташкил этиш тажрибаси кенг қўлланилаяпти. Бугунги кунда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари фаолият кўрсатмоқда.   

Миллий ҳудудий ривожланиш моделининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб қишлоқларимизни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга устуворлик берилганида бўлди. Чунки истиқлол остонасида аҳолининг 

60 фоиздан ортиғи истиқомат қилган қишлоқларимизда ижтимоий ва иқтисодий вазият ўта оғир аҳволда бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу вазиятни инобатга олиб, қишлоқлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, бандлик ва бошқа қатор давлат дастурлари қабул қилиниб, чекка ҳудудларда ҳам тиббий, таълим ва спорт муассасалари, хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этишга турли манбалар ҳисобидан катта маблағлар ажратилмоқда.

Илгари битта оддий цех бўлмаган қишлоқларда бугун замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган ихчам саноат корхоналари бунёд этилиб, у ерда маҳаллий хом ашёдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қишлоқ ёшлари замонавий коллежларда билим ва малака эгаллаб, мураккаб дастгоҳларда ишламоқда. Улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўплаб хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Бир эътибор қаратинг-а. Агар ислоҳотларнинг дастлабки йилларида қишлоқ туманларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотининг атиги 10 фоизи тайёрланган бўлса, айни пайтда ушбу кўрсаткич салкам 30 фоизни ташкил қилмоқда. Айниқса, 2009 йилдан бошлаб қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қуриш дастурининг амалга оширилиши ислоҳотларни сифат жиҳатидан яна бир поғона юқорига кўтарди. Буларнинг ҳаммаси қишлоқларда шаҳардагидан қолишмайдиган муносиб турмуш шароити яратиш имконини бермоқда.      

Ўзбекистон қўлга киритган бундай оламшумул ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмасдан ўз олдига келажакда ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиш мақсадида янги стратегик вазифалар қўймоқда. Бунинг учун истиқлол йилларида мустаҳкам иқтисодий ва социал асос яратилди. Шу боис Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик янгилаш, унинг рақобатдошлигини ошириш бўйича қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилди ҳамда ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Буларнинг бари пировардида юртимиз иқтисодий қудратини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши муқаррардир.

 

Авазбек СОДИҚОВ,

иқтисод фанлари доктори.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn