«Ўзбекистон темир йўллари»: Ислоҳот, тараққиёт, истиқбол
  • 05 Август 2014

«Ўзбекистон темир йўллари»: Ислоҳот, тараққиёт, истиқбол

Мустақиллик барчамиз учун улуғ ва азиз бўлган Ўзбекистонимиз довруғини дунёга танитди. Бугун турли жабҳаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз, эришаётган муваффақиятларимиз, фаровон келажак ва обод турмушни кўзлаб ишлаб чиқилган пухта дастурлар асосида жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишларимиз жаҳон ҳамжамиятини ҳайратга солаётгани, улар бизнинг тажрибаларимизни ўрганишга интилаётгани ҳам бор гап. Буларнинг бари қалбимизни фахр ва ифтихорга тўлдириши, шубҳасиз.

Ғурурланмай, шодланмай бўладими ахир?! Чунки ўтган 23 йил вақт мобайнида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар бизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришимизга хизмат қилмоқда. Жумладан, шу давр ичида  темир йўлларимизнинг тубдан такомиллаштирилганлиги туфайли у тараққиётимизни таъминловчи муҳим тармоқлардан бирига айланди. Эндиликда юртимизнинг бепоён сарҳадларини ана шу “пўлат излар”дан шамолдек елаётган поездларсиз, унинг атрофида барпо этилаётган инфратузилма объектларисиз тасаввур эта олмаймиз.
Шу ўринда соҳадаги дастлабки энг йирик лойиҳалардан бири — “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли  ҳақида алоҳида тўхталиб ўтсак. Зеро,  мазкур йўлнинг мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётини юксалтиришдаги аҳамияти жуда юқори. У ишга туширилгач, минтақанинг табиий ер ости бойликларини ўзлаштириш учун янги имкониятлар пайдо бўлди, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти туб бурилишларга юз тутиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, юк ва йўловчи ташиш масофаси 170 километрга, ҳаракат вақти эса 7 соатга қисқарди. Энди ўзингиз янги йўл шарофати боис қанча меҳнат ва қанча маблағ сарфи тежалиши-ю, унинг иқтисодий самарадорлигини бир хомчўт қилиб кўринг. Ҳазилакам нарса эмас-а?
Бундан ташқари, ушбу линияда техник ва муҳандислик жиҳатидан жуда ноёб иншоотлар бўлган 700 га яқин сув ўтказувчи йирик мослама ва 50 га яқин кўприклар барпо этилди. Йўл бўйлаб қурилган станциялар атрофида эса мактаб, спорт мажмуаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси сингари  бир нечта иншоотлар қурилдики, бугун улар ўша ҳудудлар аҳолиси ихтиёрида. Мана сизга биргина лойиҳанинг халқ ва юрт манфаати учун қанчалик наф келтираётганига яққол мисол.
Дарҳақиқат, ўтган даврда тизимда шундай ўзгариш ва янгиланишлар юз бераётгани, улар юртимиз ободлиги, аҳоли турмуши фаровонлигига хизмат қилаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Қулай, тезкор ва ишончли. Бу таъриф “Afrosiyob” поездига ўта мос ва хос эканлигини эндиликда ҳамма чуқур англаб етди. Энг асосийси, мазкур поезд йўловчиларга қулайлик яратиш баробарида, минтақадаги дастлабки юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Ҳозиргача ушбу поезд орқали 500 минг нафарга яқин хорижий ва маҳаллий йўловчилар ўз манзилига етказиб қўйилди. Бу кейинги йилларда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик темир йўл компанияси томонидан тармоқда электр поездлар ҳаракатланишини ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни амалиётга жорий этиш борасида кўрилаётган амалий чоралар самарасидир.
Қувонарлиси, бундай ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, кейинги йилларда электрлаштирилган “Тошкент — Самарқанд”, “Тошкент — Хўжакент” йўналишидаги темир йўлларга “Тўқимачи — Ангрен” линияси қўшилди. “Мароқанд — Қарши”, “Қарши — Термиз” темир йўлларида эса электрлаштириш ишларига жиддий киришилган. Демак, келгусида бундай тезюрар поездлар республикамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам кириб боради. Пойтахтимизда темир йўлчилар касб байрамига бағишланган тадбирда шулар ҳақида сўз юритилди. Унда  соҳа мутахассислари ва меҳнат фахрийлари кейинги йилларда темир йўл тизимини тубдан такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш, тармоқнинг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Чиндан ҳам, истиқлол темир йўл саноат корхоналари учун, ҳеч шубҳасиз, янги даврни очиб берди. Айниқса, сўнгги йилларда темир йўллар инфратузилмасини замон талабларига мослаштириш, хусусан, локомотивлар, юк ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ҳамда экспорт хизматлари ҳажмини янада ошириш борасида асрга татигулик ишлар қилинди. Тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган юк ва йўловчи вагонларидан мамлакатимиз халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали фойдаланилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Тизимдаги изчил ислоҳотлар ана шундай эзгу мақсадларга, қисқача айтганда, юртимизнинг келажагини янада порлоқ қилишга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn