Статистика соҳасидаги янгиликлар
  • 05 Август 2014

Статистика соҳасидаги янгиликлар

ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Шу боис кейинги йилларда қулай инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган чора-тадбирлар янада кенг кўлам касб этиб, тадбиркорларга кўпроқ имтиёз ва преференциялар берилмоқда. Натижада тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит олиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди. Бундай янгиланишлар статистика тизимида ҳам кузатилаётгани эътиборга моликдир.
Дарҳақиқат, давлат статистика ҳисоботлари сонининг камайтирилиши, уларни тақдим қилиш даврийлиги қисқартирилиши билан бирга, тўлиқ электрон шаклда бериш жорий этилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, амалдаги 210 та статистик ҳисобот шаклининг 69 таси бекор қилинган бўлса, 23 тасининг тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди. Айтайлик, фермер хўжаликлари томонидан ўтган йилда 5 марта ҳисобот топширилган бўлса, эндиликда 3 марта, микрофирмалар эса 4 марта ўрнига фақат 1 марта ҳисобот тақдим қилаяпти.
Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, айниқса, соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Негаки, унга асосан, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба топширади, холос. Шунингдек, статистика органлари ҳар чоракда фаолиятнинг тегишли йўналишлари ва соҳалари бўйича кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини танланма кузатувлар асосида ўрганиб борадилар.
Маълумот узатиш, ҳисоботларнинг электрон шакли ва тармоқлари  ҳам ҳаётимизга изчил ва тизимли асосда жорий қилинмоқда. Хусусан, 2011 йилдан бошлаб статистика ҳисоботларини интернет орқали электрон шаклда тақдим этиш бошланди. Бунинг учун ҳозирги кунда давлат статистика ҳисоботларини шу усулда топширишнинг такомиллаштирилган eStat 2.0 ахборот тизимидан фойдаланилмоқда. Ушбу тизим орқали барча турдаги давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда кечаю кундуз тақдим қилиш имконияти мавжуд. Унинг афзаллиги шу билангина ўлчанмайди. Сабаби, янги тизим тадбиркорлик субъектларининг ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш вақтини  тежаш, ҳисобот шаклларининг янгиланиш тезкорлигини ошириш, статистика ахборотлари махфийлигини таъминлаш, ҳисоботларни қабул қилиш жараёнида инсон омилининг таъсирини сезиларли равишда камайтириш имконини ҳам беради. Булар инобатга олиниб, Президентимизнинг 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2014 йил 1 октябрдан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус “Тадбиркорлик субъектининг кабинети” иш бошлаши диққатга сазовордир.
Бугунги кунда статистика ҳисоботларини электрон шаклда тақдим этаётган тадбиркорлик субъектлари сони тобора кўпаймоқда. Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, айни пайтда тадбиркорлик субъектларининг қарийб 86 фоизи статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширмоқда. Электрон ҳисоботдан, айниқса, кичик бизнес субъектлари кенг фойдаланишмоқда. Масалан, 2012 йилда жами ҳисобот топширувчи субъектларнинг 34 фоизи электрон шаклда ҳисобот тақдим этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич  82 фоизга етди.
Жорий йилнинг биринчи чорагидан эътиборан, микрофирмалар фаолиятининг танлама статистика кузатувларини ҳам eStat 2.0 ахборот тизими орқали ўтказиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 2014 йилнинг январь — март ойларида танлама кузатувга тушган микрофирмаларнинг қарийб 90 фоизи кузатув сўровномаларини электрон шаклда тақдим қилишди.
2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистика ҳисоботларини топширишнинг электрон тизимига тўлиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида давлат статистика органлари томонидан Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ҳар ойда республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида махсус ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда хўжалик юритувчи субъектлар вакилларига электрон шаклда ҳисобот топширишнинг аҳамияти, тартиби ҳамда қулайликлари ҳақида тушунтириш ва аниқ кўрсатмалар берилаяпти. Биргина 2014 йилнинг биринчи ярмида жойларда 360 дан зиёд ана шундай семинарлар ўтказилиб, уларда 14 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари қамраб олинди.
Мухтасар айтганда, статистика органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқлари кенг татбиқ қилиниб, унинг имкониятларидан оқилона фойдаланилмоқда. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига қўшимча бизнес қулайликларини яратиш учун мустаҳкам замин бўлаётир.

 


Қобил БЕРДИҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Тадбиркорлик ва банк-молия хизматлари
статистикаси бошқармаси бошлиғи.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn