Иқтисодий салоҳият ва изчил ривожланиш
  • 30 Июль 2014

Иқтисодий салоҳият ва изчил ривожланиш

Ҳар қандай давлатнинг жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида унинг маданий, тарихий, илмий, айниқса, иқтисодий салоҳияти муҳим ўрин тутади.
Шу маънода, Ўзбекистон имкониятлари ниҳоятда юқори мамлакат бўлиб, кейинги йилларда иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўсиш суръатлари кўрсаткичлари билан нуфузли давлатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллаб келмоқда. Бу, ўз навбатида, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани қувонарлидир.

Жаҳон банкининг шу йил бошида эълон қилинган “Глобал иқтисодий истиқболлар” маърузасида, жумладан, шундай дейилади: “2014 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,0 фоиз ўсади. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мазкур  кўрсаткич бўйича республика Европа ва Марказий Осиё минтақалари мамлакатлари ўртасида иккинчи ўринни эгаллайди”.
Олий малакали иқтисодчиларнинг  илмий асосланган ушбу башоратлари ҳам мамлакатимизнинг юксалиб бораётган иқтисодий қудрати ва салоҳиятини тўлиқ ҳисобга олмаганлигини кўрсатиб турибди. Чунки статистика маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда 2014 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари ҳозирнинг ўзида 8,1 фоиздан кўпроқни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,1 фоизни, истеъмол маҳсулотлари эса 10,8 фоизни ташкил этаётгани ана шундан далолат бермоқда.
Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, бу Истиқлолга эришилгандан кейин  ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий тараққиёт йўли танланганлигининг самараси бўлиб, мисли кўрилмаган барча ютуқларимиз замирида фақат халқимизнинг фидойи меҳнати, сабр-чидамлилиги, олижаноблиги ва бағрикенглиги, матонати ва жасорати ҳамда эртанги кунга мустаҳкам ишончи мужассамдир.


Биз эскича яшай олмаймиз
Кечаги кунимизга хаёлан назар ташласак, тарихан қисқа даврда  қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимиз, бу марраларга эришиш нақадар оғир ва машаққатли кечганлиги ойдинлашади. Негаки, ХХ асрнинг охирида республика кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ Иттифоқда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” асарида қайд этилганидек, 1990-йилларнинг бошида  республика катта табиий  бойликларга, ишлаб чиқариш ва фан-техника имкониятларига, қулай табиий-иқлим шароитларига эга бўлганига қарамасдан,   иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда инқироз ҳолати кузатиларди. Хусусан, саноатда тайёр маҳсулотнинг улуши, бор-йўғи, 50,0 фоизни ташкил этар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 80,0 фоиздан кўпроғи мутлақо қайта ишланмасдан ташқарига жўнатиларди.
Ҳатто кейинги 50 йил ичида (1940 — 1990 йилларда) ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида енгил саноатнинг улуши 54,0 фоиздан 37,0 фоизга, озиқ-овқат саноатининг ҳиссаси 30,0 фоиздан 14,0 фоизга тушиб қолганди. Оқибатда республика жуда қимматли хом ашё — пахта, нитрон, капролактамни четга юбораётган бир пайтда уларни қайта ишлаш имкониятининг борлиги, технология занжири ниҳоясига етказилмаганлиги сабабли, айни шу хом ашёдан ишлаб чиқариладиган газлама, сунъий тола ва тайёр маҳсулотларни импорт қилишга мажбур бўлаётган эди.
Ижтимоий соҳадаги аҳвол янада ночор эди. Республикамиз раҳбари вужудга келган  бу ўта мураккаб вазиятни ва унинг сабабларини чуқур таҳлил қилиб, аччиқ, аммо жуда ҳаққоний хулосага келганди: “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”.
Давлатимиз мустақиллиги шундай таҳликали нуқтадан бошланганига қарамасдан, чорак асрдан ҳам кам муддатда миллий иқтисодиётимиз 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ортгани, кейинги 10 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8,0 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани том маънода Ўзбекистон тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб олганининг ёрқин далилидир.

Жаҳон бозорида харидоргир ва рақобатбардош
Мамлакатда ишлаб чиқилган давлат дастурларида, аввало, саноатни устувор даражада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни изчил амалга ошириш кўзда тутилгани натижасида юқори қўшимча қийматга эга бўлган, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаётган тармоқлар жадал суръатларда тараққий этмоқда. Ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг салкам бешдан тўрт қисми бевосита ушбу тармоқлар ҳиссасига тўғри келаётганлиги шундай дейишимизга асос бўла олади.
Эътиборлиси, бугунги кунда бундай маҳсулотлар ички бозорни тўлдириш баробарида, экспорт ҳам қилинмоқда. Жаҳон бозорларига “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган автомобиллар, телекоммуникация ускуналари, компьютер техникаси ва мобиль телефонлар, кенг турдаги маиший электроника, енгил ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари етказиб берилаётганини кўриб, қалбинг ифтихорга тўлади.
Халқаро мутахассисларнинг фикрича, Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасининг барпо этилаётгани ҳам Ўзбекистоннинг истиқболли имкониятга эга давлат эканлигини ифодалайди. Халқаро миқёсда энг салоҳиятли лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилаётган мазкур мажмуанинг қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газ, юқори зичликдаги 400 минг тонна полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен, 110 минг тонна пиролиз бензин ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган бу заводнинг Марказий Осиёда муқобили йўқ.
Ҳозирги ривожланиш босқичида мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланган, десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кўлами йил сайин кенгайиб, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси тамомила ўзгача чирой касб этмоқда. Жойларда барпо қилинаётган замонавий саноат корхоналари, йирик иншоотлар уларга бамисоли узукка кўз қўйгандек ярашиб тушаётир. Узоққа бормайлик, биргина ўтган йилнинг ўзида бунёдкорлик объектларида 13 миллиард АҚШ доллари миқдорида капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Шунинг ҳисобига нефть-газ, энергетика, кимё, фармацевтика  соҳаларида янги қувватлар, Тошкент ва Наманган вилоятларида замонавий тўқимачилик мажмуалари, Жиззах ҳамда Хоразм вилоятларида йигирув ва тўқув, Самарқанд вилоятида спорт пойабзаллари ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Озиқ-овқат саноатида эса 20 дан зиёд корхоналарда ишлаб чиқариш тубдан модернизация қилинди.
Миллий иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш, замонавий инновацияларга асосланган ҳамда юксак самарали технологияларни жорий этишда “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах” эркин ва махсус индустриал зоналарининг ташкил этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Нега деганда, уларда юксак технологиялар асосида жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Саноатнинг истиқболли тармоғи
Кейинги йилларда Ўзбекистон энергиянинг муқобил ва қайта тикланадиган манбалари, хусусан, қуёшдан электр ҳамда иссиқлик энергияси олиш бўйича ҳам юқори салоҳиятга эга эканлигини амалда намоён қилмоқда. Бу соҳанинг жадал ривожланиши электр энергиясига бўлган талаб кескин ортаётган ҳозирги шароитда муҳим аҳамиятга эгадир.
Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки экспертларининг хулосаларига қараганда, Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ. Ундан унумли фойдаланиш мақсадида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бунда республика Фанлар академиясининг Осиё минтақасида ягона ва илмий ишланмалари юртимиздан ташқарида ҳам машҳур бўлган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг муносиб ҳиссаси бор. 
Айни пайтда мазкур бирлашма негизида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил қилинган Халқаро қуёш энергияси институти илмий ва илмий-экспериментал тадқиқотлар ўтказиладиган минтақавий марказга айлантирилмоқда. Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига киришилган бўлса, келажакда янги технологияларга асосланган яна бир нечта йирик қуёш электр станциясини барпо этиш мўлжалланмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, республикамиз фотоэлектрик модуллар ва қуёш энергетикасида қўлланадиган бошқа ускуналарни ишлаб чиқариш учун бой хом ашё захираларига эга. Ҳозирнинг ўзида Жанубий Кореянинг “Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда йиллик қуввати 12 минг тоннани ташкил этадиган техник кремний ишлаб чиқарувчи завод фойдаланишга топширилди. “Ангрен” махсус индустриал зонасида эса Жанубий  Кореянинг “Шиндонг Энерком” компанияси иштирокида йиллик қуввати 5 минг тонна бўлган кремний ишлаб чиқарувчи яна бир корхона қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.
Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикасининг йирик компаниялари иштирокида “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида дастлабки қуввати 50 мегаватт бўлган фотоэлектр панеллари, “Жиззах” махсус индустриал зонасида эса йилига 50 минг дона қуёш иссиқлик коллекторлари ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этилаяпти. Бундай замонавий технологияларни кенг миқёсда қўллаш яқин йилларда юртимиз энергетика тизимига тушаётган энергия юкини 2 миллиард киловатт-соатга қисқартириш, қарийб 2 миллион гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради. Бу эса йилига жами 250 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги энергия ресурси тежалади, деганидир.

Қишлоқ қурилишида энг яхши амалиёт
Истиқлолга  қадар республикамизда, айниқса, қишлоқларда тураржой муаммоси нақадар ўткир ва мураккаб тус олганлиги ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Яқин-яқингача, яъни мустақилликка эришгунимизга қадар уч-тўрт оила кафтдек ҳовлида, гувала кулбаларда турмуш кечиришга мажбур эди-да.
Мустақил тараққиёт йилларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробардан зиёд оширишга эришган деҳқон ва боғбонларимиз турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш масаласи доимий эътибор марказида. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши дастури аҳоли пунктлари қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Исботми? Мазкур дастур доирасида сўнгги беш йилда мамлакатимизнинг 159 қишлоқ туманида 900 дан зиёд янги уй-жой массивлари барпо этилиб, намунавий лойиҳалар асосида 4,5 миллион квадрат метрлик 33,5 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Қишлоқ жойларда бунёд қилинган янги массивларда, шунингдек,  750 километрлик автомобиль йўллари, узунлиги 1,6 минг километрдан зиёд ичимлик суви қувурлари, 1,2 минг километрлик электр ва газ тармоқлари, 800 дан ортиқ ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари қурилди. Аниқроғи, бундай массивлар ижтимоий объектлар, жумладан, замонавий мактаблар,  врачлик пунктлари, минибанклар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар спорт майдонлари ва бошқа иншоотларни қуриш, умуман, инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг бу тажрибаси халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодиёт комиссиясининг Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўлими раҳбари, халқаро маслаҳатчилар миссияси раҳбари Гулнора Ролл республикамизда шаҳарсозлик, уй-жой қурилишини ривожлантириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилгани, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини ошириш борасида ибратли тажриба тўплангани ҳамда ушбу тажрибадан бошқа мамлакатларда ҳам энг яхши амалиёт сифатида фойдаланиш кераклигини қайд этди.
Истиқлол йилларидаги шу ва бошқа улкан яратувчанлик ишларидан ҳақли равишда фахрланар эканмиз, ўзимизга “Кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлдик?” деган савол беришимиз табиийдир. Зеро, бундан атиги 23 йил илгари дунё харитасида мустақил Ўзбекистон давлатини топа олмасдик. Бугун эса Ўзбекистон иқтисодиёти ҳатто ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам барқарор юқори суръатларда ўсиб бораётганини бутун дунё тан оляпти, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори эса кун сайин ортиб бораяпти.
Мухтасар айтганда, ҳозирги ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган мураккаб шароитда юртимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ва барқарор ривожланаётгани, энг муҳими, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётганлиги, миллатлар ҳамда фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-оқибат муҳити тобора  мустаҳкамланаётганлиги кўпчиликнинг ҳавасини уйғотмоқда. Буларнинг бари мамлакатимизда мустақилликни кўз қорачиғидек асраш йўлида изчил амалга оширилаётгани тўғри ва оқилона ислоҳотлар самарасидир.

 


Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn