Банк тизимининг такомиллашуви
  • 25 Июль 2014

Банк тизимининг такомиллашуви

барқарор ва ишончли фаолият юритишда муҳим омил бўлмоқда

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, умуман, турмуш фаровонлигини юксалтиришда молия муассасаларининг ўрни беқиёс. Эътиборлиси шундаки, мамлакатимизда кейинги йилларда молия-банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли
бу жабҳада юксак самарадорликка эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг жорий йил ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган бошқарув йиғилишида шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида  Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, Президентимизнинг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган Фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг изчил ижросини таъминлашга қаратилди. Натижада нафақат халқаро меъёрларга, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Жумладан, айни пайтда тизим капиталининг етарлилик даражаси 24,6 фоизни ташкил этмоқда. Бу халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан 3 баробар кўпдир. Қолаверса, банкларнинг умумий капитали 6,6 трлн. сўмдан ошиб, тизимнинг  ликвидлик даражаси бир неча йиллардан буён ушбу йўналишда жаҳон амалиётида умумий тарзда қабул қилинган, “юқори” деб аталувчи кўрсаткичдан 2 баробардан зиёдроқни ташкил этаётгани диққатга сазовордир.
Банк активлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 29 фоиз ўсиб, 48 трлн. сўмга етди. Буларнинг бари мамлакатимиз банкларига халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган ижобий рейтинг баҳоларини қайта тасдиқлаш ёки янада юқорига кўтариш учун асос бўлди.
Бундан ташқари, шу давр ичида иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун  йўналтирилган кредитларнинг умумий миқдори  29,8 трлн. сўмдан оширилди. Молия муассасалари томонидан инвестиция мақсадларига ажратилган кредитлар ҳажми ҳам анча ортиб, 4,2 трлн. сўмдан зиёдни ташкил қилмоқда.
Бандлик ва мукаммал меҳнат бозорини шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг таъсири катта эканлиги барчага яхши аён. Эътиборлиси, бу жараёнда тижорат банклари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан кичик бизнес субъектларига 4,8 трлн. сўмдан ортиқ кредит ажратилгани, бунда аёллар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес ғояларини рўёбга чиқаришга  жиддий аҳамият берилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Тадбирда  мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва улар ишончини янада ошириш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банкларининг бўлим ҳамда филиаллари фаолияти танқид қилиниб, барча тижорат банкларига “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасидаги ишлар кўламини кенгайтириш бўйича  вазифалар юклатилди.
Якунда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Д. ЖУМАБОЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn