Хазиналар кўз очмоқда
  • 24 Июль 2014

Хазиналар кўз очмоқда

Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллигини кенг нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқда. Ютуқлар сарҳисоб қилиниб, истиқболли режалар тузилаётир. Босиб ўтилган шонли йўлга назар ташлаш асносида эса ўтган даврда изчил амалга оширилган ислоҳотларда инсон, унинг тақдири ва манфаатларига устуворлик берилганига яна бир карра ишонч ҳосил қиласан киши.

Юртимиз умумий майдонининг тўртдан бир қисмини эгаллаган Навоий вилояти йирик индустриал салоҳиятга эга, аграр сектор ҳамда ишлаб чиқариш имкониятлари кенг ҳудудлардан биридир. Мутахассислар бугунги кунда мазкур вилоятнинг республикамиз саноат соҳасида пешқадамлик қилишида Менделеев даврий жадвалида қайд этилган барча нодир ва ноёб металлар шу замин тупроғида учраши билан изоҳлашмоқда.
Дарҳақиқат, мавжуд корхоналарда олтин, цемент, фосфорит, турли кимёвий ўғитлар, сунъий тола, қоракўл тери каби хом ашё ва маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган рангли ва қимматбаҳо металларнинг 73 фоизи мазкур воҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.
Мустақиллик йилларида, айниқса, мамлакат тараққиёти ва истиқболини кўзлаб рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, иқтисодиётнинг реал тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини, хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида вилоятда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Истиқлолнинг илк йилларида бу ерда 110 тадан ортиқ саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, 2014 йилга келиб, уларнинг сони 1400 тага етди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури 300 дан ортди.  2006 — 2014 йилларда рангли металлургия, кимё, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати соҳаларида юқори ўсиш суръатлари таъминлангани туфайли эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2006 йилдагига нисбатан қарийб 2 баробар кўпайди.
Навоий шаҳридаги “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасини мамлакатимиз саноатининг етакчи локомотивларидан, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, ҳозирги кунда Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги ушбу корхонада 3,5 минг нафардан ортиқ ишчи ва муҳандис меҳнат қилмоқда. Қувонарлиси, “НМЗ” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган металл ёки ёғочга ишлов берувчи дастгоҳларга нафақат ўзимизда, балки қўшни давлатларда ҳам талаб юқори.
Бирлашмада ёш кадрларни тайёрлаш базаси яратилгани эса ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш, инновацияларни кенг жорий этишда муҳим омил бўлаётир. Сабаби, Навоий давлат кончилик институтининг Машинасозлик технологиялари кафедрасининг филиали очилгани туфайли талабалар амалиётни ҳам, назарий машғулотларни ҳам жадвал бўйича шу ерда ўташаяпти. Аудиториялар эса энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқаришнинг олтин фонди — малакали мутахассисларни ўзимизда тайёрлаш имконини бермоқда.
Таъкидлаш керакки, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонда табиий ресурсларни чуқур қайта ишлашга маблағ ажратилиши, дунёнинг ўнлаб мамлакатлари билан ҳамкорликда, молиялаштиришнинг энг мақбул усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий йирик мажмуалар қурилишини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “У замонда биз мана шундай буюк иншоотлар қуришни фақат орзу қилишимиз мумкин эди, холос. Лекин шу замин қаъридаги бойликларни ишга солиш, улардан шу юртда яшайдиган одамларнинг ҳаётини фаровон қилиш учун фойдаланиш имкони йўқ эди”.
Истиқлолнинг қудратини қарангки, нисбатан қисқа давр ичида Қизилқум саҳросида жаҳондаги энг замонавий технология ва техник ускуналар билан жиҳозланган 3-гидрометаллургия заводи, фосфоритни қайта ишлаш комплекси каби улкан мажмуалар қад ростлади. Пировардида давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганидек, бу каби йирик саноат корхоналари мамлакатимизнинг индустрия қудратини янги босқичларга кўтаришга беқиёс ҳисса қўшди.
— Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқимиз энг тўғри йўл — бунёдкорлик ва яратувчанлик йўлини танлади, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Учқудуқ туманидаги Шимолий кон бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Сойибов. — Биз бу йўлдан мутлақо четга чиқмадик, осонини изламадик. Биргина 3-гидрометаллургия заводимизни олиб кўрайлик. Мана, 19 йилдирки, мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур мажмуа томонидан Учқудуқ олтини давлатимиз хазинасига пешма-пеш етказиб берилмоқда, бу эса халқимиз турмуши янада  фаровон бўлишига хизмат қилаяпти.
Бундай муваффақиятларни қўлга киритишда, шубҳасиз, хорижлик инвесторларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Мисол учун, Жанубий Корея, АҚШ, Хитой Халқ Республикаси,  Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Сингапур, БАА, Эрон, Ҳиндистон, Канада, Латвия каби ўнлаб давлатларнинг компаниялари воҳа иқтисодиёти юксалишига сезиларли даражада ҳисса қўшмоқда. Бу, албатта, юртимизда инвестиция муҳити ва ҳуқуқий асос яратилганлиги самарасидир.
Шу билан бирга, вилоятда замонавий техника ва илғор технологияларни жорий этиш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2008 йил 2 декабрдаги “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони унинг битмас-туганмас табиий бойликлари — хазиналар кўзини очиш, улардан унумли фойдаланиш орқали жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Ўтган давр мобайнида қурилиб, фойдаланишга топширилган қарийб 20 та корхона фаолияти бунинг тасдиғидир.   
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида Навоий вилоятида саноат салоҳиятини юксалтириш борасида асрларга татигулик ишлар адо этилдики, бу эндиликда мамлакатимиз иқтисодиёти равнақини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим гарови бўлмоқда.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn