Талабга муносиб таклиф
  • 03 Июль 2014

Талабга муносиб таклиф

Мамлакатимизда ёшлар, айниқса, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини, жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш масалалари устуворлик касб этмоқда. Хусусан, меҳнат бозорининг талаб ва шартларини ўрганган ҳолда, коллежларда мутахассисликларни ташкил этиш, таҳсил давомида ёш кадрнинг салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, тегишли ихтисослик бўйича етарли билим ва амалий кўникма ҳосил қилиши учун кўмаклашиш чора-тадбирлари тизимли олиб борилаяпти.

Бу ўрта махсус маълумотли йигит-қизларнинг иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида меҳнат фаолиятини бошлаб, юрт равнақига ҳисса қўшишида муҳим омил бўлаётир.
Сурхондарё вилоятидаги Денов тиббиёт коллежида битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида намунали тажриба тўпланган. Мингдан зиёд ўқувчиларни ўз бағрига олган мазкур даргоҳда ҳамширалик ва даволаш иши, тиббий лаборатория ва фармацевтика йўналишларида таълим берилмоқда. Фан кабинетлари ва ўқув-лаборатория хоналари замон талаблари асосида жиҳозланган.
— Ўтган йили таълим муассасамизни битирган деярли барча ёшлар бугунги кунда ўқиш ва иш билан банд, — дейди коллеж директори Икром Саидов. — Жумладан, 7 нафар битирувчимиз тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттираётган бўлса, 400 нафардан зиёд битирувчимиз амалиётни ўташ давридаёқ ўз иш ўринларини топиб олдилар. Бу йил битирувчиларимиз сони 605 нафарни ташкил этаяпти. Қўлига диплом олаётган бу йигит-қизларнинг  юзга яқини олий ўқув юртларига кириш учун пухта тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда яна ўттиз нафар битирувчимиз — ишбилармонлик лаёқатига эга, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагидаги ёшларимизга туманимиздаги банклар томонидан имтиёзли кредитлар расмийлаштирилмоқда. Албатта, етук ҳамда иқтидорли кадрга  меҳнат бозорида ҳамиша жой топилади. Касбнинг мураккаб жиҳатлари, сир-синоатларини пухта биладиган кадрлар тайёрлаш эса зиммамизга улкан масъулиятни юклайди. Муҳими, ўқитиш ишларини юқори савияда олиб бориш баробарида, Денов, Олтинсой ҳамда Сариосиё туманлари тиббиёт бирлашмаларига қарашли касалхоналарда битирувчиларимизнинг амалиёт ўташини йўлга қўйганимиз айни муддао бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, коллежда битирувчилар бандлигини таъминлаш штаби ташкил этилган бўлиб, масъул ўқитувчилар ва гуруҳ раҳбарлари ёш мутахассисларни ишлаб чиқариш амалиёти давридаёқ шифохонадаги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, ўз устида ишлаш ва изланишга ундайдилар. Коллеж маъмурияти ўқув-услубий ҳамкорлик ва касбий таълимни ривожлантириш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт ҳамда Тошкент фармацевтика институтлари билан шартномалар имзолаган.
— Мен лаборатория-диагностика мутахассислиги бўйича Денов тиббиёт коллежининг битирувчиси Сирожиддин Ҳасановдан жуда миннатдор бўлдим, — дейди Денов туманидаги Жаматак маҳалласидан келган бемор Усмонали Худойбердиев. — У Денов тиббиёт бирлашмаси лабораториясида амалиёт ўтаётган экан. Касалимни умумий ва биокимёвий таҳлиллар ёрдамида бир зумда аниқлаб берди. Ёш йигитнинг муомаласини, чаққон ва эпчиллигини кўриб, ҳавас қиласан, киши.
Бу мамнуният ва эътироф замирида коллеждан меҳнат бозорига кириб келаётган ёш мутахассисларга нисбатан катта ишонч ва умид мужассам.

 

Нормурод ТЕМИРОВ,
Шомурот ШАРАПОВ (суратлар),
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn