Миллий иқтисодиётимиз тимсоли
  • 01 Июль 2014

Миллий иқтисодиётимиз тимсоли

 

 

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси — сўм муомалага киритилганига 20 йил тўлди.

Гарчи ўтган фурсат миллий валюта тарихида унчалик катта давр бўлмаса-да, аммо дунёдаги ҳеч бир валютанинг номи бизнинг сўмимиздек қадимий эмас.
Гап шундаки, тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, сўм ҳақидаги илк маълумотлар X-XI асрларга бориб тақалади. Буюк Ипак йўлида савдо ривожланган ўрта асрларда, айниқса, Амир Темур даврида у халқаро аҳамият касб этган.
Узоқ муддат давомида муомалада бўлмагани туфайли унут бўлаёзган бу калом истиқлол шарофати билан қадр-қимматини топди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, у 1994 йилнинг 1 июлидан муомалага киритилди. Мамлакатимиз ҳудудида чекланмаган ва ягона қонуний тўлов воситаси сифатида ишлатила бошланди.
Фақат миллий валюта кучли бўлган тақдирдагина иқтисодиёт мустаҳкам бўлади, деган эди давлатимиз раҳбари. Шу боис иқтисодий мустақиллигимиз рамзи бўлган сўмнинг барқарорлигини таъминлаш, тўлов қобилиятини ошириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсати юритилиб, инфляция паст даражада сақланмоқда. Натижада пулимиз барқарор валюталардан бири сифатида юртимиз иқтисодий тараққиёти, турмушимиз фаровонлигини таъминлаётир. 
Дарҳақиқат, бугун республикамизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари орқали тобора чирой очиб бораётган шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини кўрганда, йирик ишлаб чиқариш объектлари, замонавий саноат корхоналари фойдаланишга топширилишининг гувоҳи бўлганда, қалбимиз ғурурга тўлади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш каби иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидаги туб ўзгаришлар минг-минглаб янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт салоҳиятимизни оширишдек муҳим мақсад-муддаоларимиз рўёбига хизмат қилаётир.
Экспертлар эришилаётган бу ютуқларни беш тамойилга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш ва ислоҳ қилишнинг “ўзбек модели”нинг юқори самарадорлиги туфайли миллий пул бирлиги барқарорлашиб, банк тизимининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани билан изоҳлашмоқда.
Чиндан ҳам, юртимизда ислоҳотларнинг изчиллиги таъминланиб, босқичма-босқич амалга оширилаётгани боис бошқа соҳалар қаторида, молия-банк тизимида етарли ресурс базаси ва ишончли захира яратилди. Бинобарин, бугунги кунда банкларимиз капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизни ташкил этмоқда, бу эса банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан уч баробар кўпдир.
Шу билан бирга, банк тизимининг ликвидлиги, хизматларидан фойдаланиш даражаси муттасил ошиб бораяпти. Бу, ўз навбатида, халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётир. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги деярли барча тижорат банклари етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан бериладиган “барқарор” рейтинг даражасини олишга муваффақ бўлгани бунинг яққол далилидир.
Миллий валютамиз намуналари Халқаро валюта жамғармасининг Вашингтондаги бош қароргоҳида сақланади. Бу ердан жой олган жаҳоннинг юзлаб пул бирликлари орасида сўмимиз ўзига хослиги билан алоҳида ажралиб туради. Таъбир жоиз бўлса, у ҳар бир юртдошимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Сўмимизни қўлга олар эканмиз, унга туширилган қадим Самарқанддаги Регистон майдони, Улуғбек, Тиллакори, Шердор мадрасалари, Амир Темур мақбараси каби тарихий обидалар, Тошкентдаги Темурийлар тарихи Давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, “Истиқлол” санъат саройи, Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкали, Олий Мажлис биноси тасвирларига кўзимиз тушади.  Ва беихтиёр ич-ичимиздан фахрланамиз, маънавий қувват оламиз. Чунки у мамлакатимиз иқтисодий қудратининг, балки халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгуси ҳамдир!
Давлат мустақиллигини белгилаб берадиган рамзлардан бири, бу — миллий валютадир. Шу маънода, бизнинг миллий пул бирлигимиз — сўм мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, унинг халқаро миқёсда обрў-эътиборини юксалтириш, юртдошларимиз қалбида эса ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришда доимо муҳим восита бўлиб хизмат қилаверади.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Инвестиция ва натижа Талабга муносиб таклиф »