Инвестиция ва натижа
  • 30 Июнь 2014

Инвестиция ва натижа

Кейинги йилларда иқтисодиётимизни юксалтириш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар юксак самара бермоқда. Буни давлат мулки бўлган объектларни хусусийлаштириш, бўш ётган биноларни салоҳиятли сармоядорларга инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида сотиш бўйича эришилаётган ижобий натижалар ҳам яққол тасдиқлайди.

Хусусан, Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 8 июлдаги “Ишламаётган, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектлари негизида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Шовот, Боғот, Янгибозор туманлари ва Урганч шаҳридаги 5 та иншоот  инвестиция киритиш мажбурияти билан  “ноль” қийматида сотилиши белгиланган эди. Уларнинг барчаси ҳудудий тендер комиссияси томонидан ўтказилган савдоларда ўз эгаларини топди. Сармоядорлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ, жами 34,9 миллион АҚШ доллари ва 12 миллиард 800 миллион сўм миқдорида маблағ жалб этилиши ҳамда 800 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
— Шовот туманидаги қурилиши тугалланмаган ип-йигирув фабрикаси ана шулардан бири, — дейди Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг хусусийлаштириш ва инвестиция мажбуриятлари мониторинги бўлими бошлиғи Равшан Машарипов. — У уч йил аввал “Шовоттекстиль” масъулияти чекланган жамиятига 25 миллион 403 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ киритиш  ва камида 220 та иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматида сотилганди. Ўтган даврда инвестор зиммасидаги мажбуриятни ортиғи билан уддалади. Яъни 28 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиб, қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди ҳамда замонавий технологиялар ўрнатилди. Ўз навбатида, 250 та иш ўрни яратилди. Ҳозир бу ерда “Uztex Shovot” қўшма корхонаси фаолият юритмоқда. Унинг 395 кишидан  иборат жамоаси томонидан биргина ўтган йилнинг ўзида 4 минг 165 тонна  пахта толаси қайта ишланди, 24,3 миллиард сўмликдан ортиқроқ калава ип тайёрланди ва 7,3 миллиард сўмлик экспорт амалиётлари бажарилди. Айни пайтда корхонанинг иккинчи босқичини ишга тушириш, яъни янги цех барпо қилиш жараёни жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Зеро, қўшимча қувват шарофати билан 9 минг 500 тоннагача пахтани қайта ишлаш имконияти яратилиб, ишчи-мутахассислар сони 900 нафарга етади. 
Президентимиз ва ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига мувофиқ, Боғот ва Янгибозор туманларида иккита, Урганч шаҳри ва Қўшкўпир туманида учта, шу билан бирга, Хива туманидаги тўртта бино ва иншоот “ноль” қийматда салоҳиятли инвесторларга топширилди.
Умуман, шу кунгача сармоядорлар ихтиёрига берилган бундай объектларга жами 34 миллион АҚШ доллари ҳамда 6,8 миллиард сўмлик сармоя жалб этилган бўлиб, мазкур лойиҳалар рўёби туфайли 1190 кишининг бандлиги таъминланди. Бу жараёнда бошқарма ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхонаси фаолияти, айниқса, муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, ҳозирги кунгача давлат тасарруфидаги фойдаланилмасдан бўш турган бино ва иншоотлар бирма-бир хатловдан ўтказилиб, 1140 та объект аниқланди. 1100 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига умумий майдони 273 минг квадрат метрдан зиёд бино ва иншоотлар шартнома асосида ижарага берилди. Пировардида 1760 та иш ўрни ташкил этилиб, ўтган вақт мобайнида 1 миллиард сўмга яқин ижара тўлови ундирилгани ҳам эътиборга лойиқ.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn