Ўзаро ишонч — муваффақият гарови
  • 30 Июнь 2014

Ўзаро ишонч — муваффақият гарови

Кейинги йилларда иқтисодиётимиз таянч устунига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ички бозорни сифатли маҳсулот ва хизматлар билан тўлдиришдаги ҳиссаси тобора ортиб бораяпти.

Бинобарин, бу жабҳага янги техника-технологияларни жалб этиш, модернизациялаш ва маҳаллийлаштириш билан боғлиқ инвестициявий лойиҳаларнинг муваффақиятли ижросини таъминлашда тижорат банкларининг кўмаги катта бўлмоқда.
“Қишлоқ қурилиш банк” очиқ акциядорлик тижорат банкининг Шўрчи филиали ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб, замонавий хизматлари билан тадбиркорлар сафи кенгайишига кўмаклашаяпти.  Хусусан, 2014 йилнинг ўтган даврида кичик бизнес субъектларига 8,1 млрд. сўм, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 507,4 млн. сўм,  тадбиркор аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 711,5 млн. сўм, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун 2720,1 млн. сўм, коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш учун 110,0 млн. сўм, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга 115,0 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Эътиборлиси, мазкур банк кредитлари жойларда иқтисодиётнинг барча тармоқлари, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва одамларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
— 2014 йилнинг февраль ойида меҳмонхона хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида “Қишлоқ қурилиш банк” ОАТБнинг Шўрчи филиалига мурожаат қилган эдик, — дейди “Silver Shurchi” масъулияти чекланган жамияти  раҳбари Эльвира Хамидулина. — Банк жамоаси лойиҳамизни ўрганиб чиқиб, меҳмонхона биносини таъмирлаш ва керакли жиҳозлар сотиб олиш учун 150,0 млн. сўм миқдорида кредит маблағи ажратди. Биз бу сармоядан унумли фойдаланиб, Шўрчи туманида замонавий меҳмонхона, унинг таркибида умумий овқатланиш шохобчаси, кинотеатр биносини қуриб битказдик. Ҳозирги кунда меҳмонхонамиз тўлиқ ишга туширилган. Натижада 15 та иш жойи яратилиб, уларга, асосан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилди.
Келгусида фаолиятимизни янада ривожлантириб, хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтирмоқчимиз. Бунинг учун, албатта, яна ишончли ҳамкоримиз бўлган “Қишлоқ қурилиш банк” ОАТБнинг Шўрчи филиалининг молиявий хизматларидан фойдаланамиз.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тижорат банкларининг ресурс базасини кенгайтириш ва янада мустаҳкамлаш имконини бераяпти. Бу, ўз навбатида, кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида иқтисодиётимиз юксалишига  мустаҳкам замин яратмоқда.

Эрали НОРБЕКОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Таннархи арзонлашди Инвестиция ва натижа »