Ўзбекистон банк тизими: Кафолатли ва ишончли ҳамкор
  • 25 Июнь 2014

Ўзбекистон банк тизими: Кафолатли ва ишончли ҳамкор

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида рўй бераётган янгиланишлар, унинг реал сектори ва барча тармоқларида қўлга киритилаётган ютуқларда молия муассасаларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Банклар томонидан кўрсатилаётган замонавий ва сифатли хизматлар, мижозлар учун имтиёзли шартларда ажратилаётган маблағлар жойларда истиқболли лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш, пировардида  минг-минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини бераётгани  бунинг тасдиғидир. Бошқача айтганда, юртимиз банк тизимида истиқлолнинг дастлабки йилларида белгилаб олинган “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили амалда ўз самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг “ўзбек модели” юксак натижалари эса банкларнинг капиталлашув даражаси изчил ортаётганида, тизимнинг ликвидлилик даражаси мустаҳкамланиб, кредит портфелининг асосий қисми ички манбалар ҳиссасига тўғри келаётганида, банк хизматларидан фойдаланаётганлар сони йил сайин кўпаяётганида яққол акс этаяпти. Қолаверса, айни пайтда республикамиздаги деярли барча тижорат банклари “Fitch ratings”, “Moodys” ва “Standard & Poors”  сингари етакчи халқаро рейтинг компанияларининг “Барқарор” рейтинг баҳосини олишга муваффақ бўлгани ҳар жиҳатдан қувонарлидир.
Айниқса, банкларнинг молиявий кўмагида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик  субъектлари мамлакатимиз тараққиётини белгиловчи етакчи куч сифатида намоён бўлаётгани қувонарлидир. Шу боис мазкур соҳа вакиллари молия муассасаларини ўзларининг  яқин ҳамкори, кўмакдоши ва мададкори, деб эътироф этмоқдалар. Буни юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар, хорижий компаниялар вакиллари билдирган қуйидаги  фикр-мулоҳазалар ҳам яққол исботлаб турибди.
Александр ДАНИЛОВ, “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги бош директори, Роман КОРНЕВ,    шу агентликнинг Биринчи таҳлилчиси:
Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий соҳаларда мутаносибликка эришиб, модернизация қилиш ва диверсификациялаш ҳисобидан юқори суръатларда ривожланиб бораётгани диққатга сазовордир.
Маълумки, жаҳонда рўй берган глобал иқтисодий инқирознинг айрим давлатлар банклари молиявий аҳволига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши, уларнинг ликвидлиги пасайиб кетишига олиб келди. Табиийки, бу жараёнда халқаро рейтинг компаниялари кўпгина йирик молия муассасаларига берилган юқори рейтинг баҳоларини қайтадан кўриб чиқиб, амалдаги кўрсаткичларни бир неча поғона туширишга мажбур бўлди.
Шу сабабли кўплаб ривожланган давлатлар ҳукуматлари мамлакат иқтисодиётини соғломлаштириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, кредитлар бўйича фоиз ставкаларини тушириш, банк тизими ликвидлигини таъминлаш мақсадида катта миқдорда маблағлар ажратиб, облигациялар шаклидаги давлатнинг қарз мажбуриятларини чиқаришга ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистон банк тизимига эса, мана, бир неча йилдирки, бизнинг компаниямиз “Барқарор” юқори рейтинг баҳосини бериб келмоқда. Албатта, бунга эришишнинг ўзи бўлмайди. Чунки компаниямиз банклар олдига қўйилган талаблардан келиб чиқиб, ҳар бир мезонга таянган ҳолда, унинг фаолиятини обдон ўрганади. Шунга кўра, компаниямизнинг рейтинг баҳоси хорижий инвесторлар, йирик банклар томонидан иқтисодий ҳамкорлик ўрнатишнинг асосий бўғини ҳисобланади. Негаки, ҳар бир инвестор учун молиявий жиҳатдан мустаҳкам бўлган банк тизими билан шундай ҳамкорлик қилиш муваффақиятга эришишнинг асосий омилидир. Шунинг учун, энг аввало, банк тизимининг кўрсаткичи иқтисодиёт ривожида муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш керакки, бугун Ўзбекистон банк тизими билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйган молия институтлари сони тобора ошиб бораётгани эса унинг нуфузи жаҳон миқёсида ортаётганидан далолатдир. Мисол учун, у Хитой тараққиёт банки, Корея экспорт-импорт банки, Хусусий секторни ривожлантириш Ислом банки, Германиянинг “Коммерцбанк”и ва “Ландесбанк”и, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ФМО Голландия фонди, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа молия институтлари билан яқин ҳамкорликда самарали фаолият юритмоқда.
Банк тизимининг бир маромда ишлаши, авваламбор, уни оқилона бошқаришга боғлиқ. Бу борада давлатингиз раҳбари бошчилигида Марказий банк томонидан ҳар бир банк истиқболи пухта ўйланган ҳолда, уни бошқариш концепцияси мустаҳкам ишлаб чиқилганлиги банк-молия тизими барқарорлиги сақлаб турилишига, банк тизимининг ресурс базаси кенгайишига, активларнинг сифат жиҳатдан яхшиланиб боришига, аҳолининг банклардаги депозитлари бут сақланишига катта имконият яратмоқда. Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан ошиб, белгиланган талабдан 2,2 баробар ортиқ бўлгани, кредит портфели жами маблағларининг 80 фоизига яқини ички манбалар улушига тўғри келаётгани, банкларнинг депозитлар ҳажми 2000 йилдагига нисбатан 112 баробар, охирги 6 йилда 6,7 марта кўпайганлиги, банкларнинг жами активлари миқдори эса 2013 йилда 30 фоизга ошган бўлса, сўнгги 13 йилда ушбу кўрсаткич 46 баробардан зиёдга, 6 йилда 4,7 баробар ортганлиги бунинг ёрқин далилидир.
Юртингиз банк тизими фаолиятини ўрганиш асносида шунга амин бўлдикки, масалан, бошқа давлатлар банк тизими кўрсаткичлари билан солиштирганимизда, Ўзбекистонда ўрта синф вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш даражаси анча юқоридир.
Айтайлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ажратилаётган кредитлар салмоғи йилдан-йилга кўпаяётгани ёки ўтган 10 йил мобайнида 22 баробар ўсганлигининг ўзи катта кўрсаткичдир. Бу эса банкларнинг ресурс манбаи йил сайин мустаҳкамланиб, ишбилармон тадбиркорларга катта йўл очилаётганини кўрсатади.
Мамлакатингиз банк тизимининг 2013 йилдаги фаолияти таҳлилидан  яна шу нарса аён бўлдики, банк кредит портфелини соғломлаштириш юзасидан барча зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ресурс базаларининг йилдан-йилга мустаҳкамланиб боришига таг-заминли асос яратилган. Банкларда ресурс тақчиллигига йўл қўйилмаган. Бу, албатта, давлатингиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси ўз вақтида банк тизими томонидан изчиллик билан, сифатли ва тўлиқ амалга оширилаётгани натижасидир.
Таҳлилчиларимиз томонидан банкларингиз фаолиятини ўрганиш давомида, шунингдек, ҳар томонлама баҳо бериш учун асосий эътибор барча йўналишларга қаратилди. Чунончи, юртингизда самарали фаолият кўрсатаётган хорижий  инвесторлар билан суҳбат ўтказилганда, банкларингиз кўрсатаётган хизмат турларидан мамнунлиги, энг муҳими, ўзлари учун қулай инвестициявий муҳит яратилганлигидан банкларингизга бўлган ишончи юқорилиги намоён бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, банкларингизда ишбилармон тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар эътиборга молик. Йил сайин кредит олиш механизмлари соддалаштириб борилаётгани эса, ўз навбатида, уларнинг фаолияти янада равнақ топишида қўл келмоқда.
Шу ўринда, албатта, кредит олишнинг ҳам ўзига хос тартиб-қоидаси борлигини эсдан чиқармаслик талаб этилади. Сабаби, тижорат банки ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотдир. У ҳам даромад олиши, ходимларига ойлик маош бериши, тегишли солиқ тўловларини тўлаши ва ниҳоят, мижозларнинг банкка ишониб топширган пул маблағларини бекаму кўст қайтариши лозим. Бунинг учун кредитлар қонунчиликда белгиланган тартибда таъминотсиз берилмаслиги, ажратилган кредитдан самарали фойдаланган ҳолда, ўз вақтида банкка қайтарилиши, ундан бошқа бир тадбиркор ҳам фойдаланишини ҳар бир кредит олувчи унутмаслиги мақсадга мувофиқ. Аксарият давлатларнинг банк тизимларига назар солсангиз, ушбу қоидалар унутилгани натижасида кредит портфелининг эллик фоизидан кўпроғи муаммоли кредитлар улушига тўғри келаётганлиги ачинарли ҳолдир. Натижада банкдан кредитлар олишда сифатсиз таъминотнинг қўйилиши ёки зарар билан ишлаётган корхоналарнинг кафиллиги асосида кредитлар ажратилганлиги катта йўқотишларга олиб келмоқда. Бинобарин, бундай ёндашув банкнинг банкрот бўлиши билан бирга, мамлакатнинг тўлов қобилияти пасайишига ҳам сабаб бўлади. Шу боис айрим рейтинг компаниялари томонидан аксарият мамлакатларнинг банк тизимларига қониқарсиз рейтинг баҳоси бериб келинаётганлиги ўша давлатларнинг иқтисодиёти ривожига салбий таъсир кўрсатаётир.
Кези келганда, яна шуни ҳам айтиш жоизки, юртингиз банк тизими раҳбарияти томонидан банклар фаолиятини бошқаришда қатъий бир тизим ўрнатилганлиги барча молия муассасаси муваффақиятли ишлаб, давлатингиз ривожида асосий ўринни эгаллашига туртки бермоқда.
Ишончимиз комилки, бугун мамлакатингизда ресурс базаси мустаҳкам бўлган, ишончли ва кафолатли банк тизимининг самарали ишлаётгани Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир. Компаниямиз томонидан Ўзбекистон банк тизимига берилган юқори рейтинг баҳо эса барча йўналишлар пухта ўрганилган ҳолда, ҳар томонлама муносиб кўрилган баҳо, деб тасдиқлаймиз.

Жин ЧЖОУ, “Янгизхоу Санхин Еквипментс”  компанияси бош директори  (Хитой Халқ Республикаси):

— Ўзбекистонда хорижий тадбиркорларнинг бизнес юритиши учун қулай ва истиқболли сармоявий муҳит яратилган. Бу, шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий алоқалар кўламини кенгайтириб, тобора мустаҳкамланишида муҳим омил бўлмоқда.
Юртингизда кўп маротаба бўлганман. Шу сабаб давлатингиз раҳбари Ислом Каримовнинг адолатли ва оқилона юритаётган сиёсати улуғ ўзбек халқининг бахтли ҳаёт кечириши, юрт тинчлигини сақлаши ва албатта, Ўзбекистон қисқа давр ичида халқаро ҳамжамиятда ғоят катта обрў-эътибор қозониб, жаҳондаги энг нуфузли ва истиқболли мамлакатлар қаторидан жой олишига имкон берганига тўлиқ ишонч ҳосил қилганман.
Айниқса, мамлакатингиз банк тизимининг кўп қиррали фаолияти менда катта таассурот қолдирганини алоҳида тилга олишни истардим. Хусусан, ёш йигит-қизнинг тадбиркорлиги учун кредитлар ажратилиши унинг хусусий корхона раҳбари сифатида шаклланишида катта аҳамият касб этади. Нега деганда, бу корхонада янги иш ўринлари ташкил этилади, босқичма-босқич иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшилади.
Банк тизимининг ёшлар келажагини ўйлаб амалга ошираётган кучли стратегияси менинг унга бўлган ишончимни янада оширди, десам, муболаға бўлмайди. Истагим шуки, Ўзбекистон банк тизимининг обрў-эътибори дунё банклари ичида ошиб бораверсин! 

Абдулҳамид АҲМАДЖОНОВ,  “Model poyabzal” МЧЖ раҳбари (Наманган вилояти):

— Коллежда ўқиб юрган кезларимда, республика Марказий банки томонидан мамлакатимиз ҳудудларида ёшлар иштирокида ўтказилаётган учрашувларда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар олиб, ўз бизнесларини ташкил этган ҳолда, катта муваффақиятларга эришаётганларни “ойнаи жаҳон”да кўриб, уларга чин дилдан ҳавас қилардим.
Ана шу ҳавас коллежни битирганимдан сўнг амалий мақсадга айланди: пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга қарор қилдим. “Интилганга толе ёр” деганлари рост экан. “Микрокредитбанк” ходимлари бизнес-лойиҳамни қўллаб-қувватлаб, менга 25 млн. сўм миқдорида кредит ажратиб бергач, унинг ҳисобидан замонавий технология ва хом ашё харид қилдим. Уйчи тумани ва Наманган шаҳрида 4 та пойабзал сотиш дўконини ишга туширдим. Ўтган 8 ой давомида эса банк кредитини қайтариб, яна 250 млн. сўмлик сармоя олиш орқали фаолиятимни кенгайтирдим. Бу ойлик айланма маблағимни 50 млн. сўмга етказиш имконини берди.
Қувонмай бўладими, кечаги коллеж битирувчиси бугун корхона раҳбари, яна 25 нафар ўртоғим ҳам мен билан бирга ишламоқда. Яқинда вилоятимизга ташриф буюрган хорижлик ишбилармонлар дўконимизга келиб, биз ишлаб чиқарган пойабзалларни кўргач, “Бу қайси давлатнинг маҳсулоти?” деб сўрашди. Қаранг, “Ўзим ишлаб чиқараяпман” десам, ишонишмади. Шундан сўнг меҳмонларни цехимизга бошладим. Мақтанишга йўйманг-у, улар ҳайрон бўлиб, юртимизда биз, ёшларга яратилган ана шундай имкониятларга тасаннолар айтишди. Бу эътирофдан, тўғриси, ғайрат-шижоатим жўш уриб, фаолиятимни янада кенгайтиришга аҳд қилдим.
Бугун банкларимизда иш тўғри йўлга қўйилганидан вилоятимиздаги бошқа тадбиркорлар ҳам мурод-мақсадларига етиб, иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шунинг учун ҳаммамизнинг уларга бўлган ишончимиз кучли. Бу эса мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида бор кучимизни аямаслигимизга даъват этади.

Воҳиджон ЁҚУБЖОНОВ,  “Чақмоқ плюс” фермер хўжалиги раҳбари (Жиззах вилояти):

— Халқимизни сут ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга астойдил бел боғлаб, “Агробанк”нинг Жиззах ҳудудий филиалига мурожаат этган эдик. Филиал ходимлари бизнес-лойиҳамизни кўриб чиққач, бизга зарур бўлган 75 млн. сўмлик кредитни ажратиб беришди. Натижада шу маблағ эвазига қорамоллар наслини яхшилаш, кўпайтириш ва қўшимча 10 та иш ўрни яратишга эришдик.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ аҳолиси банкларнинг амалий ёрдамлари туфайли оилавий корхоналар очиб, ҳам рўзғорини тебратмоқда, ҳам элга наф келтирмоқда. Айниқса, коллежларни битирган ёшлар банкларнинг имтиёзли кредитлари шарофатидан хусусий корхона раҳбари бўлиб, тенгдошларини ҳам иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлаётганлари кимни қувонтирмайди дейсиз? Илгари хориждан келтирилган кўпгина маҳсулотлар банкларнинг молиявий кўмаги билан ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани-чи?
Очиғини айтиш керак, оммавий ахборот воситалари орқали кўриб-билиб турибмиз: ҳали-ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида банкларнинг барқарор ва ишончли фаолият кўрсатиши осон иш эмас. Шунга қарамасдан, бугун юртимиздаги қайси бир банкка борсангиз, унинг биноси мижозлар билан гавжум эканлигига гувоҳ бўласиз. Муҳими, банкларимиз ресурс базаси етарли бўлгани учун, тадбиркор ва фермерлар ҳеч бир муаммосиз кредитлар олишмоқда. Пировардида биз, фермерлар ғалла ва пахта тайёрлаш бўйича шартнома режаларини ошириб бажариб, катта даромадни қўлга киритаяпмиз.

Лола АЛИЕВА,  “Lola darmon shifo” хусусий корхонаси раҳбари (Навоий вилояти):

— Корхонамиз уч йил муқаддам Зарафшон шаҳри ҳокимлиги томонидан  тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатга олинган. Йўналишимиз — аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш. Ходимларимиз ультратовуш ускуналари ёрдамида мижозларга ташхис қўйишади. Бундан ташқари, дори-дармонлар ҳамда бошқа тиббий маҳсулотлар савдоси билан шуғулланамиз.
Акциядорлик тижорат “Ипотека-банк”нинг Зарафшон филиалига қарашли Зарафшон минибанкида ҳисоб рақамимиз очилган. Унинг ишхонамиз яқинида жойлашгани биз учун ҳар томонлама қулай. Бу ерда малакали мутахассислар ишлашади. Кўрсатилаётган хизматлар эса бугунги кун талабларига мос. Айниқса, минибанкда кредит беришга алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида янги ускуналар сотиб олиш учун бизнес-режа тайёрлаб, банк ходимларига тақдим этган эдик. Улар лойиҳамизни маъқуллаб, уч йил муддатга 60 миллион сўм миқдорида кредит ажратишди. Ушбу маблағ ҳисобидан “Shison ivis” русумли замонавий 3D-ультратовуш ускунасини харид қилдик. Қўшимча икки нафар мутахассисни ишга олдик. Натижада УЗИ ва ЭКГ ускуналари ёрдамида сифатли тиббий ташхис қўйишга муваффақ бўлдик.
Бу йил ҳам мазкур банк билан самарали ҳамкорликни давом эттирмоқчимиз. Чунки Томди туманининг Даугизтоғ ва Мурунтоғ қишлоқлари аҳолиси ҳам хизматимиздан фойдалансин, деган ниятимиз бор. Шу билан бирга, “Ипотека-банк”нинг Зарафшон филиали раҳбарлари билан келишган ҳолда, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини бажариш учун тиббиёт ускунаси ўрнатилган “Дамас” машинасини сотиб олиш бўйича бизнес-режа тайёрлаяпмиз. Бу лойиҳамиз ҳам тезда рўёбга чиқишидан умидвормиз. Нега деганда, “Ипотека-банк” — ишончли ҳамкоримиз.

Фурқат ҲАСАНОВ, “Мир-Улуғбек-МХ” МЧЖ раҳбари (Жиззах вилояти):

— 2005 йили корхонамизда калиш ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Аммо хом ашё хориж мамлакатларидан келтирилиши, уни етказиб беришда узилишлар юз бериши туфайли фаолиятимиз тўхтаб қолди. Биномизни ижарага беришга мажбур бўлдик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўша пайтда бу боши берк кўчадан чиқишнинг иложи йўқдек туюлган эди.
Давлатимизга раҳмат. Жиззах вилоятининг хизмат кўрсатиш ва саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига жамоамиз ҳам киритилганлиги руҳимизни кўтариб юборди. 2012 йили “Ипотека-банк”нинг Жиззах вилояти филиалидан 60 ой муддатга 741,2 миллион сўм миқдорида кредит олиб, ушбу маблағ эвазига Хитойнинг “Huoeruos Import and Export Trade CO. LTD” компаниясидан пайпоқ ишлаб чиқарадиган технологик линия харид қилдик. Ўшандан буён ўз маҳсулотимиз билан ички бозорни тўлдириб келаяпмиз.
Бундан ташқари, банкнинг молиявий кўмагида корхонамизда қурилиш материаллари ва болалар кийими ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирдик. Мазкур лойиҳалар шарофати билан 50 та иш ўрни яратилди. Юқори технологик ускуналарни бошқараётган аёллар сони 37 нафарга етиб, касб-ҳунар коллежининг 20 нафар битирувчиси иш билан таъминланди.

Сарвархон РЎЗИМАТОВА, “Ягона ҳамкор нури” МЧЖ раҳбари (Андижон вилояти):

— Аёл зоти эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлса, бор имкониятини ишга солади, албатта. Севимли соҳасида тадбиркорликни йўлга қўйса борми, кўзлаган натижаларига эришмагунча тиниб-тинчимайди.
Мен, масалан, чевар бўлганим учун илгари маҳалламиз аёлларининг буюртмаларини бажариб юрардим. Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар эшиги очилгач, Қўрғонтепа туманида масъулияти чекланган жамиятни ташкил этдим. Ҳозирги кунда корхонамизда, асосан, эркаклар ва аёллар кийим-кечаклари ишлаб чиқарилмоқда. Уларга аҳоли орасида талаб юқори. Албатта, бунда доимий ҳамкоримиз — ОАТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг ҳиссаси катта.
Гап шундаки, 2012 йили трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришимиз учун банк томонидан  250 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Ушбу молиявий мадад бизга нафақат моддий таянч, балки руҳий далда ҳам бўлди. Бунинг учун ҳамкоримиз — ОАТБ “Қишлоқ қурилиш банк”дан миннатдормиз. Айниқса, иш билан таъминланган 40 нафар хотин-қиз, жумладан, коллежнинг 10 нафар битирувчисининг қувончи чексиз.
Келгусида болалар кийимлари ҳамда аёллар ва эркаклар учун турли хил пайпоқлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишни режалаштираяпмиз. Бу борада ҳам, табиийки, банк кўмагига таянамиз.

Раҳматилла ЮЛДАШЕВ, “Озодбек Сардорбек боғи”  фермер хўжалиги раҳбари (Уйчи тумани):

— Анча йиллардан буён боғ яратиб, юртимиз ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашга баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшишни ният қилиб келардим. Шу мақсадда боғбонлар тажрибасини ўргандим, паст бўйли, аммо серҳосил мевали дарахтларни томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдим. Бу технологиянинг тежамкорлиги шундаки, 10 гектарли боғни бир-икки киши бемалол эплайди. Компьютер эса ўсимлик учун керакли миқдорда сувни, у билан бирга озуқа ҳамда зараркунанда-касалликларга қарши препаратларни бараварига юборади.
Мана шу лойиҳамни “Агробанк”нинг Уйчи филиали жамоаси кўриб чиқиб, маъқуллашди ҳамда 50 миллион сўмлик кредит ажратишди. Шунинг ҳисобидан 10 минг туп олма ва олхўри кўчатларини келтирдик, 3 кишини ишга жалб қилдик.
Қарангки, дилдаги орзу ушалса, инсоннинг шижоати ҳам ошар экан. Бу бизни янги лойиҳалар устида ишлашга чорлаяпти. 

Жониқул ҚОБИЛОВ, “Севинч Кўҳинур файз” МЧЖ раҳбари  (Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани):

— Йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш азал-азалдан халқимизда савоб саналган. Шу сабабли мен ҳам бу ишга қўл урдим. Мақсадимнинг рўёби учун Халқ банки томонидан 242 миллион сўм миқдорида кредит ажратилганидан хурсандман. Боиси, ушбу маблағга 10 та автотранспорт воситаси сотиб олдим. Ҳозир улар автоуловлар нисбатан кам бўлган ҳудудларда йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Ишимиздан кўнглимиз тўқ, режаларимиз катта. Негаки, давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имконият ва шароитлар бизни янги марраларни забт этишга ундамоқда.
Хулоса шуки, юқорида қайд этилган мисоллар мамлакатимизда кафолатли ва ишончли банк тизими яратилиб, у тобора такомиллашиб бораётганининг ёрқин исботидир. Шундай экан, тадбиркор ва фермерларимизнинг тижорат банкларига ишончи ошиши муқаррар-да. Мустаҳкам ишонч эса тараққиётимизнинг яна бир муҳим омилидир.


Марказий банк материаллари асосида
Икром ЎТБОСАРОВ тайёрлади.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn