Илғор телекоммуникация лойиҳалари
  • 25 Июнь 2014

Илғор телекоммуникация лойиҳалари

тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга самарали жорий қилинмоқда

Юртимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит натижасида корхоналарда кўплаб янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилаяпти.

Бу  эса, ўз навбатида, нафақат ички бозоримизни турфа хил товарлар билан  бойитиш, балки Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилаяпти.

Маълумки, 2008 йил 2 декабрда Президентимизнинг “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат талаблари ижроси туфайли ўтган давр мобайнида илгари, асосан, чўлдан иборат ушбу ҳудудда ўндан ортиқ корхоналар барпо этилди. Шулардан бири “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, Сингапурнинг “Servetechno PTE. Ltd” ва Хитойнинг “ZTE Corporation” компаниялари сармоялари ҳисобига ташкил этилган “Telecom Innovations” қўшма корхонасидир. Бугунги кунда бу ерда замонавий DVB-T стандарти бўйича “FTA”, “SD” ва “HD” турдаги ҳамда DVB-T2, ADSL модем ва DSLAM телекоммуникацион технология ускуналари тайёрланмоқда. Қувонарлиси, улар ахборот-телекоммуникация соҳасидаги энг сўнгги ютуқ сифатида жаҳон бозорида юқори баҳоланмоқда. Шу билан бирга, жамоанинг интерактив хизматлардан фойдаланиш имконини берувчи IPTV (Set-Top-Box) ва “Home gate way” қурилмалари ҳам харидорларга манзур бўлаётир. 

Қўшма корхона директори Фирдавс Алиевнинг айтишича, ҳозирги рақобат кучайган даврда ишлаб чиқариш жараёнига инновацион лойиҳаларни жорий этмасдан туриб, кўнгилдаги натижага эришиш мушкул. Шу боис келгусида янги турдаги ахборот-коммуникация технология ускуналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Таъкидлаш керакки, корхонада меҳнат қилаётган 40 нафарга яқин ишчи-ходимларнинг кўпчилиги кейинги бир-икки йил ичида вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир. Серғайрат, билимдон ва фаол ана шу йигит-қизлар эса илғор ускуналарни бошқариб, иқтисодиётимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn