Олтиариқда узум пишди
Олтиариқда узум пишди Фото: "Халқ сўзи" газетаси.
  • 12 Март 2018

Олтиариқда узум пишди

Очиғи, сарлавҳани ўқиб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Дарахтлар эндигина гуллаётганда Олтиариқ туманининг “Чинортаги”, “Буғдойчи”, “Узумчи” маҳалла фуқаролари йиғинларидаги ҳар бир хонадонга кириб борсангиз, март ойининг илиқ кунларида токда шиғил узум турганининг гувоҳи бўласиз.

Ҳақиқатан ҳам ҳайрон қоларли ҳолат. Узум парваришлашнинг ҳадисини олган миришкорлар апрель ойигача табиий усулда узум сақлашнинг турли усулларини кашф қилганлар.

— Март ойида токда узум турганини кўргани, ҳатто, хорижлик сайёҳлар ҳам келишаяпти, — дейди “Чинортаги” маҳалласида яшовчи миришкор Абдулбосит Файзуллаев. — Ишонмасдан токка чиқиб ўз қўллари билан ушлаб кўрган чет элликлар ҳам бўлди. 14 сотихли томорқада 15 хилдан ортиқ узум навларини парваришлаймиз. Йил давомида бозорга 5 тоннадан ортиқ узум олиб чиқаяпмиз. Бу йил тажриба сифатида фақат токнинг ҳовлимиздаги қисмини табиий иссиқхона шаклига келтирдик. Кўриб турганингиздек, натижа ёмон эмас. Узум табиийлигича сақланиши баробарида мазасини ҳам йўқотмайди. 

Олтиариқ туманида  бир пайтнинг ўзида 31 минг тонна мева-сабзавотни сақлаш қувватига эга 40 ортиқ музлаткичлар мавжуд. Лекин узум мевасини табиий усулда сақлаш ортиқча энергия ва сарф-харажат талаб қилмайди. 

— Қиш ва баҳоргача ҳосилни нес-нобут қилмай етказишнинг уч туридан фойдаланамиз, — дейди Олтиариқ шаҳарчасидаги “Бобур” кўчасида истиқомат қилувчи Ҳусанжон Ғофуров. — Биринчиси қадимий услуб — узилган меваларни яшикда мўътадил ҳароратда қоронғу жойда сақлаймиз. Иккинчиси, узиб олинган  ҳар бир узум  новдасини шакарли сув қуйилган елим идишларга солиб қўямиз. Учинчиси, мева токдан узилмайди. Бунда узум новдасининг барглари тўкилиб бўлгач, қировли, совуқ кунлардан сақлаш мақсадида атрофи имкон қадар тўлиқ ўраб қўйилади. 

Олтиариқ туманидаги аҳоли ихтиёридаги мавжуд 3411 гектар майдоннинг асосий қисмида 80 дан ортиқ узум навлари парваришланади. 

Элёржон ЭҲСОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn