Экспортни кенгайтиришнинг муҳим шарти
Экспортни кенгайтиришнинг муҳим шарти Фото: Sputnik Узбекистан
  • 12 Март 2018

Экспортни кенгайтиришнинг муҳим шарти

Шу йилнинг 27 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ташқи савдо айланмасида экспортни кўпайтириш ҳамда импортнинг улушини камайтириш масалаларига бағишланди.

Рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни оширишга тўсиқ бўлаётган омиллар танқидий таҳлил қилинди ҳамда маҳаллийлаштириш дастурини ижро этишдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Хўш, бу борада мавжуд ресурс ва имкониятлардан нечоғли самарали фойдаланаяпмиз? Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, унинг рақобатдошлигини таъминлаш ҳамда мамлакатни модернизациялаш бўйича стратегияни амалга оширишга зарур бўлган валюта маблағларини жалб қилиш учун экспорт ва импорт ҳажмини оқилона мувозанатлаштира олаяпмизми?

Шубҳага ўрин йўқ

Йиғилишдан сўнг бир қатор оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда экспертлар ўз хавотирларини билдиришди. “Давлат раҳбарининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш ва импортни чеклаш тўғрисидаги сўзлари тараққиётнинг аввалги моделига қайтишдан далолат бермайдими?” деган саволларни ўртага ташлашди. Улар назарида, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш импорт ўрнини қоплаш сиёсатининг асосий воситаси ҳисобланади. Бу эса, экспертларнинг фикрича, экспортни кенгайтириш учун бартараф этиб бўлмайдиган тўсиқни яратади. Аслида бундай кескин талқин йиғилишда билдирилган фикрларнинг мутлақо тескариси эканлигини кўриш мумкин.

Келинг, рақобатдош саноатни яратиш бўйича миллий иқтисодий модели ўз самарасини берган Сингапур ҳамда Жанубий Корея сингари давлатларнинг бу борадаги тажрибаларини олиб қарайлик.

Сингапурда аввалига саноат сиёсатини юритишда протекционизм, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш унсурлари (импорт квоталари сони кўпайиши) билан бир қаторда, тўғридан-тўғри инвестицияларга нисбатан либерал, бошқача айтганда, бирмунча эркин тартиб-таомиллар қўлланилган. Эътиборлиси, мамлакатда протекционизм шароитида ҳам тўлақонли валюта конвертацияси амал қилган. Мамлакат иқтисодиётининг ҳатто экспортга йўналтирилган даврларида ҳам (1966 — 1977 йилларда) импорт ўрнини қоплаш сиёсати элементларини учратиш мумкин эди. Масалан, 72 та товар позицияси бўйича квоталар жорий этилган, импорт божи сони эса 389 тага етганди.

Жанубий Кореяда ҳам шундай давр бўлганки, маҳаллий саноатнинг ривожланиши импорт ўрнини қоплаш чора-тадбирлари билан узвий боғлиқ кечган. Хусусан, қайта ишлаш саноатини шакллантиришда ун, шакар ва пахтани қайта ишлашга алоҳида урғу берилган. Мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим ҳамда ўзаро боғлиқ тармоқларини жадал ривожлантириш учун ҳам протекционизм чоралари қўлланилган. Ушбу чоралар давлат иқтисодиёти тўлалигича экспортга йўналтирилган пайтларда ҳам сақлаб қолинган. Бу даврда мамлакат тўқимачилик, пойабзал, ёғочни қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатларини ривожлантириш орқали рақобатда бошқалар билан қиёслаганда устунликка эга бўлди.

Шарқий Осиё давлатларидаги саноат сиёсати шундан далолат берадики, импорт ўрнини қоплаш моделидан экспортни кенгайтириш сиёсатига бирданига ўтиб бўлмайди. Уларнинг ўзаро фарқини аниқ ажратиб кўрсатишнинг иложи йўқ. Бизнинг иқтисодиётимиз ҳам айнан шундай ўтиш босқичида турибди, десак, хато бўлмайди. Ҳозирги кунда протекционизм чораларисиз, импорт ўрнини қоплаш ҳамда импорт қилинувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш сиёсатисиз юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотлари негизида экспортга йўналтирилган иқтисодий моделга ўтиш қарийб имконсиз вазифа саналади. Ривожланаётган мамлакат эркин савдо шароитларида тайёр саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қиёсий рақобат устунлигига эришмаса, бошқа тараққий топган давлатлар учун хом ашё манбаига айланиш ҳамда “голланд хасталиги”га (битта товар экспортининг кўпайиши таъсирида миллий валюта курсининг ошишига ва маҳсулотнинг импортга нисбатан рақобатдошлиги тушишига) чалиниш хавфига дуч келади.

Маҳаллийлаштириш — амалий восита

АҚШнинг Гарвард университети профессори М. Портер 1990 йилда иқтисодий назария ишлаб чиқади. Бу назарияни Жанубий Корея биринчилардан бўлиб амалиётга жорий этади. Унга кўра, мамлакатнинг рақобатдошлиги миллий саноатнинг доимий равишда ривожланиш ҳамда инновацияларни ишлаб чиқаришга қодирлиги билан белгиланади. Унинг негизида тўртта муҳим жиҳат, яъни меҳнат, табиий ресурслар, инфратузилма, билим, капитал сингари омилларга эга шароитлар, ички ҳамда ташқи талаб, ўзаро алоқадор (технологик жиҳатдан бири-бирини тўлдирадиган) ва кўмакдош тармоқлар (таркибий буюмлар, яримтайёр маҳсулотлар ҳамда бошқаларни етказиб бериш) ривожланганлиги ва ички бозордаги рақобат (бу омил истиқболда фирмага ташқи бозорда рақобатда устунлик беради) ётади.

Мавзу нуқтаи назаридан ушбу назариянинг охирги икки омили ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтиш жоиз. Жанубий Кореяда кластерларнинг шаклланишида бир-бирини технологик тўлдирадиган, алоқадор ишлаб чиқаришдаги ривожланиш омили аксарият ҳолларда импорт қилинадиган таркибий буюмларни ҳамда яримтайёр маҳсулотларни маҳаллийлаштириш йўли билан таъминланган. Бу саноатни модернизациялашнинг амалий воситаси сифатида ҳам қўлланилган. Хитойнинг эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича тажрибаси ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бундай зоналарда инвесторлар учун қатъий талаблар белгиланган, янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича маҳаллийлаштиришнинг энг кам чегараси ўрнатилган.

Шу ўринда маҳаллийлаштириш саноат сиёсатининг воситаси сифатида фақатгина ривожланаётган мамлакатларда, фақат импорт ўрнини қоплаш мақсадидагина фойдаланилмаётганини айтиш керак. Мисол учун, 2008-2009 йиллардаги глобал инқироз даврида дунёда юздан ортиқ йирик маҳаллийлаштириш дастурлари амалга оширилган. Улардан 14 таси АҚШда, 5 таси Канадада рўёбга чиқарилган.

АҚШда ишсизликни камайтириш мақсади маҳаллийлаштириш чораларини қўллашга ундади. Масалан, АҚШ конгресси томонидан “Америка маҳсулотларини харид қил” тамойилини амалга ошириш ҳамда “American Recovery and Reinvestment Act” дастури ижроси доирасида маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш механизми сифатида давлат харидлари учун 787 миллиард доллар ажратилди. Бундан ташқари, янги тармоқларни ривожлантириш зарурати, юқори технологик ишлаб чиқаришни, ахборот технологияларини, қайта тикланадиган энергия манбаларини йўлга қўйиш бўйича белгилаб олинган вазифалар ҳам маҳаллийлаштириш сиёсати учун катта йўл очди.

Демак, маҳаллийлаштириш шунчаки импорт ўрнини қоплаш сиёсати эмас. Бу иш ўринларини яратиш, чет эл инвестициялари ҳамда технологияларини жалб қилиш ва қўшилган қиймат глобал занжири (тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг замонавий тақсимоти)га киришни таъминлайдиган самарали механизм ҳамдир. Президент томонидан маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ҳамда амалга ошириш жараёни танқидий баҳолангани ҳам айнан юқори қўшилган қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар экспорти учун ишончли асос яратиш зарурати билан боғлиқдир.

Ички бозордаги рақобат ҳақида гап кетганда, шуни қайд этиш керакки, у кўп жиҳатдан саноатдаги таркибий муаммолар билан боғлиқ бўлиб, ташқи бозордаги рақобатга бардош бера олмайди. Шунинг учун ҳам Ҳаракатлар стратегиясида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатдошлигини ошириш учун замонавий технологияларни импорт қилишга алоҳида урғу берилган. Чунки буларсиз рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ. Қўшилган қиймат глобал занжирига (ёки технологик занжир) кириш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш ҳам ана шундай воситалардан бири ҳисобланади. Сўнгги бир ярим йил мобайнида янги технологияларни жорий қилиш, жумладан, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказиш, таълим тизимини ривожлантириш ҳамда кластерлар шаклида янги саноат комплексларини яратиш бўйича амалга оширилган сиёсат айнан ушбу мақсадга қаратилган.

Оқилона протекционизм

Ўзбекистонда хом ашё товарларини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот экспортини кенгайтиришга эътибор тобора кучайтирилмоқда. БМТ томонидан қўлланиладиган Бош имтиёзлар тизимидан фарқ қиладиган миллий тариф имтиёзлари тизими жорий этилган. Мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатлари йўлида аксарият импорт қилинадиган тайёр маҳсулотларга нисбатан юқори бож тўловлари ўрнатилган. Бу амалдаги савдо режими ҳимоя хусусиятига эга эканлигидан далолат беради. Бундай механизм дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан қўлланилади. Масалан, АҚШда саноат товарлари бозорини ҳимоя қилиш мақсадида махсус тарифларни ўрнатиш амалиёти мавжуд.

Аммо шуни қайд этиш керакки, миллий иқтисодиётимизда бугунги кунда барча турдаги импорт қилинадиган товар позициялари бўйича бож тўловлари белгиланган эди (бож тўлови, ҚҚС ва акциз). Бунда 30 фоиздан ошмайдиган товар позициялари бўйича маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариларди. Бундай ҳаддан зиёд ҳимоя чоралари савдо тартиб-таомиллари мувозанатини бузади ҳамда нарх омиллари нафақат ички бозорда, балки экспорт товарлари қийматининг ҳам ошишига олиб келади. Шунинг учун маҳаллий экспорт қилувчилар рақобатдошлигини кучайтириш зарурати нуқтаи назаридан ҳам барча турдаги товарлар позицияси бўйича бож тўловларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ саналади. Биз рақобатда қиёсий устунликка эга бўлган экспорт позициялари бўйича муайян муддатга импорт чекловларини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ. Аммо импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун чекловларнинг ҳаддан ташқари кўпайиши вақт ўтиши билан тескари натижа бериши мумкинлигини ҳам унутмаслик лозим. Яъни экспорт қилувчилар ташқи бозордан ички бозорга ўз маҳсулотларини йўналтиришдан манфаатдор бўлади ва шу йўл билан экспорт ҳажмининг камайишига олиб келади.

Шулардан келиб чиқиб, қолаверса, Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар қоидаларига мувофиқ, аксарият ривожланаётган мамлакатлар сўнгги йигирма йил давомида импорт тарифларини камайтириш чораларини амалга ошириб келишди. Ривожланаётган давлатлар иқтисодий сиёсатида экспортни рағбатлантиришнинг муқобил усуллари янада кўпроқ қўлланилмоқда. Мисол учун, инфратузилмани яхшилаш, телекоммуникацияни ривожлантириш, давлат, молия ва транспорт хизматлари сифатини ошириш пировардида экспорт қилинадиган товарларнинг ички транзакцион сарфини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Экспертлар фикрича, бундай харажатлар маҳсулот таннархининг 30 фоизигача етади. Ушбу омил мамлакатимиз экспорт қилувчилари рақобатдошлигини ошириш учун ишга солинмаган муҳим захира ҳисобланади.

Бундан ташқари, юртимизнинг истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилишини инобатга оладиган бўлсак, ЖСТ аъзолари ўз миллий ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш ҳамда экспортни рағбатлантириш учун фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган саноат сиёсати механизмларини кўриб чиқиш талаб этилади.

Халқаро амалиётда ишлаб чиқаришни субсидиялаш, солиқ ва молиявий имтиёзлар бериш, давлат кафолати билан кредитлар ажратиш сингари молиявий воситалар кенг тарқалган. Улардан самарали фойдаланиш миллий экспортёрларнинг юқори даражада рақобатдошлигини оширишга хизмат қилади. Моҳиятан юқорида саналган механизмлар ҳам ҳимоя чоралари ҳисобланади. Улар Тариф ва савдо бўйича бош битим классификациясида нотариф протекционизм воситалари қаторига киритилган. Улар қарийб ҳар жабҳада қўлланилади.

Шу билан бирга, миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш учун маҳаллий экспорт қилувчиларнинг ички рақобатини ривожлантириш лозим. ЖСТга аъзо-давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, рақобатга масъул институтлар ролини кучайтириш нуқтаи назаридан амалдаги “Рақобат тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Қонуннинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга оид қисмлари, айниқса, атрофлича кўриб чиқилиши лозим. Қонунда барча мақсад ва тамойиллар аниқ-равшан баён этилиши керак, рақобат муҳитини яратиш воситалари эса транспарент, очиқ-ошкора бўлмоғи ҳамда улар тўғридан-тўғри амал қилмоғи лозим.

XXI асрни рақобат бошқаради

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган иқтисодий ислоҳотлар кўп қиррали бўлиб, XXI асрнинг муваффақиятли ривожланаётган мамлакати учун самарали саноат сиёсатини олиб боришга қаратилгандир. Маҳаллийлаштириш дастурлари миллий экспортнинг рақобатдошлигини таъминлашга доир чоралар билан уйғун равишда амалга оширилиши керак. Бунда экспорт фаолиятини йўлга қўйиш, уни назорат ҳамда мониторинг қилишнинг янги тизими жорий этилиши ва ишлаб чиқилаётган “йўл хариталари” саноат равнақи ҳамда мамлакат рақобатдошлигини кучайтиришга хизмат қилади. Ҳукумат томонидан белгиланадиган тартибга солувчи қоидалар эса импорт ўрнини қоплаш сиёсатини экспортни кенгайтиришга йўналтириш имконини беради.

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Иқтисодий тадқиқотлар маркази директори,

иқтисод фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn