Ўзбекистон Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини оширмоқда
  • 10 Март 2018

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг транспорт-транзит салоҳиятини оширмоқда

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири мамлакатимиз ва Марказий Осиё транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш саналади.

Бинобарин, Президентимизнинг парламентимизга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини жаҳондаги ҳамда минтақадаги асосий бозорларга олиб чиқадиган ишончли транспорт ва транзит йўлакларини изчил шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Президентимиз қарори билан 2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш бўйича комплекс дастур қабул қилинди. Мазкур дастурда Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой халқаро транспорт йўлаклари, шунингдек, Эрон (Бандар-Аббос, Чабаҳар) ва Покистон (Гвадар, Карачи) денгиз портларига чиқиш учун трансафғон транспорт йўлагини қуриш бўйича эришилган келишувларни жадаллик билан ҳаётга татбиқ қилишга алоҳида аҳамият берилган. Қайд этиш керакки, 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг учрашуви якунлари бўйича Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт-коммуникация йўлагининг муҳим участкасини амалга оширишга киришилди: Амударё орқали Туркманобод — Фароб темир йўли ҳамда автомобиль йўли кўприклари очилди. Натижада юк ташиш ҳажми 2,5 баравар кўпайди. Ўзбекистон — Туркманистон — Каспий денгизи — Бокуга чиқиш орқали Жанубий Кавказ — Тбилиси — Карс йўналиши бўйича тўғридан-тўғри транспорт-коммуникация магистралини яратиш ғоясини амалга ошириш ҳамда Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиз бўйидаги портларига чиқиш имконияти очилмоқда.

Бундан ташқари, 20 йиллик музокаралардан сўнг Хитой ва Марказий Осиёни Қирғизистон орқали боғлайдиган темир йўл қурилишида ҳам жиддий силжиш юз берди. Мисол учун, 2017 йилнинг 25 — 27 декабрь кунлари ХХР, Қирғизистон ва Ўзбекистон делегацияларининг Тошкентда бўлиб ўтган уч томонлама учрашувида Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой лойиҳасини жадал рўёбга чиқаришга қаратилган амалий қарор қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2018 йилнинг охирига қадар йўналишни аниқ белгилаш, техник-иқтисодий асослантиришни ишлаб чиқиш ҳамда уни молиялаштириш масалаларини ҳал қилиш кутилаяпти.

Ушбу йўлак Хитойдан юкларни энг қисқа масофа бўйлаб Марказий Осиё орқали Жанубий Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига, Транскавказ йўлаги орқали Европага етказиб бериш имкониятини яратади.

Лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, юкларни етказиб бериш муддати 7-8 сутка, Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Жанубий Европа мамлакатларигача бўлган масофа эса 900 километр қисқаради.

Шу ўринда Афғонистон Президенти Ашраф Fанининг 2017 йил декабрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида имзоланган Мозори Шариф — Ҳирот темир йўлини қуриш тўғрисидаги битимни алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу йўлак илгари Ўзбекистон томонидан қурилган биринчи транспорт йўлаги — Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўлининг давоми ҳисобланади. 2014 йилда АҚШ Молия вазирлиги Осиё тараққиёт банкини Афғонистон Ислом Республикаси иқтисодиётини тиклаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган мазкур тарихий лойиҳани амалга оширишни молиялаштиришга кўмаклашгани учун тақдирлади. Бугунги кунда ушбу магистрал орқали Афғонистон импортининг қарийб ярми олиб кирилмоқда. Улар орасида инсонпарварлик юкларининг ҳажми катта ўрин тутади.

Мазкур темир йўлнинг ётқизилиши ва унинг самарали фаолият олиб боришига эришиш Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Афғонистоннинг халқаро транспорт ва савдо тизимларига муваффақиятли интеграциясига хизмат қилади.

Биринчидан, у Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ҳақиқий ҳисса қўшишга замин яратади. Масалан, Осиё тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли фойдаланишга топширилиши натижасида 1,2 минг нафарга яқин кишилар ишга жойлаштирилди. Темир йўл бўйлаб афғонларнинг бандлиги ўсиш суръатлари йилига 10-11 фоизни ташкил этди ва натижада 2008 йилги кўрсаткичга нисбатан икки баравар ошди.

Бундан ташқари, Кобул товар айирбошлаш ҳажми ва юклар транзитини кўпайтиришдан қўшимча даромад манбаларига эга бўлиш ҳисобига ташқи донорлик ёрдамига қарамликдек ўткир муаммони камайтириш имкониятига эга бўлади. Бугунги кунда бундай ёрдам мамлакат ЯИМнинг қарийб 90 фоизини ташкил қилади.

Экспертлик баҳоларига қараганда, Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли лойиҳасини амалга ошириш натижасида Эроннинг Чабаҳар портига тўғридан-тўғри қатновнинг очилиши Афғонистон ташқи савдо айланмасини 50 фоиз кўпайтириш имконини беради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, темир йўл линияси қурилиши якунланганидан сўнг биринчи йилда юклар транзити ҳажми тахминан 5,3 миллион тонна, истиқболда эса йилига 15 миллион тоннага етиши мумкин.

Иккинчидан, кўзда тутилган лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши афғон тинчлик жараёнига жалб қилинган мамлакатлар ўртасида минтақавий консенсусга эришишда янги босқич бўлади ҳамда уларнинг ўзаро рақобати учун эмас, балки ҳамкорлиги учун холис шароит яратади. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилишидан Афғонистоннинг қарийб барча қўшнилари, авваламбор, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон иқтисодий наф кўради.

Эроннинг Чабаҳар ҳамда Бандар-Аббос портларига олиб чиқадиган Мозори Шариф — Ҳирот транспорт йўлагининг яратилиши Ҳиндистонга Афғонистон, Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бозорларига энг қисқа йўллар билан чиқиш имконини беради. Бугун тўғридан-тўғри транспорт йўлларининг йўқлиги боис Ҳиндистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мавжуд салоҳиятдан жуда паст бўлиб қолмоқда, яъни 1,1 фоизни ҳам ташкил қилмайди.

Ҳиндистон Чабаҳар порт инфратузилмасини ривожлантиришга 500 миллион доллар инвестиция киритди. Чабаҳар — Заҳедан — Заранж Жанубий савдо йўлагини ривожлантириш доирасида Эрон — Афғонистон темир йўли қурилишида иштирок этмоқда. Бу истиқболда Афғонистоннинг Ҳирот, Қандаҳор, Кобул ва Мозори Шариф сингари йирик шаҳарларини бирлаштирадиган ҳалқа йўлига чиқиш имконини беради.

Ушбу йўлнинг ишга туширилиши Эроннинг порт инфратузилмалари транзит салоҳиятидан фаол фойдаланиш имконини беради ҳамда Теҳроннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик муносабатларига янги руҳ бағишлайди. Бинобарин, Теҳрон Афғонистон ҳудуди орқали ўтадиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишда фаол қатнашмоқда. 2017 йилнинг сентябрь ойида Эрон — Афғонистон темир йўлининг мазкур мамлакатдан ўтадиган участкаси — Хаф шаҳридан Афғонистон билан чегарадош Шамти шаҳригача бўлган қисми қуриб битказилди. Яқин вақт ичида Эроннинг Хаф шаҳридан Ҳиротгача темир йўл ётқизишни якунлаш режалаштирилаяпти.

Мозори Шариф — Ҳирот линияси, бундан ташқари, Марказий Осиё — Покистон йўналишида ҳам юкларни ташишга шароит туғдиради. Бунда Эрон ва Покистоннинг Заҳедан — Кветта — Карачи темир йўл тармоқларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Ҳозирги вақтда Покистон томони Пешавор — Жалолобод темир йўли қурилишини фаол илгари сураяпти. Бу келажакда Афғонистоннинг яхлит темир йўл тизими билан боғланиб, Покистоннинг Карачи портига тўғридан-тўғри йўл очади. Покистон Темир йўллар вазирлиги маълумотларига кўра, Жаҳон банки ушбу лойиҳанинг техник параметрларига қизиқиш билдирган.

Учинчидан, Ўзбекистон — Афғонистон транзит-инфратузилма салоҳиятидан фойдаланиш истиқболлари Марказий Осиё давлатларига Ҳинд океани савдо йўлларига чиқиш имконини яратади. Минтақа, ўз жуғрофий жойлашувига кўра, Евроосиё қитъасида қарийб барча — Жануб — Шимол, Шарқ — ўарб йўналишларида муҳим қуруқлик магистралига айланиш учун юқори даражада транспорт-транзит салоҳиятига эга.

Трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари барпо этилиши минтақадаги бошқа муҳим лойиҳалар, жумладан, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой халқаро транспорт йўлаклари билан уйғун бўлиб, энг қисқа масофали қитъалараро транспорт йўлакларини ривожлантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Масалан, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон — Афғонистон — Эрон ўртасидаги муқобил қуруқлик йўлагининг узунлиги 3,5 минг километр бўлиб, Хитойдан Эронгача бўлган мавжуд денгиз йўлидан (13,8 минг километр) тўрт баравар қисқадир. Ўз навбатида, Мозори Шариф — Ҳирот темир йўли қурилиши Афғонистондан Хитойга Андижон орқали 3 кун ичида бориш имконини беради.

Шуни қайд этиш керакки, мазкур магистраль икки йўналишдаги, яъни МДҲ ва Болтиқ мамлакатлари — Ўзбекистон — Афғонистон — Эрон портлари — Форс кўрфази ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳамда Форс кўрфази мамлакатлари — Афғонистон — Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой — Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари йўналишидаги янги темир йўл йўлакларининг муҳим қисми саналади.

Ўзбекистоннинг юқори даражадаги транспорт-транзит салоҳияти шароитида юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг иқтисодий устуворлиги янада аёнлашади. Шубҳасиз, темир йўллар қурилишининг техник параметрларини, хавфсизликни таъминлаш ҳамда уларни молиялаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш масалаларини келишиш нуқтаи назаридан катта ҳажмдаги ишларни бажариш керак бўлади.

Янги темир йўл транспорти инфратузилмаларини шакллантириш бўйича дастлабки келишувларга эришилганини Марказий Осиё минтақасининг транзит позицияси кучайиши ва Марказий Осиё ҳамда Афғонистоннинг дунё иқтисодиётига интеграция бўлиши, минтақа мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти ҳамда фаровонлигини оширишда навбатдаги долзарб қадам сифатида кўриш лозим. Бунда мазкур ташаббусларнинг амалий рўёбга чиқарилиши Марказий Осиёни нафақат халқаро транзит бўғинига, балки Жанубий Осиё, Осиё — Тинч океани ҳавзаси минтақаси, МДҲ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги трансконтинентал иқтисодий маконнинг муҳим бўғинига айланишига ҳам замин яратади.

Буларнинг барчаси пировардида Ўзбекистоннинг барча йирик ташқи иқтисодий шериклари билан муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ҳамда ривожланган давлатлар, Ҳиндистон, Эрон, Покистон сингари жадал суръатлар билан равнақ топаётган мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради.

Зилола КАРИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 

Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази бўлими раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn