Орзуларга қанот бағишлаётган йўллар
Орзуларга қанот бағишлаётган йўллар Ҳасан ПАЙДОЕВ "Халқ сўзи" олган суратлар.
  • 09 Март 2018

Орзуларга қанот бағишлаётган йўллар

9 март. Термиз туманидаги Амузанг темир йўл бекати. Станцияда икки давлат байроқлари хилпираб турибди. Темир йўл соҳаси мутасаддилари, ҳокимлик, жамоатчилик вакиллари, журналистлар жам бўлишган.

Ёшу қари, ўзбегу тожик, азалий қондош халқ вакиллари. Юз-кўзларда ҳаяжон, шоду хуррамлик ифодаси. Бу ердан қўшни Тожикистон Республикасига поездлар қатнови йўлга қўйилиши арафасида.

Айни пайтга қадар Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл тизимини боғловчи йўл Бекобод ва Қудуқли станцияси орқали амалга оширилаётган эди. Эндиликда қўшни давлат билан Амузанг станцияси орқали ҳам боғланиш имконияти яратилаяпти.

Бунёд этилган янги темир йўл икки давлат манфаати учун хизмат қилади, албатта. У Тожикистон Республикаси транзит юкларини ўтказишда энг муҳим йўлак саналади. Боиси, бу ердан Туркманистон ва Афғонистон давлатларига чиқиш имконияти янада кенгаяди. Шунингдек, йўловчи ташиш борасида ҳам янги йўналишларни жорий этишда бир қатор қулайликлар яратилади. 

Мазкур темир йўл икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш, экспорт- импорт хизматларини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги ўзаро қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Бохтар — Термиз йўналишида поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши муносабати билан ўтказилган маросим Ўзбекистоннинг Амузанг, Тожикистоннинг Хошади станцияларида махсус телекўприк орқали тўғридан-тўғри экранлар орқали намойиш этиб турилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бош менежери-бош муҳандиси Х. Хосилов ҳамда “Тожикистон темир йўллари” давлат  унитар корхонаси бошлиғи биринчи ўринбосари Б. Шодиев Президентларга поездлар ҳаракатга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан рамзий тугма босилди. Илк юк поездлар қўшни давлатлар сари йўл олди.

...Йўл расман фойдаланишга топширилди. Энди бу йўллардан икки давлат равнақига хизмат қилувчи юклар ўз манзилига етказиб қўйилади. Йўловчилар борди-келдиси кўпаяди.

Амузангда Тожикистондан чиққан поезд кутиб олинди. Карнай-сурнай садолари янгради. У қардош халқларни ҳамкорликка, дўстликка, ҳамжиҳатликка чорлаётгандек гўё. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.                                                       

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn