Ўзбекистон — Жанубий Корея: ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
  • 09 Март 2018

Ўзбекистон — Жанубий Корея: ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

 

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес форуми ва кооперация биржаси ўтказилди. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси фахрий консули, “Evergreen Motor Group” компанияси раиси Ким Чанг Кён бошчилигидаги Корея Республикаси ишбилармон доира вакиллари -делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳамда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У таъкидлаганидек, икки томонлама алоқалар ҳар жиҳатдан мустаҳкамланиб бормоқда. Шу пайтгача фойдаланилмаган имкониятлар самарадорлиги ошаяпти. Бунда икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти, олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим асос бўлаётир. Мазкур тадбирлар бу борадаги ҳамкорликни янада -кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга алоҳида туртки беради.

Форумда Жанубий Кореянинг озиқ-овқат, тўқимачилик, машинасозлик, кимё, қишлоқ хўжалиги, энергетика саноати, тиббиёт, туризм ва ахборот технологиялари каби со-ҳаларидаги компанияларининг 150 дан зиёд, шунингдек, республикамиздаги 200 га яқин компаниялар ҳамда саноат корхоналари вакиллари қатнашди. Тадбир давомида ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Жанубий Корея компаниялари нефть-газ, нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, ахборот-коммуникация, транспорт, логистика, туризм, қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиётнинг муҳим йўналишларига ихтисослаштирилган бўлиб, ҳамкорликда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Мамлакатимиздан Корея Республикасига транспорт, қурилиш, сайёҳлик йўналишларида хизмат кўрсатилиб, қурилиш материаллари, тола сингари маҳсулотлар экспорт қилинса, корейслар бизга автотранспорт воситалари эҳтиёт қисмлари, электроника ускуналари, пластмасса буюмлари ва бошқа товарларни таклиф этмоқда.

Анжуман асносида иштирокчилар кооперация алоқаларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашиш баробарида, пойтахтимиздаги бир қатор саноат корхоналарида ҳам бўлдилар. Шунингдек, меҳмонлар Тошкент вилоятидаги “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишишлари кўзда тутилган.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn