Санитария тизими ва технологияларини яхшилашда Швейцария тажрибаси 
  • 07 Март 2018

Санитария тизими ва технологияларини яхшилашда Швейцария тажрибаси 

Пойтахтимизда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, “Eawag” илмий-текшириш маркази ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан “Кичик санитария тизимлари учун санитар ва техник ечим масалалари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Инновацион ривожланиш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вилоят ҳокимликлари ва бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Маълумки, аҳоли саломатлигини сақлаш, турмуш фаровонлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири — мамлакатда санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилашдир. Юртимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш режалаштирилаётган бугунги кунда мазкур масала янада кўпроқ аҳамиятга эга. Бироқ бу борада ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Семинар давомида ушбу масалалар хорижлик мутахассислар билан бирга ўрганилди.

Тренинг дастуридан Швейцариядаги “Eawag” илмий-текшириш маркази мутахассислари томонидан тайёрланган “Санитария тизими ва технологиялари ҳақида маълумотнома” номли тўплам тақдимоти ҳам ўрин эгаллади. Мазкур қўлланма дастлаб 2008 йилда чоп этилиб, кўплаб давлатларда шуҳрат қозонган. Унда келтирилган методлар бир неча мамлакатларда қўлланилиб, ўзининг ижобий самарасини бера бошлаган. Энди у ўзбек мутахассислари ўрганиши учун қайта нашр этилиб, фойдаланишга топширилди.

— Санитария масаласи барча мамлакатлар сингари Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим, — дейди Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Оливье Шав. — Бу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик изчил ривожлантирилаяпти. “Санитария тизими ва технологиялари ҳақида маълумотнома”да айни дамда ҳал этилиши кутилаётган муаммоларнинг 57 турдаги самарали ечимлари тақдим этилган. Уларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудида жорий этиш орқали кутилган натижаларга эришиш мумкин.

Анжуман якунида 2030 йилгача марказлашган канализация тизимини реконструкция қилиш режалаштирилгани таъкидланди. Тақдимоти ўтказилган тўпламнинг электрон нусхаси интернет тармоғига жойланиб, ундаги методларни аҳоли қўллаши мумкинлиги борасида таклифлар билдирилди. 

Дилшодабону АВВАЛБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn